Home / АЛЛОМАЛАР / АЛОУДДИН АЛИ ИБН ЯҲЁ САМАРҚАНДИЙ (860/1456)

АЛОУДДИН АЛИ ИБН ЯҲЁ САМАРҚАНДИЙ (860/1456)

Муфассир, мутасаввиф аллома Алоуддин Али ибн Яҳё Самарқандийнинг ҳаётига оид маълумот манбаларда етарли эмас. Яҳё Самарқандий аллома Алоуддин Бухорийнинг[1] талабаларидан бўлиб, мантиқ илмида жуда иқтидорли нотиқ саналган. Аллома Мовароуннаҳрдан Туркиянинг Караман шаҳрига бориб, вафотига қадар ўша ерда яшаган. У тафсир илмини чуқур ўрганган, тафсир китобларига шарҳ ёзган.

Алоуддин Самарқандийнинг “Баҳрул улум” (“Илмлар денгизи”) номли асари бўлиб, у китоб тўрт жилддан иборат. Муқаддимасида тафсир илмининг аҳамияти ва Қуръони каримнинг мўъжиза экани таъкидланган.

Биринчи жилд “Фотиҳа” сураси билан бошланиб, “Моида” сурасининг охирги оятлари билан якунланади. Иккинчи жилди “Моида” сурасининг охирги оятларигача бўлган қисмни мужассамлаштирган. Учинчи жилдга “Исро” сурасидан “Луқмон” сурасигача бўлган тафсирлар киради. Тўртинчи жилд “Луқмон” сурасидан “Мужодала” сурасининг илк оятларигача давом этган.

Аллома оятларни шарҳлаш пайтида ҳадислардан унумли фойдаланган. Хусусан, Умар ибн Хаттоб, Али ибн Абу Толиб, Абдуллоҳ ибн Умар, Абдуллоҳ ибн Аббос, Абдуллоҳ ибн Масъуд ва Анас ибн Молик каби саҳобалар, Даҳҳоқ, Мужоҳид, Ҳасан Басрий, Ато ибн Абу Рабоҳ, Икрима, Саид ибн Жубайр, Шаъбий, Зуҳрий, Суддий, Зайд ибн Аслам, Рабиъ ибн Анас, Каъб Ахбор ва Муқотил ибн Сулаймон каби тобеинлардан бўлган муфассир саҳобалардан иқтибос келтирган. Шунингдек, асарни ёзишда Маҳмуд Замахшарий, Умар Байзовий ва Низомиддин Нисобурий каби етук алломаларнинг шарҳларидан, уларнинг усулларидан фойдаланган.

Алломанинг “Ҳошия ала шарҳиш шамсиййа”, “Ҳошия ала шарҳил матолий” ва “Ҳошия ала шарҳил мавоқиф” асарлари мавжуд бўлиб, уларнинг қачондир мавжуд бўлгани ҳақида манбаларда маълумотлар келтирилган, лекин бу китоблар бизнинг давримизгача сақланиб қолмаган.

Немис шарқшунос олими Карл Броккельман маълумотларига кўра, алломанинг “Баҳрул улум” қўлёзмаси Тунисдаги “Зайтуна” масжид кутубхонасидан топилган (I-сон, 40/1). Шунингдек, Туркиядаги Сулаймония кутубхонасидаги “Асад Афанди” (№67, №68) “Қилич Али Пошо” (№106-109) “Лалели” (№98), “Ҳасан Ҳусну Пошо” (№55) фондларида қўлёзма нусхалари рўйхатдан ўтказилган ва сақланмоқда. Ар-Риёд шаҳридаги “Марказул малик Файсал лил буҳус вад диросотил исломия” кутубхонасида асарнинг “Жумъа сураси” (инв. №76-05226), “Бақара сураси” (инв. №77-05226) га оид қисмлари мавжуд.

Алоуддин Самарқандий тафсирининг энг аҳамиятли жиҳати оят ва сураларнинг нозил бўлиш вақти ва сабаблари, сураларнинг фазилатлари оятдан ташқари ҳадислар билан ёритиб берилганидир. Шунингдек, алломанинг асарлари тафсир, Қуръон ва калом илмлари билан боғлиқ турли масалаларга алоҳида тўхталиб ўтилгани ва мутавотир ҳадислар билан кенг ёритиб берилгани билан аҳамиятлидир. Аллома етук нотиқ бўлгани сабабли энг мос ҳадисларни келтиради ва уларни ўзгача бир донолик билан изоҳлайди, айрим оятларни тафсир қилар экан, моҳирлик билан бадиий санъат усулларини қўллайди. Шу боис бўлса керак, кейинги муфассирлар ўз ижодида Алоуддин ибн Яҳёнинг маълумот, усул ва услубларидан кенг фойдаланган. Ўрни келганда эса, баъзи тасаввуфий мулоҳазаларни ҳам келтириб, Саҳл Тустарий ва Низомиддин Нисобурий сингари мутасаввиф муфассирларнинг фикрларини киритади.

Алоуддин Самарқандий 860/1456 йили Караманда вафот этган ва ўша ерда дафн этилган.

Туркия диёнат вақфи Ислом энциклопедиясидаги
маълумотлар асосида тайёрланди
Даурбекова Ирода, Ҳалимова Дилдора
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот
маркази илмий ходимлари

[1] Алоуддин Абдулазиз ибн Аҳмад ибн Муҳаммад Бухорий (730/1330) фиқҳшунос, “Кашфул асрор фи шарҳи Усулил Баздавий” асарининг муаллифи

Check Also

АБУ БАКР ЖАССОС ИЛМИЙ МЕРОСИНИНГ ҲАНАФИЙ МАЗҲАБИ РИВОЖИДА ТУТГАН ЎРНИ

Абу Бакр Жассос (ваф. 370/981) қолдирган илмий мерос ҳанафий мазҳабида ўзига хос аҳамиятга эга. Аллома …