Мовароуннаҳрда ҳанафия ақидасининг тарқалишида ўзига хос ўрин тутган олим Абу Наср Иёдий ўша даврдаги “Дорул Жузжония” мактаби вакилидир. Лекин кўпгина манбаларда “Дорул Иёдия” ақидавий мактабини янглиш равишда унинг номи билан боғлайдилар. Аслида, “Дорул Жузжония”да Абу Наср ал-Иёдийдан аввалроқ бир қанча олимлар фаолият олиб борганлар. Жумладан, Абу Сулаймон Мусо ибн Сулаймон Жузжоний (ваф. 816 й.) ўз даврининг машҳур фақиҳлари ҳисобланган Абу Юсуф ва Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбонийнинг шогирди бўлган. Абу Ҳанифанинг “ал-Фиқҳ ал-акбар” ва “ар-Рисола ала Усмон ал-Баттий” номли асарларини шу икки устозидан ривоят қилган. Шунингдек, у Муҳаммад Шайбонийнинг “ал-Асл” (“ал-Мабсут”) асарини ривоят қилган ва ўша нусха энг ишончли деб эътироф этилган. Ўта тақводор бўлгани учун Халифа Маъмун унга қилган қозилик таклифини жаҳли тез эканини баҳона қилиб рад этган[1:104]. У “Дорул Жузжония” мактабининг илк устозларидан ҳисобланган.
Шунингдек, Абу Бакр Аҳмад ибн Исҳоқ ибн Субайҳ Жузжоний (ваф. 864 й.) Абу Бакр Жузжоний ҳам Муҳаммад Шайбонийнинг шогирдларидан бўлган. Лекин асосий таълимни Абу Сулаймон Жузжонийдан олган. Усул ал-фиқҳ ва калом илмини мукаммал билган. Абу Наср Иёдий ва Абу Мансур Мотуридийнинг асосий устози ҳисобланган. Унинг қаламига мансуб “ал-Фарқ ват тамйиз” ва “Китоб ат-тавба” номли асарлар ўз даврининг машҳур манбалари ҳисобланган[7: I/356]. Абул Муин Насафий: “Абу Бакр Жузжонийнинг асарлари билан танишган киши унинг буюк олим бўлганига иқрор бўлади”, деб унинг илмий меросига юксак баҳо берган[4: 269]. Манбаларда туғилган йили ҳақида аниқ маълумотлар берилмаган бўлса-да, Мотуридийга устозлик қилган вақтига қараб, IX асрнинг ўрталарига қадар яшаган, деб тахмин қилинади[4: 269].
Энди мақоламиз қаҳрамонига қайтадиган бўлсак, Абу Наср Иёдийнинг тўлиқ исми Аҳмад ибн Аббос ибн Ҳусайн ибн Жабала ибн Ғолиб ибн Жобир ибн Навфал ибн Иёд ибн Яҳё ибн Қайс ибн Саъд ибн Убода Ансорий (Саъд ибн Убода Ансорий саҳобалардан, Мадинадаги ҳазраж қабиласининг пешвоси саналган) [7: I/356] Фақиҳ Самарқандий. Абу Наср Иёдий фиқҳ илмини Абу Бакр Аҳмад ибн Исҳоқ Жузжонийдан ўрганган. Абу Насрнинг икки ўғли – Абу Бакр Иёдий билан Абу Аҳмад Иёдий фиқҳ илмини отасидан ўрганган. Абу Наср Иёдий “Дорул Жузжония”да Абу Бакр Жузжоний билан бирга бош мударрис бўлиб фаолият олиб борган.
Тарихчи олим Идрисий “Тарих ас-Самарқанд” асарида Абу Наср Иёдий ҳақида сўз юритиб, у илм аҳлидан бўлиб, жидду жаҳди зўр олим эди, деб таъкидлаган. У Наср ибн Аҳмад ибн Исмоил ибн Асад ибн Сомон даврида Турк диёрида душманлар томонидан шафқатсизларча қатл этилган[2: 101].
Мотуридия таълимотининг машҳур вакили – Абул Муин Насафий ушбу олим ҳақида шундай таърифлаган: “Мовароуннаҳр диёрида Абу Насрга ўхшайдиган ва унга илмда, тақвода, китобатда, жасорат ва бардошда тенг келадиган бирор киши бўлмаган. Абу Наср Иёдий ислом учун бўлган курашда бардавом эди. У ўз замонасининг энг шижоатли, босиқ кишиларидан эди. Абу Наср илмда мисли туби кўринмас денгиз бўлиб, усулда ва фуруъда барчага имом эди. Унинг “ас-сифат” масаласига оид бир китоби бўлган. Ушбу китобдан ўрин олган муътазилия ва нажжория фикрларига қарши раддиялари ҳамда аҳли сунна вал жамоа фикрлари саҳиҳлиги борасида келтирган далиллари унинг нақадар буюк олим бўлганидан далолат беради”[7: I/356-357].
Абул Қосим Ҳаким Самарқандий Абу Наср ҳақида шундай деган: “Фақиҳ Абу Наср Иёдийдан бошқа Қуръон оятларини далил қилиб мунозара ва жадалда бидъат аҳлларини мағлуб қилган фақиҳни кўрмаганман. Унинг илми орқали олим бўлганлар сони қирқдан ошиқ бўлиб, уларнинг энг етакчиси Абу Мансур Мотуридий эди”[7: I/356].
Абу Наср Иёдий (ваф. 889 й.) Абу Бакр Жузжоний вафотидан кейин “Дорул Жузжония”нинг энг кучли вакили сифатида эътироф этилган. Жуда зеҳнли ва сабрли бўлганидан йигирма ёшиданоқ таълим ишларида уламолар раҳбари лавозимида фаолият олиб борган. Усул ва фуруъ илмида “ўз даврининг имоми” деб эътироф этилган[8: 42, 6:160б]. Самарқандда бир қанча фикрий мухолифат вакиллари билан баҳс-мунозаралар олиб борган ва ҳанафия ақидасини муваффақиятли ҳимоя қила олган[7: I/356-357].
Шуниси аҳамиятлики, “Дорул Жузжония”да фаолият олиб борган жамики уламолар расмий лавозимлардан йироқ юрганлар ва Самарқанд чеккасида оддий халқ орасида яшаб ижод қилганлар. Абу Наср эса устозларидан фарқли ўлароқ, сомонийлар амири Наср ибн Аҳмад билан жуда яқин алоқада бўлган. Шу туфайли у йигирма ёшида таълим ишлари бошлиғи ва Самарқандга қози этиб тайинланган[1: 106]. Абу Насрнинг мансабга интилиши, унинг сомонийлар сиёсатидан таъсирланганидан далолат беради. Чунки сомонийлар 876 йилда тоҳарийлар давлати тобелигидан озод бўлади. Сомонийлар бевосита аббосийларга тобе ҳисобланган бўлсалар-да, аммо ўзларининг ички ишларида мустақил бир давлат ҳолига келган эдилар. Давлатнинг илк амири Наср ибн Аҳмад зоҳидона ҳаёт кечирган ва ҳокимиятни мустаҳкамлаш учун таълим ишларига ва илмий сафарларга катта аҳамият берган. Ушбу ишларни бажаришда Абу Насрнинг шижоатидан унумли фойдаланган[6: 160б].
Абу Наср Иёдий бевосита Имом Мотуридийнинг энг асосий устозларидан бири ҳисобланган. Абул Муиннинг “Табсират ал-адилла” асарида Мотуридий ҳақида келтирилган яна бир ривоят унинг ислом оламида илмий мавқеи жуда катта бўлганидан далолат беради. Асарда таъкидланишича, агар Абу Мансур Мотуридий устози Абу Наср Иёдийнинг дарсида айрим сабабларга кўра иштирок этмай қолса ёки кечикса, ҳатто, устози ўз шогирдига нисбатан чексиз ҳурмати ва муҳаббатининг изҳори сифатида ўша дарсда Мотуридий ҳозир бўлмагунча бирор сўз ҳам айтмас экан. Агар у Мотуридийни узоқдан бўлса-да, дарсга келаётганини кўриб қолса, хурсандлигидан таажжуб билан унга тикилиб қолар ва Қуръондан Қасос сураси, 68-оятни оятни ўқир эди[9: 84]:
Оят маъноси: Раббингиз Ўзи хоҳлаган нарсани яратур ва (хоҳлаган ишни) ихтиёр қилур… .
Манбаларда таъкидланишича, Сомоний амирларнинг чиқарган қонунларини татбиқ қилиш учун Қози Абу Наср Иёдий жума куни янги кийим кийиб отга минган ҳолда ушбу қонунларни ўзи халққа жар солиб етказган. Бундан кўриниб турибдики, Абу Наср сомонийлар амири билан яқин муносабатда бўлган.
Энди “Дорул Иёдия” ақидавий мактаби ҳақида тўхталадиган бўлсак, ушбу мактабнинг қандай ташкил этилгани ҳақида манбаларда маълумотлар учрамайди. Лекин аксарият тадқиқотчилар у X асрда ташкил топган, деган тахминга келганлар[8: 44, 1: 108]. “Дорул Иёдия” Абу Наср Иёдийнинг ўғли Абу Аҳмад Иёдий томонидан Самарқандда ташкил этилгани маълумдир. Абу Мансур Мотуридий яшаган даврда ҳанафийлар орасида пайдо бўлган иёдия тарафдорлари муташобиҳ оятларни таъвил қилишга ҳамда ақлнинг асосий ҳужжат бўлишига кескин қарши чиққанлар[1: 108].
Шу орқали улар Абу Ҳанифадан бошлаб сақланиб келаётган “Аҳли раъй”дан ажралиб чиқадилар ва “аҳли ҳадис”ни қўллаб-қувватлайдилар. “Аҳли ҳадис” ғояларини маъқуллаганлар иёдия тарафдорлари бўлиб, уларнинг энг машҳур вакили Абу Аҳмад Иёдий бўлган[8: 44].
Бу олим “Дорул Жузжония”да Имом Мотуридийдан таҳсил олган ва машҳур фақиҳ даражасига кўтарилган. Абул Муин Насафий “Табсират ал-адилла” асарида Мотуридийнинг шогирди Абу Аҳмадни катта мақтовлар билан тилга олади. Насафийнинг таъкидлашича, Мовароуннаҳр ва Хуросонда “Садр ал-фуқаҳо” унвонига эга бўлган олим Абу Ҳафс Ажалий Бухорий шундай деган: “Абу Ҳанифанинг мазҳаби тўғри йўл эканлигига яна бир исбот шуки, ушбу мазҳабга Абу Аҳмад Иёдий эътиқод қилган. Чунки Абу Аҳмад Иёдий ботил мазҳабга эътиқод қилиши мумкин эмас эди» [7: I/357].
Лекин баъзи олимлар Абу Аҳмад ҳақида унга нисбатан бироз салбий фикрларни ҳам билдирганлар. Муҳаммад ибн Иброҳим Ҳосирий (ваф. 1107 й.) “ал-Ҳавий фил фатаво” номли асарида Абу Аҳмад ҳақида қуйидаги ривоятни келтиради: Ўша даврдаги Самарқанд қозиси Ҳаким Самарқандий бир куни Абу Аҳмадни ўз уйига зиёфатга чақиради. Абу Аҳмад таклифни қабул қилиб, унинг уйига меҳмонга боради. Меҳмондорчилик олдидан мезбон унга қуйидаги фиқҳий савол билан мурожаат қилади: “Бир идишдаги сув билан икки марта таҳорат олиш жоизми ёки жоиз эмасми?”. Абу Аҳмад: “Жоиз эмас”, деб жавоб беради.
Шунда Ҳаким Самарқандий унга қаттиқ танбеҳ бериб айтади: “Илм ҳам шундайдир. Ундан дунё учун фойдаланилса, охиратда фойдадан бебаҳра қолинади. Сен эса, илмдан бойлик ва риёкорлик учун фойдаландинг, охиратдаги ажрдан бенасиб қолдинг”.
Абу Аҳмад Иёдий бундай оғир сўзни Ҳаким Самарқандийдан кутмаган эди. Бу қадар қаттиқ танбеҳни эшитгач, у дастурхонга ҳам ўтирмай, Ҳаким ас-Самарқандий хонадонидан чиқиб кетади[10: 277б].
Ҳосирий Абу Аҳмад ҳақида яна бир ривоят келтирган: Абу Аҳмад зиёфатда бўлса, аввал таом унга, кейин бошқаларга тарқатилган. Чунки Абу Аҳмад намозни жуда тез ва енгил ўқир эди. Бир куни намоз вақти киргач, у таомдан туриб дарҳол намозини ўқиб олади. Ёнидагилар ундан, нима учун намозингизни тез ва енгил ўқидингиз, деб сўраганларида, у: “намозни бундай ўқиш ҳукман жоиздир”, деб жавоб беради.
Лекин Ҳаким Самарқандий Абу Аҳмад Иёдийнинг отаси Абу Наср Иёдийни қаттиқ ҳурмат қилган ва уни кўкка кўтариб мақтаган. Бунга мисол тариқасида Абул Муин Насафийнинг “Табсират ал-адилла” асарида Ҳаким Самарқандий Абу Наср Иёдийни қуйидагича мақтов билан тилга олганини мисол келтириш мумкин: Шайх Абул Қосим Ҳаким Самарқандийнинг ривоят қилишича, Абу Наср Иёдийнинг олдига турли адашган фирқаларнинг вакиллари ўзларининг нотўғри ақидаларини исботлаш учун келганларида, албатта улар Иёдийнинг кучли далил ва исботларидан мағлуб бўлиб қайтар эдилар[7: I/356].
Ибн Закариё ҳам Ҳаким Самарқандийдан фарқли ўлароқ, Абу Аҳмад Иёдий ҳақида илиқ фикрларни билдирган ва уни ибодат масаласида мужтаҳид олим сифатида эътироф этган[6: 160б-161б].
Шундай қилиб, “Дорул Жузжония”да танқидга учраган Абу Аҳмад ушбу мактабга мухолиф равишда “Дорул Иёдия” номли мактабни ташкил этади. Лекин Абу Аҳмад бундай йўл тутиши орқали “Дорул Жузжония”нинг асосий вакили ҳисобланган устози Абу Мансур Мотуридийдан тазйиққа учрашини ҳаёлига ҳам келтирмаган эди.
Турк тадқиқотчиси Ахмет Ак шундай хулосага келадики, “Дорул Иёдия”нинг вакиллари сомонийлар амири билан жуда яхши муносабат ўрнатганлар. Ушбу мактаб вакилларининг энг пешқадамлари сифатида Абу Аҳмад Иёдий ва Ҳаким Самарқандийни мисол келтириш мумкин. Ахмет Акнинг таъкидлашича, Ҳаким Самарқандий сомоний амирининг талаби билан “ас-Савод ал-аъзам” деган асар ёзган ва унда мовароуннаҳрлик олимлар ҳақида маълумотлар келтирса-да, Мотуридий номини тушириб қолдирган. Ахмет Ак ушбу маълумотга таяниб, Ҳаким Самарқандий Мотуридийни тан олмаган, деган хулосага келади[1: 110].
Бизнинг фикримизча, Ҳаким Самарқандийнинг Абу Мансур Мотуридий фаолиятига бефарқ бўлгани асоссиздир. Чунки Абул Муин Насафий Ҳаким Самарқандий Мотуридий вафотидан сўнг унинг қабри устига қуйидаги мақтов сўзларини ёздиришга буйруқ берганини ривоят қилган: “Ушбу қабр илмларни ўз нафасларигача қамраб олган, уни тарқатишда кўп заҳматлар чеккан, у қолдирган мерос кўп мадҳ қилинган ва ўзининг умр дарахтидан кўплаб мевалар тера олган улуғ зотнинг қабридир”[7: I/358].
Бизнингча, бу ерда илмий ҳурфикрлилик мавжуд бўлган ва барча ҳанафий уламолар ўртасида катта ғоявий рақобат кўзга ташланмаган. Уларнинг асосий рақиблари эса муътазилия, нажжория, муржиия каби оқимлар бўлган.
Абу Наср Иёдийнинг Абу Аҳмаддан ташқари яна Абу Бакр Иёдий номли ўғли бўлган. У ҳам иёдийлар сулоласининг вакили ҳисобланиб Абу Аҳмад Иёдийнинг укасидир[6: 160а-161б]. Унинг машҳур “ал-Масоил ал-ашрия” (“Ўнта масала”) номли асари бўлган[10: 251а-251б]. Адид ад-давла томонидан расмий лавозимларга кўтарилган ва Мотуридийдан сўнг[6:18б-19а], Абу Салама Самарқандийдан аввал 971 йил вафот этган[10:251б].
Мотуридийнинг замондоши ва Самарқанднинг машҳур олимларидан бўлган ва у маҳаллий аҳоли орасида катта ҳурмат қозонган[6:161б].
Ибн Закариёнинг “Шарҳ жумал усул ад-дин” асарида бир ривоятда келтирилишича, фақиҳ Абдиссамад ибн Аҳмад Арбинжоний Абу Мансур Мотуридий вафот этганда Абу Бакр Иёдий қуйидаги сўзларни айтганини келтиради: “Диний илм ва ҳукмларни ўргатишда бу умматнинг олимлари ўтган пайғамбарлар кабидир. Ўтмишда бир пайғамбарнинг даври тугаб, ечилиши керак бўлган масалалар пайдо бўлса ва у масалаларни очиб берувчи бирон олим қолмаса, янги бир пайғамбар юборилганидек, бу умматнинг ичида ҳам ҳар асрда вафот этган фақиҳларнинг ўрнига ё янги олимлар келади ёки қиёмат бошланади. Чунки Аллоҳ ўз бандаларини йўл кўрсатувчилардан маҳрум қилмайди”[6: 18б -19а].
Бошқа бир олим Муҳаммад ибн Иброҳим Ҳосирийнинг “ал-Ҳавий фил фатаво” асарида келтирилган ривоятга кўра, Абу Бакр Иёдийдан бир киши ўзининг аҳли сунна вал жамоа мазҳабида эканини қандай англаши мумкинлиги ҳақида сўраганида Абу Бакр унга шундай жавоб берган: “Кимнинг илми аҳли сунна вал жамоанинг илми, Аллоҳнинг китоби, Расулининг суннати ва салаф фақиҳларнинг айтган сўзларига мувофиқ келса, у киши аҳли сунна вал жамоа мазҳабида бўлади”[10: 252б-252а].
Юқорида келтирилган ривоятлар Абу Бакр Иёдийнинг Самарқанд ҳанафийлари орасида яхши обрўга эга бўлганидан дарак беради. Шунинг учун ҳам Ибн Закариё Абу Бакр Иёдийни “аҳли сунна вал жамоанинг байроқдори”[6: 160б] деб эътироф этган. Шунингдек, унинг Мотуридий таъзиясида айтган сўзлари Самарқанд мактаби ичида Абу Бакр Иёдий ва Абу Мансур Мотуридийнинг алоҳида мавқелари бўлганидан далолат беради.
Абу Бакр Иёдий ўзининг айрим ақидавий қарашларини ўз ичига олган “ал-Масоил ал-ашрия ал-иёдия” асарини вафотига яқин ёзиб тугатган ва маҳаллий аҳолининг муътазилийлар ақидаларидан узоқ бўлишлари учун уни халқ орасида эълон қилдирган[7: I/357].
Абу Бакр Иёдий ушбу китобида қуйидаги ўнта ақидавий масалани ёритиб берган[10: 251а-251б]:
- Бандаларнинг феълларини яратувчи, шубҳасиз, Аллоҳдир. Уларнинг феъллари Аллоҳнинг қазоси ва машиати (хоҳиши) орқали пайдо бўлади.
- Аллоҳ азалий холиқдир (яратувчи). Унинг илми ва сифатлари азалийдир. Бу сифатлар на Аллоҳнинг ўзи ва бошқасидир.
- Идрок ва иҳота қилмасдан Аллоҳни охиратда кўриб бўлмайди. Аммо Аллоҳ (руият) кўришни истаган бандасига истаган шаклда ўз жамолини лутф қилади.
- Қуръон Аллоҳнинг каломи бўлиб, у махлуқ (яратилган) ҳам эмас ва муҳдас (кейин пайдо бўлган) ҳам эмас.
- Катта гуноҳ содир этган мўминларнинг ҳолати Аллоҳнинг машиатидир (хоҳишидадир). Аллоҳ истаса, ўз лутфи билан уларни кечиради, хоҳласа, адолати билан уларни ўз гуноҳларига яраша жазога тортади. Ўз жазосини олган ҳар қандай мўмин охир-оқибат жаннатга киради.
- Бандалар учун фойдали (аслаҳ) ёки фойдасиз бўлишидан қатъий назар, Аллоҳ истаган ишни истаган шаклда қилишга қодирдир. Аллоҳ ўз ишига жавобгар эмас, бандалар эса жавобгардир.
