Ислом оламида катта нуфузга эга бўлган, айниқса, фақиҳлар табақасида ўз фаолияти билан донг таратган Абу Зайд Убайдуллоҳ ибн Умар ибн Исо Дабусий 978 йили Самарқанд ва Бухоро оралиғидаги Дабусия шаҳрида таваллуд топган. У ўз фаолияти давомида кўплаб асарлар ёзиб, фиқҳ илмининг ривожига катта ҳисса қўшган.
Абу Зайд Дабусий фиқҳ илмини икки буюк фақиҳ – Абу Бакр Муҳаммад ибн Фазл Бухорий ва Абу Бакр Жассоснинг шогирди бўлган Абу Жаъфар ибн Абдуллоҳ Уструшанийдан ўрганиб, фиқҳ, усулул фиқҳ (ҳуқуқ назарияси), хилоф, жадал ва тасаввуф илмлари бўйича иқтидорли олим даражасига кўтарилган.
Манбаларда Абу Зайд Дабусийнинг фиқҳда устозлар силсиласи орқали Имом Абу Ҳанифага бориб тақалиши қуйидагича кўрсатилган:
“У (Абу Зайд Дабусий) фиқҳ илмини Шайхулимом Абу Жаъфар Уструшанийдан, у Шайхулимом Абу Бакр Муҳаммад ибн Фазлдан, у устоз Имом Абдуллоҳ Саййидмутийдан, у Абу Ҳафс Сағирдан, у отаси Имомул Кабирдан, у Муҳаммад (Шайбоний)дан, у Абу Ҳанифадан ўрганган”[1].
Аллома Қорахонийлар даврида Уструшанийдан сўнг Бухоро қозиси этиб тайинланган. Манбаларда уни Бухоронинг йирик “етти қози”сидан бири сифатида зикр қилишади. Бу ҳақда Абдулкарим Самъоний ўз китобида: “Қози Абу Зайд Абдуллоҳ ибн Умар Дабусий соҳиби “Ал-асрор”, далил билан гапирувчи, назарлари ўткир ва ҳар бир масалага асосли жавоб берувчи зот эдилар. Самарқанд ва Бухоронинг йирик олимлари билан мунозара қилардилар”[2], деб келтиради.
Абу Зайд “Таъсисун назар” (“Қарашларни асослаш”), “Тақвимул адилла фий усулил фиқҳ” (“Усулул фиқҳдаги далилларни тўғрилаш”), “Китобул асрор фил усул вал фуруъ” (“Фиқҳ илми асослари ва тармоқлари сирлари ҳақида китоб”), “Ал-амадул ақсо” (“Энг олис мақсад”), “Хизонатул ҳуда” (“Ҳидоят хазинаси”), “Шарҳул жомиъил кабир” (“Жомиъул кабирнинг шарҳи”), “Ал-анвор фий усулил фиқҳ” (“Фиқҳ асосларини очувчи нурлар”), “Ан-нузум фил фатово” (“Фатволардаги тартиб-қоидалар”), “Тажнисуд Дабусий” (“Дабусийнинг тартиб ва таснифи”), “Ат-таълиқа” (“Ҳошия”) каби қимматли асарларни ёзган. Аммо уларнинг ҳаммаси бизгача етиб келмаган.
Мазкур ўнта асардан тўрттасининг қўлёзма нусхалари турли кутубхоналарда мавжуд бўлиб, улардан баъзилари қисман, биринчи ва иккинчиси мукаммал ҳолда нашр этилган. Кейинги олти китоб манбаларда зикр этилган бўлса ҳам бугунгача сақланиб қолмаган деб ҳисобланади.
Алломанинг кўплаб асарлари айнан фиқҳга оиддир. О.Қориев ўз китобида тарихчи Фуад Сезгиннинг алломанинг фиқҳга оид етти асари борлиги ҳақида айтганлигини келтириб ўтган[3].
