2021 йилнинг 7-9 октябрь кунлари Қирғизистоннинг Бишкек шаҳрида Қирғиз-Турк Манас университетининг 25 йиллигига бағишлаб «Халқаро оила ва қадриятлар» мавзусида ўтказилган халқаро симпозиум маърузалар тўпламида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори ўринбосари, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори О.Муҳаммадиевнинг «Ислом динида тенглик масаласи» номли мақоласи эълон қилинди.
Мақолада “тенглик” ва “шериклик” тушунчаларининг шариатда ифодаланиши, жумладан оиладаги тенглик ҳисобини аниқлашда шаръий ёндошувлар, шунингдек, оила қуришнинг нозик жиҳатлари атрофлича ёритилган. Муаллиф эр ва хотин ўртасидаги тенгсизлик масалаларига ҳамда бошқа динга мансуб аёлларга уйланиш таомилларига ҳам алоҳида эътибор қаратган.
Нисбий тушунча сифатида қабул қилинган тенгликни сифатлай туриб, “Ҳақиқий устунлик ижтимоий ҳолат, эркак ёки аёл бўлишда эмас, балки тақвода”, дейилади мақолада.
Жами 560 бетдан иборат тўпламдан симпозиумда иштирок этган Туркия, Ўзбекистон, Миср, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, АҚШ, Германия олимларининг 70 га яқин мақоласи ўрин олган.
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбот хизмати