“Жаҳолатга қарши маърифат” шиори остида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида бўлиб ўтган маънавий-маърифий тадбир ана шундай номланди. Унда Марказ ходимлари, Самарқанд вилояти Пайариқ тумани халқ таълими бўлимига қарашли 81-сон ўрта умумтаълим мактаби ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчиси М.Абдураззоқова, ёшлар етакчиси А.Ғаниев ва мактабнинг юқори синф ўқувчилари иштирок этди.
Тадбирни Марказ Диний-маърифий тадбирлар бўлими бошлиғи Т.Эвадуллаев кириш сўзи билан очди. Нотиқ илмнинг аҳамияти, унинг жамият ва инсон хаётидаги ўрни ҳақида сўзлаб, ўқувчиларни аъло ўқишга, тил ўрганишга ҳамда юксак марралар сари шахдам одимлашга даъват этди.
Марказ директори бош маслаҳатчиси, профессор Б.Тўраев, ходимлар Ж.Жумаев ва Б.Маҳмудов ўз маърузаларида аждодларимизнинг илм-фан тараққиётига қўшган ҳиссаси ва жаҳон цивилизациясида тутган ўрни ҳақида сўз олди ва ўқувчиларга буюк боболаримизга муносиб авлод сифатида камол топиш борасидаги маслаҳатларини бериб, Ватанга бўлган муҳаббат ила унинг тараққиётига муносиб ҳисса қўшишга чорлади. Тадбирда шунингдек, бугунги кунда ёшларга яратилаётган имкониятларга ҳам алоҳида урғу қаратилди. Нотиқлар иштирокчиларга диний ва дунёвий илмнинг аҳамияти, уларнинг ўзаро боғлиқлиги тўғрисида, шу билан бирга Имом Бухорийнинг ҳаёт йўли ва илм талабидаги саёҳатлари ҳақида ҳам қизиқарли маълумотлар бердилар. Ўқувчилар ўз навбатида қизиқтирган саволларига жавоб олишди ва аждодларга муносиб авлод бўлишга ваъда беришди.
Тадбир доирасида иштирокчиларнинг Марказ музейига экскурсияси ташкил қилинди. Унда ўқувчилар музейдан ўрин олган экспонатлар, тарихий буюмлар ва қадимий қўлёзмалар билан танишдилар.
Тадбир кўтаринки руҳ ва юқори кайфиятда ўтди.