Ҳиндистоннинг Нью-Деҳли шаҳрида ўтказилаётган “Қуръон ва фан” мавзусидаги III халқаро конференцияда Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқот маркази илмий ходимлари ҳам иштирок этмоқда.

Марказ матбуот хизматининг маълум қилишича, анжуманда Швеция, Эрон, Индонезия, Буюк Британия, Кувайт, Непал каби ўттизга яқин мамлакатдан қуръоншунос олимлар, тадқиқотчилар ва мутахассислар қатнашмоқда.

Конференциянинг очилишида сўзга чиққан Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори ўринбосари Отабек Муҳаммадиев Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, Президент ташаббуси билан ташкил этилган Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари ва Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази фаолияти, шунингдек, йўлга қўйилаётган “Умра плюс” зиёрат туризми дастури ҳақида маълумот берди. Мовароуннаҳр уламолари томонидан яратилган тафсир илмига бағишланган мероснинг бугунги кундаги долзарб аҳамиятига ҳам тўхталиб, марказ томонидан “Тафсири Самарқандий”, Имом Мотуридийнинг “Таъвилотул Қуръон” асарлари ўзбек тилига илк бор таржима қилинганини таъкидлади. Ушбу асарлар сунний ақида ва мўътадил тафаккурни шакллантиришда муҳим манба экани қайд этилди.

Анжуман Қуръони каримни олий маънавий ва илмий манба сифатида қабул қилган ҳолда, табиий, гуманитар, ижтимоий, тиббиёт, муҳандислик ва технология соҳаларида фанларни илоҳий таълимот нуқтаи назаридан тадқиқ этишга қаратилган фанлараро ёндашувларни илгари сурмоқда.

Муҳокамалар давомида Мусҳафи шариф оятларини субъектив қарашлар асосида тафсир ва таъвил қилиш ҳолатлари танқидий таҳлил қилиняпти. Хусусан, сўнгги йилларда “фақат Қуръон” шиори остида шаклланаётган, суннатни инкор этишга уринаётган қуръонийлар деб аталувчи оқимларнинг илмий асосдан маҳрум ғоялари, уларнинг исломий билимлар тизимига зид жиҳатлари очиб берилди.

Иштирокчилар Ибн Ҳазм, Имом Шофеий, Имом Суютий, Имом Шавконий, Имом Заҳабий каби буюк уламоларнинг суннатнинг ҳужжат экани ҳақидаги қатъий қарашларини келтириб, ислом илмларида Қуръон, суннат ва ижмо ўртасидаги узвий боғлиқликни илмий асосда очиб берди. Суннатни рад этиш нафақат амалий ибодатларда, балки ақидавий ва ахлоқий соҳаларда ҳам жиддий бузилишларга олиб келишини қайд этди ва бундай ғояларга қарши илмий-маърифий йўл билан жавоб бериш зарурлигини таъкидланди.
Конференциянинг табиий фанлар, гуманитар фанлар, ижтимоий фанлар, тиббиёт ва соғлиқни сақлаш, муҳандислик ва технологиялар, шунингдек, Қуръон ва фан методологияси йўналишларидаги шуъбаларда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходимларининг ҳам маърузалар тақдим этиши кўзда тутилган.
Манба: UzA
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz





