Илм аҳли ўз китобини етказишда жорий қилган одатга мувофиқ, Имом Бухорий ҳам “Саҳиҳул Бухорий”ни айтиб ёздириш учун бир неча жойда дарс ҳалқалари ташкил қилган. Уларда алломани тинглашга муштоқ бўлган ва эшитганларини ривоят қилишга катта иштиёқ билан қарайдиган кўп одам тўпланган.
“Саҳиҳул Бухорий”ни Имом Бухорийнинг ўзидан тинглаган бу жамоалар орасида бошқалардан кўра кўпроқ қатнашган ровийлар тоифаси бўлган. Улар китобни мукаммал ўрганиб, ўзидан кейинги ровийларга комил тарзда етказган. Кейингилар ҳам шундай қилган. Натижада китоб дунё бўйлаб кенг тарқалган.
Имом Бухорий “Саҳиҳул Бухорий”дан дарс берадиган мажлисларда ривоятларни тўғрилаш, эшитганларини тўлиқ ёзиб олиш ва лафзларни тузатиш учун ҳимматини аямайдиган ровийлар тўпланган. Абу Абдуллоҳ Фирабрий: “Имом Бухорийнинг “Саҳиҳул Бухорий” китобини муаллифнинг ўзидан мен билан бирга тўқсон мингга яқин киши тинглаган”, деб айтади [1].
Тарих кейинги авлодлар учун Имом Бухорийнинг шогирдлари орасидан бугунги кунимизгача исмлари ва кўчирган нусхалари машҳур бўлганларини сақлаб қўйган. Улар: Иброҳим ибн Маъқил Насафий, Ҳаммод ибн Шокир Насафий, Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Юсуф Фирабрий, Абу Талҳа Мансур ибн Муҳаммад Паздавий ва Абу Абдуллоҳ Маҳомилий.
Ушбу табақадаги ровийлардан бири – машҳур имом, муҳаддис ва “Саҳиҳул Бухорий”ни Имом Бухорийнинг ўзидан ривоят қилган Абу Муҳаммад Ҳаммод ибн Шокир ибн Савийя Варроқ Насафий. У Исо ибн Аҳмад Асқалоний, Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий, Имом Термизий ва бошқалардан ҳадис ривоят қилган. Ундан кўплаб таниқли уламолар ҳадис ўрганган, Абу Абдуллоҳ Ҳокимнинг устози Аҳмад ибн Муҳаммад Насавий эса “Саҳиҳул Бухорий”ни ривоят қилган.
Ибн Нуқта бундай дейди: Ҳофиз Жаъфар ибн Муҳаммад ибн Муътаз Мустағфирий “Тарихи Насаф” асарида айтади: “У “Саҳиҳул Бухорий”ни Муҳаммад ибн Исмоил Бухорийдан ривоят қилган сиқа ва ишончли муҳаддисдир. Шомга борган ҳамда шомлик ва чет эллик уламолардан ҳадис ўрганган. Абу Исо Термизий ва Исо ибн Аҳмад Асқалонийдан ҳадис ривоят қилган. Менга Бакр ибн Муҳаммад ибн Жаъфар ва Қози Абу Аҳмад Бухорий ундан “Саҳиҳул Бухорий”ни бошидан охиригача ривоят қилиб берган эди” [2].
Имом Заҳабий у ҳақда “Сияру аъломин нубало” асарида: “У имом, муҳаддис ва самимий кишидир”, деган [3].
Ҳаммод ибн Шокир Насафийнинг таржимаи ҳолини ёзган уламоларнинг барчаси уни Имом Бухорийдан “Саҳиҳул Бухорий”ни ривоят қилувчи, деб таърифлаган ва бирортаси туғилган йилини зикр қилмаган, лекин 311/923 йилда вафот этганига иттифоқ бўлган.
Насафийнинг таржимаи ҳолида Имом Бухорийдан “Саҳиҳул Бухорий”ни тинглаган йили зикр қилинмаган. Лекин таржимаи ҳолини ёзганларнинг барчаси Имом Бухорийдан “Саҳиҳул Бухорий”ни ривоят қилганига ҳужжат келтирган. У “Саҳиҳул Бухорий”ни ривоят қилганига бир нечта ҳужжат бор. Унинг ривоятидаги ҳадисларнинг сони Фирабрийнинг ривоятидан икки юзтага камроқ. Шунингдек, бу гапни Бурҳониддин Абносий, Ироқий, Саховий, Шайхулислом Закариё Ансорий айтган. Улар буни Ибн Салоҳнинг “Саҳиҳул Бухорий”да ҳадислар сони 7275 тадир, деган сўзини изоҳлаб айтган. Улар: “Бу гап Фирабрийнинг ривояти ҳақида тўғри айтилган. Лекин Ҳаммод ибн Шокирнинг ривояти Фирабрийнинг ривоятидан икки юзта ҳадис камроқ”, деган. У “Саҳиҳул Бухорий”ни муаллифнинг ўзидан тинглаган ва баъзи жойларини эшитолмай қолган. Шунинг учун унинг ривоятидаги ҳадислар сони Фирабрийнинг ривоятидан икки юзтага кам, дейилади. Бу ҳадислар сони кам дегани эмас, балки “Саҳиҳул Бухорий”даги икки юзта ҳадисни Имом Бухорийдан эшитолмай қолган. Шу сабабли уларни санад билан ривоят қила олмаган.
Ҳаммод ибн Шокир Насафийнинг ривояти бизгача икки йўл орқали етиб келган. Биринчиси: Бакр ибн Муҳаммад ибн Жаъфарнинг ривояти орқали етиб келган.
Мустағфирий “Тарихи Насаф” асарида Ҳаммод ибн Шокир Насафийнинг таржимаи ҳоли ҳақида сўз юритар экан: “У “Саҳиҳул Бухорий”ни Муҳаммад ибн Исмоил Бухорийдан ривоят қилган сиқа ва ишончли муҳаддисдир. Шомга борган… Менга Бакр ибн Муҳаммад ибн Жаъфар ундан “Саҳиҳул Бухорий”ни бошидан охиригача ривоят қилиб берган эди…”, деган.
Ҳаммод ибн Шокирнинг таржимаи ҳолини ёзган уламоларнинг жуда кўпи Мустағфирийнинг мана шу гапини келтирган. Ибн Нуқта ва Заҳабий ҳам шундай деган.
Иккинчиси: Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Румайҳ Насавийнинг ривояти орқали етиб келган [4].
Юқорида номи зикр қилинган аллома “Саҳиҳул Бухорий”ни Имом Бухорийнинг ўзидан эшитган шогирди ва биринчи табақадаги ровийлардан бири ҳисобланади. Асарни муаллифга боғлаб ривоят қилган машҳур ва ишончли ровийлардан баъзиларининг санади бевосита шу кишига бориб тақалади. Шунинг учун ҳам ушбу ровийнинг ҳаёти ва илмий фаолиятини алоҳида ўрганиш муҳим аҳамиятга эга. Чунки бу йўналишдаги тадқиқотлар Имом Бухорий ҳаёти ва ижоди, ҳадисшунослик илми ва тарихига оид янги, қизиқарли, фан учун муҳим бўлган маълумотларни юзага чиқариши тайиндир.