Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Самарқанд вилояти ҳокими Адиз Бобоевнинг Марказ жамоаси ҳамда Ҳадис илми мактаби устоз-мураббийлари ва талабалари билан учрашуви бўлиб ўтди.

Учрашувни Марказ директори Шовосил Зиёдов очиб, сўнгги йилларда Самарқанд вилоятида, жумладан, буюк алломаларимиз хоки мангу қўним топган муқаддас масканларда амалга оширилаётган ободонлаштириш ва бунёдкорлик ишлари, Имом Бухорий мажмуаси атрофида яратилаётган замонавий илмий-маърифий муҳит ва зиёрат инфратузилмаси ҳақида маълумот берди. Ушбу ишлар миллий-маънавий меросни асраб-авайлаш ва кенг жамоатчиликка муносиб тарзда етказишга хизмат қилаётганини таъкидлади.

Самарқанд вилояти ҳокими Адиз Бобоев маънавий-маърифий соҳада амалга оширилаётган ишлар мазмунини бойитиш, самарадорлиги ва таъсирчанлигини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратди. Илм аҳлининг жамият ҳаётидаги ўрни, айниқса, Имом Бухорий ҳазратларининг бой илмий меросини ҳаёт билан уйғун ҳолда тарғиб этишнинг юксак аҳамияти қайд этилди.
Хусусан, жамиятда сабрсизлик, калтабинлик, моддий манфаатни устувор қўйиш билан боғлиқ айрим маънавий муаммолар мавжудлиги қайд этилар экан, бундай иллатларни бартараф этишда ҳадис илми ва унинг тарбиявий имкониятларидан самарали фойдаланиш муҳим экани таъкидланди.

– Имом Бухорий ҳазратларининг ҳадисларидаги ҳар бир ҳикмат инсон тафаккурини юксалтиришга, сабр ва масъулият туйғусини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Бу меросни халққа содда ва тушунарли тилда етказиш асосий вазифаларимиздан бўлиши лозим, – деди А.Бобоев.
Учрашувда маънавий-маърифий фаолиятда оммавий ахборот воситалари ва рақамли платформалар имкониятларидан кенг фойдаланиш масалалари муҳокама этилди. Телевидениеда ҳадислар шарҳига бағишланган дастурларни тизимли йўлга қўйиш, ижтимоий тармоқларда таъсирчан ва мақсадли контент орқали жамоатчилик билан мулоқотни кучайтириш зарурлиги қайд этилди. Асосий мақсад – оила, маҳалла, таълим муассасаларида соғлом ижтимоий-маънавий муҳитни янада мустаҳкамлашдан иборат экани таъкидланди.
Шунингдек, Ҳадис илми мактаби талабалари иштирокида мактаблар ва олий таълим муассасаларида маърифий учрашувлар ўтказиш, ёш авлодни миллий ва маънавий қадриятлар руҳида тарбиялаш борасидаги ишлар изчил давом эттирилиши лозимлиги қайд қилинди.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли янгиланишлар, жумладан, Имом Бухорий мажмуасининг қайта қурилиши ва унинг Марказий Осиё миқёсидаги ноёб илмий-маънавий масканга айлангани мисолида олиб борилаётган бунёдкорлик ишларининг мазмун-моҳиятига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Бу ислоҳотларни халққа холис ва мувозанатли тарзда етказиш муҳимлиги таъкидланди.
Вилоят ҳокимига Марказ илмий ходимлари томонидан олиб борилаётган илмий-тадқиқотлар, нашр иши ва маърифий фаолият ҳақида маълумот берилди. Жумладан, ҳадис илмига оид нашрлар ададини ошириш, мавзулар кўламини кенгайтириш, шунингдек, телевидение ва рақамли платформалар орқали илмий-маърифий материалларни кенг жамоатчиликка етказиш бўйича қатор таклифлар билдирилди.
Қуръон ва ҳадис илмларини ҳаёт билан уйғун ҳолда, халққа тушунарли тилда тақдим этиш маънавий тарбия самарадорлигини оширишнинг муҳим шарти экани таъкидланди.

Учрашув якунида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази фаолиятини янада такомиллаштириш, буюк аллома меросини замонавий ахборот маконида кенг тарғиб қилиш, шу орқали жамиятда соғлом тафаккур ва маънавий барқарорликни мустаҳкамлашга қаратилган вазифалар белгиланди. Бу йўналишда давлат органлари, илмий муассасалар ва жамоатчилик ўртасидаги ҳамкорликни изчил давом эттириш муҳим экани қайд этилди.
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz





