Home / ЯНГИЛИКЛАР / АВЛОДЛАРИМИЗ БИЗДАН МИННАТДОР БЎЛСИН!

АВЛОДЛАРИМИЗ БИЗДАН МИННАТДОР БЎЛСИН!

ЯШИЛ МАКОН

Президентимизнинг 2021 йил 30 декабрдаги «Республикада кўкаламзорлаштириш ишларини жадаллаштириш, дарахтлар муҳофазасини янада самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига мувофиқ, мамлакатимизда яшил боғлар ва яшил жамоат парклари барпо этилмоқда. Табиий мувозанатни яхшилашга қаратилган бундай хайрли ишлар «Яшил макон», «Яшил йиллик» каби умуммиллий экологик лойиҳаларга ҳамоҳангдир.

Бу йўналишдаги чора-тадбирлар жараёнида яшил майдонларни, боғ-роғларни кенгайтириш баробарида кўчатхоналарни кўпайтириш, тупроқ унумдорлигини ҳисобга олган ҳолда, ҳудудлар иқлимига мос янги ўсимлик навларини маҳаллийлаштириш ҳам кўзда тутилган.

Шу билан бирга, дарахтларга шикаст етказиш ва нобуд қилганлик учун жавобгарликни кучайтириш мақсадида қонунчиликда янги механизмлар жорий этилмоқда. Бундай ҳуқуқбузарлик тўғрисида Ички ишлар вазирлиги, Экология ва атроф­муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг махсус ахборот тизимига хабар берган шахслар моддий рағбатлантирилади. Бу бежиз эмас. Зеро, битта дарахтни вояга етказиш учун йиллаб меҳнат қилиш талаб этилади. Уни бир дақиқада нобуд қилиш эса нафақат табиий мувозанатга, инсоният келажагига ҳам таҳдид туғдиради.

Шу боис, мамлакатимизда экологик барқарорликни сақлаш, дарахтлар кесилишининг олдини олишга эътибор тобора кучаймоқда. Бугун бирор жойда дарахт кесилгудек бўлса, оммавий ахборот воситалари дарҳол бонг урмоқда.

Бу каби саъй-ҳаракатлар самарасида қурилиш тадбирларида наботот ва ҳайвонот оламига эътиборли бўлиш, дарахтларни ўсаётган жойи бўйича ҳисобга олиш, уларга тегишли ҳамма маълумотларни тўплаш, электрон базасини тузиб, реэстрини юритиш чоралари белгиланди. Энди шу асосда парвариш ва суғориш учун масъуллар тайинланади. Зеро, яшил бойлигимиз узоқ умр ва фаровонлик омилидир. Шу боис, ҳадиси шарифда «Эртага қиёмат бўлади, дейишса ҳам кўчат ўтқазинг», дейилади.

Кўплаб давлатларда ҳайвонот ва наботот дунёсига зиён етказмаслик нуқтаи назаридан ҳар қандай қурилишдан олдин экологик лойиҳа тузилади. Чунки экилган кўчат ўсиб-униши учун анча вақт керак. Бу муддат давомида уларни парваришлаш, суғориш зарур. Айни пайтда амалга оширилаётган кўкаламзорлаштириш тадбирларида бу борадаги ишларнинг ҳам аниқ механизмлари ишлаб чиқилгани айни муддаодир.

Бугунги экилган ниҳоллар эртага сўлим боғларга айланади. Бу яшиллик, аввало, тоза ҳаво манбаи. Тадқиқотчиларнинг аниқлашича, бир дарахт турининг йўқолиши ҳайвонот оламининг 30 тури йўқолиб кетишига сабаб бўлади. Дарахт ерни эрозиядан сақлайди, тупроқни яхшилайди. Ёғингарчилик кўп бўлганда ортиқча сувни ўзига олади, илдизи ер ости сувларини фильтрлаб, сифатини яхшилайди.

