Home / МАҚОЛАЛАР / Ёшларнинг илмга муҳаббати

Ёшларнинг илмга муҳаббати

Илм нури ила бутун борлиқларни яратган Аллоҳга ҳамд-у сано. Илмни ёшликнинг чироғи ва умрнинг маёғи, охиратда эса саодатли ҳисоб ва Аллоҳ севган мақомни насиб эттиришини Ўз суннатларида баён этиб, илм олишга ёшликдан интилмоқни тавсия этган, уммати ғамида ўтган Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга саломлар.

Илмга ташналик набавий кўрсатмадир. Юртимиз қадимдан буюк алломалар юртидир. Бугунга келиб яна шу буюкликка интилган ҳолда ёш авлоднинг илм-у маърифатига эътибор кучайди. Буни шахсан Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ўзлари назорат қилиб, таълим масканлари ва у ердаги тарбиянинг нечоғлик сифат ва мукаммаллигига эътибор берилишидан ҳам билса бўлади.

Илм ёшликнинг зийнатидир. Ёш ўсиб келаётган авлоднинг илм-у маърифатга аҳамият бериши эса миллат келажагининг буюк эканлиги белгисидир. Илм маърифатни эгаллаш учун ёшликдан интилмоқ зарур. Бу билан бирга эса яна бир неча омиллар борки боланинг илми мукаммал бўлишини таъминлайди.

1. Аввало илми олувчининг илмга ва китобга муҳаббати.

Бу жуда муҳим омил ва айни пайтда эса асосий омил ҳамдир. Бу муҳаббатни бола ўз уйидан ота-онасидан ва сўнгра мактабдаги устозларига ҳавас қилиб қалбида пайдо қилади. Энг асосийси Аллоҳ боланинг қалбига илмга муҳаббатни солиб қўйган бўлади-ю, баъзан ота-оналар сабаб бу қалбдаги орзулигича қолаверади. Ёшликда олинган илмнинг фойдаси ҳақида эса бир неча пир маъно ҳикматлар борки, уларнинг ичида “Ёшликда олинган илм тошга ўйилган нақшдир” деб айтилгани ҳаммасини қамраб олади.

2. Ота-онанинг ҳиммати, уларнинг болага берадиган рағбати ва эътибори.

Олимларнинг оталари доим ҳам олим бўлавермайди. Уларнинг ота-онасидаги ихлос ва илмга муҳаббат, онасининг меҳри ва отасининг ҳиммати уларни олим қилади. Чунки оналарнинг ибодат ва мустаҳкам иймон ила фарзандини парвариш қилиши, отанинг ҳалол касб қилиб оиласини таъминлаши оқибатида фарзандлар олим ва илм аҳли бўлади. Ота-она фарзанди илмий бирор поғонани босиб ўтиб натижага эришганида албатта рағбатлантириб турмоғи зарур. Бу рағбат моддий бўлишидан кўра, маънавий бўлмоғи ёшгина толиби илмга жуда муҳим ҳисобланади.

3. Илм олувчининг одоби, илмга ва уламоларга ҳурмати.

Бу ҳам илмнинг юқиши ва ўқувчининг қалбига илмнинг ўрнашиб, амалларига кўчишига сабаб бўлувчи асосий омиллардандир. Чунки илмга ҳурмат толиби илмнинг илм дунёсидаги насибасини давомли ва икки дунёда ажрли қилади. Олимларимиздан келган ҳикматли сўзлардан бирида айтилишича: “Ким олимлар ва илмга хурматсизлик қилса, унинг зурриётларидан илм аҳли чиқиши қийин” дейишган. Шунинг учун ҳам инсон олим бўлиши, ёки илм олувчи бўлиши, ёки илм аҳлига хизмат қилиб ихлос билан уларни севувчи бўлмоғи лозим. Аммо асло илм ва илм аҳлини ёмон кўрувчи бўлмаслиги керак.

4. Илм олиш учун толиби илм кечаларни бир қисмида бедор бўлиб илмини такрор қилмоғи керак.

Ёшликдан илмга муҳаббат қўйган қалб эгаси илм олиш вақтларига эътибор қаратади. Нафсини тергаб, бўш вақтини зое қилмайди. Агар ёш толиби илм ҳар вақтини тартибли олиб борса, тунлардаги сакинатни ўтказиб юбормайди.

5. Илм олишда кибр-у ҳавони йўқотишга уриниш.

Илм олишни бошлаганда баъзан кибр ва нафснинг мени кучайиб, толиби илм ўзини инсонларнинг энг афзали менман ёки мен биламан деган фикрлар билан қалбини кирлаб қўяди. Шунинг учун ҳам устоз ва ота-онанинг илм олувчини доимо амаллари ва фикрларини кузатиб бориб, ундаги кибрга етакловчи иллатларни тузатиб турмоқлари жуда муҳимдир. Буюк султон бўлган Фотиҳ Султон Меҳметхон болалик чоғларида устозига қулоқ солмай дарсларда кўп беэътиборлик қилар эди. Устози уни жим ўтиришга чақирса, бўлажак султон “Мен подшохнинг ўғлиман ҳеч нарса қилолмайсан” деб устозини жаҳлини чиқарар экан. Аммо бир куни устоз бу воқеани султоннинг отасига айтганда, ҳайратланарли иш бўлган. Султоннинг отаси дарс жараёнига бостириб кирганида, устоз дарсга беруҳсат кирдинг, дея, Подшохга тарсаки туширган. Буни кузатиб турган бўлажак султон шундан сўнг устозига ҳурматсизлик қилмаган. Бу аслида устоз ва подшох ўтасида уюштирилиб, султонни кибрини синдириш учун қилинган иш эди.

Демак, толиби илмнинг кибри ва нафсини синдириб, яхши тарбия топиши учун устоз ва ота ҳамкорлиги жуда ҳам муҳимдир. Шундай экан, толиб илм ҳардам ўзини устози назоратида тутиб, ҳар қандай иллат ва ёмонликдан покланмоғи жуда зарур. Илмда давомийлик, ихлос ва муҳаббат ёш толиби илмни келажакда буюк олим бўлиб етишига хизмат қилади.

Янги ўқув йили аввалида талабаларимиз ва ўқувчиларимиз илмга ниятларини яна бир бор мустаҳкамлаб, шижоат ва муҳаббатларини янада ошириб борсалар улардан буюк олимлар чиқишига ёрдам беради.

Манба: islaminstitut.uz

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …