IX-XII асрлар Мовароуннаҳрда илм-фан юксак даражада ривожлангани боис илм-фаннинг олтин даври дея эътироф этилган. Айнан ўша асрларда бу заминда ҳадис илмининг ривожига ўзининг беназир ҳиссасини қўшган Абдуллоҳ ибн Муборак Марвазий, Аҳмад ибн Ҳанбал Марвазий, Исҳоқ ибн Роҳавайҳ Марвазий, Ҳайсам ибн Кулайб Шоший, Абд ибн Ҳумайд Кеший, Иброҳим ибн Маъқил Насафий, Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий, Абу Исо Муҳаммад ибн Исо Термизий, Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Абдураҳмон Доримий сингари юзлаб муҳаддис алломалар етишиб чиққан. Улар таълиф этган ҳадис тўпламларининг баъзилари ислом оламида Қуръони каримдан кейинги манба сифатида қаралиб, ҳанузгача мусулмонлар томонидан катта эҳтиром ва қизиқиш билан мутолаа қилинади.
Шундай муҳаддислардан бири IX асрда Самарқандда яшаб, шайх ва сиқа – ишончли рутбасини қозонган Абу Амр Самарқандийдир. Унинг тўлиқ исми Абу Амр Усмон ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Ҳорун Самарқандий бўлиб, айрим манбаларда Усмон ибн Аҳмад деб ҳам келтирилган.
Абу Амр Самарқандий 250/864 йили таваллуд топиб, 345/956 йили вафот этган.[1]
Анча вақт давомида Мисрда истиқомат қилгани сабабли унга Мисрий нисбаси ҳам берилган.
Абу Амр Самарқандий ҳадис тўплаш мақсадида кўплаб мамлакат ва шаҳарларга илмий сафар қилиб, етук олимларнинг суҳбатларида бўлган. Жумладан, Аҳмад ибн Шайбон Рамлий, Абу Умайя Муҳаммад ибн Иброҳим ибн Муслим Тарсусий, Муҳаммад ибн Ҳаммод Теҳроний, Муҳаммад ибн Абдулҳаким Қитрий каби кўплаб муҳаддисларнинг суҳбатида бўлиб, таълим олган ва ҳадис тинглаган. Илм ўрганиш билан бирга ҳалол ризқ топиш мақсадида этикдўзлик ҳам қилган[2].
Абу Амр Самарқандий ҳадис илми борасида ўз даврининг таниқли олими бўлиб етишади. Манбаларда у Мисрда яшаган кезлари таълим бериш билан шуғуллангани келтириб ўтилган.[3] Ундан Абу Абдуллоҳ ибн Мандаҳ, Ҳофиз Абдулғани Аздий, Абдураҳмон ибн Умар ибн Нуҳҳос, Хусайб ибн Абдуллоҳ ибн Муҳаммад, Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Ҳож Ишбилий, Муҳаммад ибн Заквон Тиннисий,[4] Абу Муҳаммад ибн Саид Аздий[5] каби кўплаб етук алломалар ҳадис ривоят қилган.
Бундан ташқари, Абу Амр Самарқандий санади билан ривоят қилинган ҳадислар машҳур муҳаддисларнинг китобларида ҳам келтирилган. Жумладан, Абу Амр Доний[6], Абу Фарж Абдураҳмон ибн Абу Ҳасан Жавзий[7], Ибн Асокир[8], Абу Қосим Али ибн Ҳасан ибн Ҳибатуллоҳ ибн Абдуллоҳ Шофиий[9], Абу Ҳусайн Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Жамиъ Сайдовий[10] ва Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Саллома ибн Жаъфар Қуззоий[11] тўпламларида ундан ривоят қилинган ҳадислар мавжуд.
Алломанинг исмини Усмон ибн Аҳмад шаклда келтирган ҳолда эса Абу Қосим Али ибн Ҳасан ибн Ҳибатуллоҳ ибн Абдуллоҳ Шофиий[12] ва Абу Бакр Хатиб Бағдодий[13] ўз китобларида ундан ҳадис ривоят қилганини кўриш мумкин.
Ибн Юнус айтади: “Абу Амр Усмон Самарқандий ишончли ровий бўлиб, унга отасидан саҳиҳ ҳадислар ёзилган бир неча саҳифалардан иборат қўлёзма битиклар қолган. Абу Амр Самарқандий ушбу қўлёзмадаги ҳадислардан ҳам ривоят қилган.”[14]
Кўриниб турибдики, Абу Амр Самарқандийни ўз замонасининг ишончли ва таниқли муҳаддисларидан бўлган.
Абу Амр Самарқандийнинг энг машҳур асари “Фавоидул мунтақот аволиул ҳисан” (“Танлаб олинган юксак даражадаги гўзал фойдалар”) бўлиб, қисқача “Фавоидул мунтақот” (“Танлаб олинган фойдалар”) деб ҳам аталган.
