Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига Малайзия фан ва менежмент университети Президенти профессор Моҳд Шукри Аб Язид бошчилигидаги делегация ташриф буюрди.
Малайзия фан ва менежмент университети 2001 йилда ташкил этилган бўлиб, айни пайтда жаҳон рейтингида 551 ўринни, Осиё давлатлари рейтингида эса 139 поғонани эгаллаб турибди. Жами 11 та факультетда 100 дан ортиқ дастурлар бўйича аспирантура, бакалавриат ва таянч босқичларида таълим берилаётган мазкур хусусий университет Малайзия миллий университет рейтинг тизими бўйича “Аъло даражадаги университет” деб топилган ва унга ушбу давлат Олий таълим вазирлиги томонидан “Энг яхши хусусий тадбиркорлик университети” мақоми берилган.
Меҳмонлар Марказда илмий фаолиятни олиб бориш учун яратилган шароитлар ҳамда Марказ музейи экспонатлари билан яқиндан танишдилар.
Ташриф доирасида ўтказилган қисқа мулоқот давомида Марказ ва университет билан ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш масалалари муҳокама этилди. Университетда “Ҳалол стандарти” талабларини ишлаб чиқишнинг илмий асосларини ўрганиш борасида амалга оширилаётган тадқиқот ишларида Марказ билан ўзаро тажриба алмашув ҳамда малака ошириш йўналишида ходимлар алмашинувини жорий этишга бўлган эҳтиёж ҳамкорликнинг самарали истиқболларини белгилаб бериши таъкидланди.
Мулоқот сўнггида томонлар яқин келажакда билдирилган фикр ва таклифлар асосида ҳамкорликни йўлга қўйишга оид кенг доирада музокаралар олиб бориш истагини билдирдилар.
Ташриф якунида меҳмонлар Марказ учун эсдалик совғаларини тақдим этдилар.