- Муҳаммаднинг (с.а.в) катта гуноҳ қилган мўминларни ўз шафоатларига олишлари ҳақдир.
- Қабр азоби ҳақдир.
- Аллоҳ, албатта, ўз бандаларининг дуоларини қабул қилади ва банданинг дуосида ҳикмат ва фойда бордир.
- Ҳар қандай қадар (тақдир), хоҳ у хайрли бўлсин, хоҳ ёмон бўлсин, Аллоҳдандир (Яъни, инсонларнинг яхши ёки ёмон бўлган барча феълларини тақдир қилган Аллоҳдир. Мотуридия ақидасига кўра, банда феълининг холиқи (яратувчи) Аллоҳдир, фоили (бажарувчиси) эса, бандадир.
Ҳосирийнинг таъкидлашича, ушбу ўнта масала ўша даврда Самарқанд ҳанафийларининг асосий эътиқодий қоидалари сифатида эътироф этилган ва уларга ишонмаганларни “соҳиб аш-шарр вал бидъат” (бидъат ва гуноҳ эгалари) деб ҳисоблаганлар. Лекин Абу Бакр Иёдий даврида унинг ушбу асари аҳли сунна вал жамоа уламолари орасида асосий манба сифатида аҳамиятини сақлаб қола олмаган. Чунки унинг замондоши Абу Мансур Мотуридий юқоридаги ўнта масалаларни кенгроқ тарзда ва бошқа эътиқодий масалаларни ҳам ёритган ҳолда ўзининг “Китоб ат-тавҳид” асарини ёзиб қолдирган эди. Шу тариқа Абу Мансур Мотуридий сиймоси ва унинг асарлари IX-X асрларда турли оқимларга қарши курашда асосий омил бўлиб хизмат қилган. Лекин Мотуридий ҳаётлик даврида унинг таълимоти алоҳида мактаб сифатида эътироф этилмаган бўлса-да, ақидавий қарашлари ҳанафия таълимотининг бир қисми сифатида тан олинар эди.
Хулоса қилиб айтиш мумкинки, Абу Наср Иёдий Мовароуннаҳрда ҳанафия ақидасининг шаклланиши ва мотуридия таълимотининг юзага келишида катта хизмат қилган. Манбаларда мотуридия калом мактаби тарихи ҳақида сўз кетганда, иёдийлар сулоласи алоҳида ҳурмат билан тилга олинади.
-
Ahmet Ak. Büyük Türk Âlimi Mâturîdî ve Mâturîdîlik / Монография. – Istanbul: Ìnönü Üniversitesi Ìlahiyat Fakültesi, 2008.
-
Аҳмад ибн Авазуллоҳ ал-Ҳазбий. Ал-Мотуридия: диросатан ва тақвиман. – Ар-Риёд: Дор ас-самиий, 2000.
-
Aydinli Osman. Fethinden Samanilerin Yikilişina Kadar Semerkant Tarihi, MÜSBE, İstanbul, 2001 (Doktora tezi).
-
Kutlu Sönmes. Turklerin Islamlaşma Suresinde Murçie ve tesirleri. – Ankara: 2000.
-
Ибн ал-Асир. Ал-Комил фит тарих. – Байрут: Дор Байрут нашриёти. Х жилдли. 1968.
-
Ибн Закариё Яҳё ибн Исҳоқ. Шарҳ жумал усул ад-дин ли Аби Салама ас-Самарқандий. Қўлёзма. Туркия. Сулаймония кутубхонаси. Раисулкуттоб бўлими. Инв. 690.
-
Насафий Абул Муин Маймун ибн Муҳаммад. Табсират ал-адилла фи усул ад-дин. II жилдли. К. Салома нашрга тайёрлаган. – Дамашқ: 1990-1993.
-
Оқилов С. Абу Мансур ал-Мотуридий илмий мероси ва мотуридия таълимоти. Монография. – Т.: Ҳилол-нашр нашриёти, 2020.
-
Оқилов С. Абул Муин ан-Насафий илмий мероси ва мотуридия таълимоти. Монография. – Т.: Нур-полиграф нашриёти, 2008.
-
Ҳосирий Муҳаммад ибн Иброҳим. Ал-Ҳавий фил фатаво. Туркия. Сулаймония кутубхонаси. Ҳаким ўғли Али Поша бўлими. Инв. 402.