Яшил ҳудудлар шамол йўлини тўсиб, хавфли қуюнлар пайдо бўлишининг олдини олади. Оролбўйида иссиққа ва сувсизликка чидамли саксовул экилиши табиатнинг ана шундай яшил қалқони бўлмоқда. Шунингдек, сершовқин шаҳарларда дарахтлар одамларни ортиқча тушкунликдан асрайди. Айни пайтда шаҳар кўркига кўрк қўшиб, инсонга эстетик завқ бағишлайди.

Қадимги ривоят бор: бир киши новвой дан ҳар куни олтита нон олади. Кунлардан бир кун новвой нега айнан олтита олишини сўрайди. У бундай жавоб беради: «Ўзим билан аёлим иккита еймиз, иккитасини қарзимни узиш учун бераман, иккитасини қарзга бераман». Яъни иккитасини ота-онасига бериб, фарзандлик бурчини бажаради, иккитасини фарзандларига гўё рамзий қарз сифатида беради.

Бу ўгитни келтиришимиздан мақсад шуки, бизга ота-боболаримиздан ана шундай улкан табиий ва маънавий мерос қолган. Биринчиси, асрлар оша яшнаб турган табиат обидалари, боғ-роғлар бўлса, иккинчиси, табиатни асраш, табиий бойликларни муҳофазалаш борасидаги миллий қадриятларимиздир. Биз бугун ота-боболаримиз эккан дарахтлар соя-салқинида роҳатланиб, мевасидан баҳра оламиз.

Кўчат экиб, боғ яратиш қадрияти инсонлар орасида меҳр-оқибат ришталарини мустаҳкамлаб, жамиятимизда тинчлик-осойишталик, яратувчилик муҳитини таъминлаб келмоқда. Шу боис, бу урф-одатларни фарзандларимиз, набираларимиз онгига сингдиришга интиламиз. Зеро, биз бугун аждодларимиздан миннатдормиз бўлаётганимиз каби авлодларимиз ҳам биздан миннатдор бўлсин.

Шу маънода, «Яшил макон» ва «Яшил йиллик» умуммиллий тадбирлари ана шундай эзгу мақсад йўлида халқимизни жипслаштираётгани қувонарлидир. Бу тадбирда юртимиздаги барча миллат ва элат вакиллари баҳамжиҳат иштирок этмоқда. Ўзбекистон халқаро ислом академиясида юртимиздаги 16 конфессия вакиллари иштирокида бўлиб ўтган учрашувда «Яшил йиллик»да фаол бўлишга ундовчи баёнот қабул қилинган эди.

Бунинг амалий ифодаси ўлароқ, барча диний конфессиялар вакиллари «Янги Ўзбекистон» боғига кўчат ўтқазиб, бу ерда «Бағрикенглик боғи»га асос солди. Бунда жуда катта рамзий маъно бор, албатта. Ватанимиз бир, тақдиримиз муштарак бўлганидан кейин хайрли ишларда ҳам шундай бирдамлик ва муштаракликни намойиш этишни ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда. Бу ерга келган кишида миллий ва диний мансублик эмас, ягона Ватан равнақи йўлидаги умумий садоқат ва жонбозлик ҳислари кўпроқ жўш уради. 

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази жамоаси ҳам бу эзгу жараёнда фаол иштирок этиб, Самарқанд вилоятидаги акцияларда фаоллик кўрсатмоқда.

Ерга кўчат қадар эканмиз, ўзгача бир мамнуният ва сурур туйдик. Ватаннинг яхши ташвишлари бизнинг ҳам яхши ташвишларимиз эканини бир-биримизнинг бахтиёр қиёфамизда кўрдик. Бутун юрт бўйлаб экилаётган кўчатлар роҳатбахш ва баракали дарахтларга айлансин, деб ният қилдик. Кўпчиликнинг дуоси ижобат бўлади, иншааллоҳ.

Шовосил ЗИЁДОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори
Манба: «Янги Ўзбекистон» газетаси 2022 йил 27 апрель, 83-сон

Check Also

Мағрур ҳилпирайвер, юртим байроғи!

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида 18 ноябрь куни ходимлар иштирокида Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул …