Куни кеча Самарқандда вилоят ҳокимлиги, Туркиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси, Туркиянинг маданият ва туризм вазирлиги, Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлигининг Тошкентдаги ваколатхонаси ҳамкорлигида “Турк дунёсида таълим, илм-фан ва технологиялар соҳасида ҳамкорлик ва ўзаро таъсир” мавзуида халқаро илмий симпозиум иш бошлади.
Унда Самарқанд Давлат Университети, Қозоғистон, Молдова ва Туркиянинг қатор номдор университетлари профессор-олимлари, ўқитувчилар, мустақил тадқиқотчилар, жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этмоқда.
Симпозиум Евроосиё минтақасида фан ва техника соҳасида эришилган ютуқларни кенг оммалаштириш мақсадида ташкил этилган бўлиб, унинг дастлабки кунида Турк-ислом оламидаги тарихий динамика, илм-фан ва техника равнақи, таълим ва тарбия узвийлиги, туркий тиллар давлатларида цивилизация ва тарихий тараққиёт масалалари, шунингдек Ўзбекистон-Туркия муносабатларининг илмий ва маданий жиҳатлари, икки давлат ўртасидаги ҳамжиҳатлик ва ҳамкорлик алоқалари хронологияси батафсил таҳлил қилинди.
Симпозиум ишида Истанбул университети ректори маслаҳатчиси, профессор Муртаза Бедир таклифига биноан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори, тарих фанлари номзоди, доцент Ш.Юнусов ҳам қатнашди ва анжуманнинг шўъба йиғилишлари фаол иштирокчиларига ташкилотчиларнинг сертификатларини топширди.
Ш.Юнусов халқаро илмий анжуман доирасида Туркиянинг нуфузли олий таълим муассасаларидан бири – Истанбул университети ректори, профессор Махмуд Ак жанобларига Абу Мансур Мотуридий “Таъвилот Ал-Қуръон” асарининг Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан таржима қилиниб нашр эттирилган 30-жузини тақдим этди. Китоб ўз навбатида мазкур университетнинг Илоҳиёт факультети кутубхонасида сақлаш учун ушбу факультет декани, профессор Рамазон Муслуга топширилди.
Симпозиум бугун ўз ишини давом эттирмоқда.