Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 11 январь куни Самарқанд вилоятига ташрифи давомида буюк алломаларимизнинг нодир асарлари мазмун-моҳиятини ўрганиш ва халқимизга етказиш мақсадида уларни саралаш ва босқичма-босқич таржима қилишни ташкил этиш вазифаси топширилган эди.
Топширилган вазифа ижросини таъминлаш асносида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази тадқиқотчи олимлари томонидан мотуридия таълимотининг асосий манбаси – “Таъвилот ал-Қуръон” асарини ўзбек тилига таржима қилишдек шарафли ишга қўл урилди. Халқимизнинг аксарияти Қуръони каримдан “Фотиҳа” сураси ва 30-жуз сураларини ёддан билиши инобатга олиниб, дастлаб асарнинг айнан шу қисмлари таржима қилинди ва нашр этилди.
Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг асарлари бир неча асрлар оша бутунжаҳон маърифат майдонида ўз улуғворлигини сақлаб келиб, шарқ ва ғарбда фан ва маданият шаклланишининг пойдевори сифатида дунё илм масканларида асосий дарслик сифатида қўлланилган ва улардан ҳозиргача ҳам фойдаланиб келиняпти.
Буюк аждодларимизнинг ислом илмлари соҳасидаги илмий мероси айни кунгача дунё мусулмонлари ҳаётида муҳим аҳамият касб этиб келмоқда. Хусусан, юртимиздан чиққан фақиҳ ва калом илми алломаларининг ислом ҳуқуқшунослиги, тафсир ва ақида илми борасида тўплаган илмий-амалий тажрибаси юртимизда Қуръон ва фиқҳ илмлари ривожига муносиб ҳиссасини қўшиб келмоқда. Бу борада “Имомул ҳуда” – Ҳидоят имоми, “Мусаҳҳиҳу ақийдати аҳлис-сунна” – Аҳли сунна ақидасини тўғриловчи, “Имомул мутакаллимийн” – Мутакаллимларнинг имоми деган шарафли мартабалар билан эъзозланган Имом Мотуридий илмий меросининг қадри ва қиймати баланд.
Унинг бугунги кунгача етиб келган асарларидан энг машҳури ва илмий қиммати билан энг аҳамиятли саналгани, шубҳасиз, “Таъвилот ал-Қуръон”дир.
“Таъвилот ал-Қуръон” асари – мотуридия таълимоти асоси. Унда ҳанафийлик, Аҳли сунна вал жамоанинг бутун ақидаси таълиф қилинган. Асарда мўътазила, хавориж, рофиза, карромий, жаҳмий, мушаббиҳа каби ботил фирқаларнинг, мунажжим, фолбин ва шулар сингари инсонни соғлом фикрдан чалғитувчиларнинг қарашлари, ғоялари, иддаолари, ҳозирги замон истилоҳи билан айтганда, демагогияси муноқаша қилинган ва барчасига илмий асосда раддия берилган.
Шу сабабли ҳам Қуръони каримнинг тафсири ва таъвилига бағишланган бу асар асрлар давомида ўзининг аҳамиятини йўқотмай келяпти, унинг маъно-мазмуни бугунги кунда ҳам ўта долзарб бўлиб, ижтимоий муаммоларни бартараф этишда муҳим ўрин тутмоқда.
Асардан кўплаб ҳадислар, саҳобаларнинг сўзлари ўрин олган. Хусусан, Абдуллоҳ ибн Аббосдан нақл қилинган ривоятлар жуда кўп ўринда зикр этилади. Тадқиқотчилар тўқсонга яқин саҳоба ва тобеъиннинг номлари қаламга олинганини ҳисоблаб чиққанлар. Бундан ташқари, йигирмадан зиёд луғат ва тафсир уламоси фикрларидан фойдаланилгани қайд этилган. Уларнинг аввалида Али ибн Ҳамза Кисоий, Яҳё ибн Зиёд Фарро, Абу Убайда Маъмар ибн Мусанно, Ибн Қутайба, Мубаррад, Зажжож туради.
Таъкидлаш лозимки, юртимиз мусулмонлари Мотуридия таълимотига эътиқод қилса ва муаллиф аллома ватандошимиз бўлса ҳамки, буюк аждодимиз Абу Мансур Мотуридий қаламига мансуб “Таъвилот ал-Қуръон” асари ҳозирги даврга қадар Ўзбекистонда жиддий ўрганилмаган эди. Турли фитналар гирдобидан омон қолиб, эътиқодни соғлом тутиш машаққатли бўлиб бораётган, жаҳонда бири биридан мураккаб ва кескин сиёсий-ижтимоий жараёнлар кузатилаётган, бузғунчи кучлар Ислом динидан ғаразли мақсадлар йўлида фойдаланаётган бугунги вазиятда дину диёнатимизнинг энг муҳим асосларидан бири бўлган бу асарни ўзбек тилига таржима қилиб нашр эттириш ўта зарур ва ғоят долзарб ишлардан бирига айланди.
Таржимани мукаммал амалга ошириш мақсадида асар яқиндан ўрганилди. Хориждаги мотуридийшунос олимлар билан мулоқотлар ўтказилди, улардан маслаҳатлар олинди. Жумладан, Қуръон, тафсир илмлари бўйича таниқли олим, мотуридийшунос, Туркиянинг Фотиҳ Султон Меҳмет университети доктори Аҳмад Саъд Даманҳурий, Туркиянинг Мармара университети профессори, доктор Умар Челик, таниқли мотуридийшунос олим, “Таъвилот ал-Қуръон” асарининг турк тилига таржимони, профессор Юсуф Шавқий Явуз каби олимлар билан фикр алмашилди. Юсуф Шавқий Явуз билан унинг Самарқандга ташрифи чоғида ҳам бевосита мулоқот қилинди.
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази жамоаси томонидан олиб борилган изланишлар натижаси ўлароқ, бугун ўзбек тилидаги “Таъвилот ал-Қуръон” асари дастлабки 30-жузининг нашри дунё юзини кўрди ва бу, албатта, давлатимиз Мустақиллигининг 30 йиллигига муносиб туҳфа бўлди.
Энг улуғ, энг азиз айём арафасида иймон-эътиқодли халқимизга ўзбек тилида тақдим қилинган мазкур асардаги Қуръони карим сураларининг тафсири Қурон оятлари маъносини янада яхшироқ англашга, буюк Имом Мотуридий бобомиз таълимотини тушунишга асос бўлиб хизмат қилади.
Имом Мотуридийнинг мероси нафақат мутакаллимлар, балки дунёвий илм вакиллари, кенг жамоатчилик томонидан ҳам юқори баҳоланмоқда.
Алломанинг илмий меросида муборак ислом динининг ҳаётбахш мазмун-моҳиятини тўғри талқин қилиш, турли бидъат ва хурофотларга ботган гуруҳ ва тоифаларга қарши кураш алоҳида ўрин эгаллайди. Шу нуқтаи назардан ҳам Имом Мотуридий илгари сурган ғоялар бугунги кунда ҳам ғоятда долзарб бўлиб, нафақат илмий, балки юксак амалий аҳамиятга эгадир.