Абу Исҳоқ Ҳувайний Усрий мазкур асар ва ундаги ривоятлар ҳақида келтирилган маълумотлардан фойдаланган ҳолда Қоҳирадаги Ибн Таймия кутубхонасида тадқиқот ишларини олиб борган. Китобнинг асл нусхасида 91 та муснад[15] ривоят борлигини аниқлаган. Уларни жамлаб, алоҳида кичик рисола ҳолига келтирган. Ушбу рисоладаги ҳадислар ишонарли – саҳиҳ бўлиб, улар орасида мартаба жиҳатидан ҳадиси қудсий[16], санадлари марфуъ[17] ва мавқуф[18] бўлган ҳадислар ҳам бор.
Абу Исҳоқ Ҳувайний асардаги ривоятлардан бир қанчасини алоҳида ажратиб олиб, “Жузъу фиҳи минал фавоидил мунтақот ҳисанил аволи” номли китоб ёзган. 248 саҳифадан иборат мазкур китобни 1997 йил Ливанда нашр эттирган.[19]
Абу Исҳоқ Ҳувайний ўз тадқиқотида Абу Амр Самарқандий ҳақиқатан ушбу китобнинг муаллифи эканлигини исботловчи далилларни қуйидагича келтирган:
- Ишончли ва саҳиҳ манбаларда Абу Амр Усмон ибн Муҳаммад ушбу асарнинг муаллифи эканлиги зикр этилган.
- Илм аҳлининг улуғлари томонидан мазкур асар Абу Амр Усмон ибн Муҳаммадга тегишли эканлиги ҳақида рад этиб бўлмайдиган сўзлар айтилган.
- Ҳофиз ибн Ҳажар Асқалоний ўзининг “Мўъжамул муфаҳрис” (“Мундарижалар қомуси”) асарида устозларидан эшитганини ривоят қилиб, ушбу китобнинг муаллифи Абу Амр Усмон ибн Муҳаммад эканлигини таъкидлаб ўтган.
Абу Исҳоқ Ҳувайний “Фавоидул мунтақот” ҳақида бундай дейди: “Муаллиф китобдаги ривоятларни бир тизимга келтирган ҳолатда ёзган. Аммо асарда муаллифликни тасдиқловчи ёзув ва белгилар учрамайди. Бу ҳолат салаф уламоларнинг одати бўлиб, улар аксар ҳолларда тасниф этган асарларида номларини келтирмаган”[20].
Абу Амр Самарқандий “Фавоидул мунтақот”даги биринчидан ўн саккизинчигача бўлган ривоятларни машҳур устози Суфён ибн Уяйна санади билан ривоят қилган. Шунингдек, асардаги кўпроқ ривоятлар муаллифнинг яна бошқа устозлари Шўъба ибн Ҳажжож ва Абу Умайя Муҳаммад ибн Иброҳимлардан келтирилган. Тўпламда ҳадиснинг асл матнидан кўра ровийларнинг санадига кўпроқ эътибор қаратилгани боис санади заиф ҳадислар учрамайди[21].
Имом Табароний “Мўъжамул авсат” (“Ўртача қомус”) асарида 4802-рақамдаги ҳадисни қуйидаги санад билан келтирган:
حدثنا عبيدُ بن خلف القطيعىُّ، قال: حدثنا عمرو بن محمد الناقدُ، قال حدثنا معتمر بن سليمان، عن ليث بن أبى سليم، عن واصل الأحدب، عن أبى وائل، عن ابن مسعود مرفوعاً: «إنَّ آخر ما حفظ من كلام النبوة: إذا لم تستح فاصنع ما شئت».
Бизга Убайд ибн Халаф Қатъий ҳадис айтди. Убайд деди: Бизга Амр ибн Муҳаммад Ноқид ҳадис айтди. Амр деди: Бизга Мўътамар ибн Сулаймон Лайс ибн Абу Салимдан, у Восил Аҳдабдан, у Абу Воилдан, у Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан марфуъ ҳадис айтди: “Пайғамбарларнинг сўзларидан сақланиб қолганларининг охиргиси “Агар уялмасанг, хоҳлаганингни қил”, деган сўзларидир”.[22]
Имом Табароний бу ривоят ҳақида: “Бу ҳадисни Восилдан Лайс ривоят қилиб, Лайсдан эса фақат Мўътамар ривоят қилган. Шунингдек, Ибн Масъуддан бу санад билан Мўътамардан бошқа киши ривоят қилмаган”, дейди[23]. Яъни, ушбу ривоятни Ибн Масъуддан фақат Мўътамар ривоят қилган деб, унинг ривоятини муфрад (ёлғиз ровий ривояти) деб ҳисоблайди.
Абу Исҳоқ Ҳувайний Усрий эса “Танбиҳул ҳожид” (“Таҳажжуд ўқувчини уйғотиш”) асарида Имом Табаронийга раддия бериб; айнан шу ривоят Абу Амр Усмон ибн Муҳаммад Самарқандийнинг “Фавоидул мунтақот” асарида 57- рақам билан келганини ҳамда Масъуддан фақат Мўътамар эмас, балки Воил ҳам ривоят қилганини далил сифатида келтиради[24]:
حدثنا أبو أمية، حدثنا طلق بن غنام، حدثنا شريك، عن منصور، عن أبي وائل، أراه، عن ابن مسعود، قال: قال رسول الله صلى الله عليه وسلم: «…»[25]
Бизга Абу Умайя ҳадис айтди. Абу Умайя деди: Бизга Талқ ибн Ғинном ҳадис айтди. Талқ деди: Бизга Шарик ҳадис айтди. У Мансурдан, у Абу Воилдан, у Ибн Масъуддан ривоят қилди. Ибн Масъуд айтди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “…”.
