Home / АЛЛОМАЛАР / Ҳидоятга бошлаган имом

Ҳидоятга бошлаган имом

Ислом оламида катта нуфузга эга бўлган имом, фақиҳ, калом илмининг мотуридийлик ақидавий мазҳаби асосчиси Имом Абу Мансур Мотуридий Самарқанднинг Мотурид қишлоғида таваллуд топган.

Абу Мансур Мотуридий ўзининг юксак илмий салоҳияти билан ислом дунёсида алоҳида эътиборга сазовордир. Аллома умри давомида исломнинг асл моҳиятини ҳамда унинг ўзгармас ақидавий таълимотини бузғунчи фирқаларнинг турли ботил ғоялари ва даъволаридан ҳимоя қилиб келди. Шу сабабли қолдирган катта илмий мероси ислом илм-фанида юксак эътибор топди ва ҳозирги кунда ҳам мотуридия ақидавий мазҳаби аҳли сунна ва жамоа йўналишидаги асосий мазҳаб бўлиб келмоқда.

Имом Абу Мансур Мотуридий дастлабки таълимни ўз қишлоғида олиб, кейинчалик Мовароуннаҳрнинг ўша даврдаги диний ва маърифий маркази бўлган Самарқандда давом эттиради. Устозлари ўз даврининг таниқли олимлари Абу Наср Иёзий, Абу Бакр Аҳмад Жузжоний бўлган. Баъзи манбаларда унинг Самарқанддаги «Иёзий» мадрасасида таълим олгани қайд этилган.

Имом Мотуридий яшаган давр ислом оламида ўзгаришлар авж олган, айниқса, турли фирқалар томонидан ақидавий бузилишлар юзага келган пайтга тўғри келди. Шундай шароитда у аҳли сунна ва жамоа эътиқодини ҳимоя қилиб чиқди. Бу йўлда бошқа ботил ақидаларнинг даъволарига раддиялар берди ҳамда мотуридия ақидавий таълимотига асос солди.

Бу билан у ислом илм-фанида, таълимотида энг асосий ҳисобланган калом илмини турли нотўғри даъволар ва ғоялардан тозалади.

Имом Мотуридийнинг ислом оламида жуда нозик ҳисобланган, бизнинг давримизгача етиб келган «Китоб ут-тавҳид» асари 1970 йилда Фатҳуллоҳ Хулайф томонидан Байрутда нашр этилган. Мотуридий бу асарида сунний ақидадаги (таъвилда) зид қарашларни рад қилишга ҳаракат қилади ва Абу Ҳанифанинг қарашларига суянган

ҳолда иш кўради. Мазкур асарнинг илмий ва амалий аҳамияти жуда катта бўлиб, у аҳли сунна уламолари томонидан Қуръони каримни шарҳлаш (таъвил) бўйича қилинган дастлабки жиддий уриниш ҳисобланади.

Аллома умри давомида фақиҳлар, муҳаддислар билан мулоқотда бўлган ва мунозаралар олиб борган. У ислом динининг ҳанафий мазҳабини Мовароуннаҳрда тарқатиш ва ўзидан кейинги авлодларга қусурсиз етказиш ишига катта ҳисса қўшди.

Имом Мотуридий ўз замонасидаёқ «Имомул ҳуда», яъни ҳидоятга бошловчи имом номига сазовор бўлган. Мотуридий таълимотини батафсил ўрганган ва бу таълимотнинг моҳиятини чуқур билган Абул Муин Насафий, Абу Ҳафс Насафий каби олимлар Мотуридий таълимотини ривожлантириш орқали бу мактабни давом эттирдилар.

Имом Мотуридийнинг қаламига мансуб асарларнинг сони ўн бештага етиб қолади. Тарихий манбаларда унинг кўплаб асарлари ҳақида маълумотлар етиб келган. Уларда таъкидланишича, уч йўналиш-калом, тафсир ва фиқҳ бўйича асарлар ёзган. Аллома тафсирга оид «Таъвилоту аҳлис-сунна», каломга оид «Китоб ат-тавҳид» (Тавҳид китоби),

«Рад усул ал-хамса» (Беш усулга раддия) ва «Ал-жадал фий усул ал-фиқҳ» (Фиқҳ илми асослари хусусида мунозаралар) каби асарлари маълум ва улардан баъзилари бизгача етиб келган.

Имом Мотуридийнинг илмий мероси ислом оламида аввал ҳам, ҳозирги кунда ҳам аҳамиятли бўлиб, илмий тадқиқотчилар томонидан ўрганилмоқда.

Равшан ЭЛМУРОДОВ
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази катта илмий ходими.

Check Also

АБУ БАКР ЖАССОС ИЛМИЙ МЕРОСИНИНГ ҲАНАФИЙ МАЗҲАБИ РИВОЖИДА ТУТГАН ЎРНИ

Абу Бакр Жассос (ваф. 370/981) қолдирган илмий мерос ҳанафий мазҳабида ўзига хос аҳамиятга эга. Аллома …