Юқорида таъкидланганидек, Абу Амр Самарқандийнинг “Фавоидул мунтақот” асарида келтирилган ривоятларни бир қанча машҳур муҳаддисларнинг асар ва тўпламларида ҳам учратиш мумкин. Жумладан, Муҳаммад ибн Исо Термизийнинг “Жомиъут Термизий” тўпламида 829-рақамли,[26] Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Язид Қазвинийнинг “Сунан Ибн Можа” тўпламидаги 2922-рақамли ҳадис,[27] Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Хатиб Тибризийнинг “Мишкатул масобиҳ” (“Токча меҳробидаги чироқлар”) асаридаги 2549-рақамли,[28] Абулҳасан Али ибн Умар Дориқутнийнинг “Сунану Дориқутний” тўпламида.[29] Абу Бакр Аҳмад ибн Ҳусайн ибн Али Байҳақийнинг “Сунану кабир” асарида 9277-рақамли,[30] Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Али Нисабурий “Мунтақий минас сунанил Муснад”(“Танланган муснад ҳадислар”) асарида 434-рақамли ҳадислар[31] бунинг ёрқин тасдиғидир. Бу ривоятларнинг барчаси санад бобида ҳам, матн борасида ҳам “Фавоидул мунтақот” асаридаги 3-ривоят билан айнан бир хил.
Бу далиллар “Фавоидул мунтақот”даги ҳадисларнинг саҳиҳлигидан ҳамда муҳаддис уламолар орасида ишонарли манба сифатида кенг истиъфода этилганидан далолат беради, албатта.
Шу ўринда “Фавоидул мунтақот”даги ҳадислардан иқтибослар келтирсак:
عن أنس قال: خطبنا رسول الله صلى الله عليه وسلم، فقال: «لا إيمان لمن لا أمانة له، ولا دين لمن لا عهد له»
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга хитоб қилиб: “Омонати йўқ (омонат ишониб топширилмайдиган) кишининг имони йўқдир, аҳдига вафоси йўқ кишининг дини йўқдир”, дедилар.
عن ابن عباس رضي الله عنه قال: قال رسول الله صلى الله عليه وسلم: «من سئل عن علم فكتمه، جاء يوم القيامة ملجما بلجام من نار، ومن قال في القرآن بغير ما يعلم، ألجم يوم القيامة بلجام من نار»
Ибн Аббосдан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки (билган) илмидан сўралганда уни яширса, қиёмат куни оловдан бўлган юган билан жиловланади. Кимки Қуръон хусусида илмсиз ҳолда сўзласа, қиёмат куни оловдан бўлган юган билан жиловланади”, дедилар.
عن أنس قال: قال رسول الله صلى الله عليه وسلم : «اتقوا النار ولو بشق تمرة»
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Яримта хурмо (садақа қилиш) билан бўлса ҳам дўзахдан сақланинг”, дедилар.
قال أبو بكرة: إني سمعت رسول الله صلى الله عليه وسلم ، يقول: «المسلمان إذا استقبل أحدهما صاحبه بالسيف، فالقاتل والمقتول في النار» قيل له: يا رسول الله هذا القاتل فما بال المقتول؟ قال: «إنه أراد بصاحبه مثل الذي أراد به»
Абу Бакра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Агар икки мусулмон бир-бирига йўлиққанда, уларнинг бири дўстига қилич яланғочласа, ўлдирган ҳам, ўлган ҳам дўзахий бўлади”, деб айтаётганларини эшитдим. У зотга: “Ўлдирганнинг жазоси шундай (бўлиши табиий), аммо ўлганга нима сабабдан бундай жазо?” дейилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Чунки дўсти унга хоҳлаб турган нарсани у ҳам дўстига хоҳлаётган бўлади”, дедилар.
Дарҳақиқат, “Фавоидул мунтақот”нинг тарбиявий, илмий аҳамияти жуда юқори бўлиб, мазкур асардаги ривоятларда илм олиш тарғиб қилиниб, инсоний фазилатлар улуғлангандир. Шу билан бирга, ота-она ва фарзанд ҳаққи, қўшнилик муносабатлари, баъзи шаръий ҳукмлар ҳамда соф исломий имон-эътиқод тушунчалари ўз ифодасини топган. Бу эса унинг илмга чанқоқ ёшларимизни имон-эътиқодли, одоб-ахлоқли, Ватанга садоқатли, билимли, доно ва зукко бўлиб вояга етказишда асосий тарбия ва таълим манбаларидан бири бўлиб хизмат қилишидан далолатдир.