Олимнинг айниқса “усулул фиқҳ” бўйича ёзган “Тақвимул адилла” асари машҳурдир. Манбаларда унинг ушбу асари бу соҳада Мовароуннаҳрда яратилган ва бизгача етиб келган энг қадимий асар эканлиги айтилади. Шу сабабли уни ислом қонуншунослиги ва усулул фиқҳ фанининг Мовароуннаҳрдаги асосчиси, дейиш мумкин. Ушбу асарни Фахрулислом Баздавий шарҳлаган.
“Тақвимул адилла” китобида қиёс методининг имкониятлари, унга тегишли барча муҳим ва мураккаб атамалар ва қонун-қоидалар изоҳлаб берилган. Ибн Халдун олимнинг хизматларини бундай таърифлаган: “Ҳанафий имомларидан Абу Зайд Дабусий қиёс бўйича барчадан кўра кенг кўламли асарлар ёзди, қиёсга тегишли бўлган барча баҳс-мунозараларга якун ясади. Шу йўсинда усулул фиқҳ илми мукаммал даражага кўтарилиб, унга тегишли масалалар ўз ечимини топди, қоидалари тартибга келтирилди”.
Абу Зайд Дабусий аҳли сунна мазҳаблари орасидаги ихтилофли масалаларни тартибга солиб, илмий услубда ўрганган. Унинг “Таъсисун назар” асарида мазҳабларнинг муаммоларни ҳал қилишдаги ёндашув принципларини ёритиб берилган. Шу сабабли Абу Зайд Дабусий ислом ҳуқуқшунослигида “Илмул хилоф” деб аталган янги фаннинг асосчиси ҳисобланади[4].
Хилоф илмида шаръий далилларни келтириш, шубҳаларни даф қилиш ва хилофга сабаб бўлган далилларни солиштириб кўриш ўрганилади.
“Ал-фиқҳул муқорин” (Қиёсий ҳуқуқшунослик) ёки “Илмул хилоф” (Хилоф илми) ‒ бу исломий фиқҳий илмлардан биридир. Унда фақиҳларнинг муайян фиқҳий масалаларнинг ҳукмлари борасидаги далиллари, тушунишлари ва қиёслашларига кўра ихтилофлари ҳақида баҳс юритилади.
Унинг истилоҳий маъноси қуйидагича келади:
عِلْمٌ يَبْحَثُ فِي تَعَارُضِ الآرَاءِ الشَّرْعِيَّةِ وَكَيْفِيَّةِ الاسْتِدْلَالِ وَدَفْعِ الشُّبَهِ.
Хилоф илми ‒ шаръий фикрлардаги тафовутлар, муҳокама ва натижаларнинг ҳолати ва шубҳаларни даф қилиш ҳақида баҳс юритадиган илм[5].
Шаръий далиллардан чиқарилган фиқҳий масалаларда хилоф кўп бўлади. Чунки мужтаҳидларнинг манбалари ва услублари ҳамда назарлари турличадир. Шунинг учун бу каби хилофларнинг бўлиши оддий ҳол[6].
Аммо эътибор беришимиз керакки, хилоф деганда, уламолар бир-бирини тамоман қоралаган, деган фикрдан йироқ бўлишимиз керак. Хилоф фақатгина бирор бир масалага ечим топишда муждаҳидлар томонидан олинган шаръий далилларнинг турличалигида бўлган. Бир мужтаҳид олим бирор масала бўйича ҳукм чиқаришда бирор далилни кучлироқ санаган бўлса, бошқаси айнан шу масалага бошқа бир далилни кучлироқ санаган. Шу сабабли битта ҳукм борасида мазҳаблар ўртасида фарқли ёндашувлар пайдо бўлган.
Масалан, Абу Ҳанифа ва Имом Шофеъий ўлимтикнинг терисини ошлаш билан у пок бўлишига иттифоқ қилган. Аммо Абу Ҳанифа чўчқанинг терисини, Имом Шофеъий эса ит ва чўчқанинг терисини ошласа ҳам пок бўлмаслигига ҳукм чиқарган.
Абу Зайд Дабусийнинг “Таъсисун назар”, “Китобут таълийқа” асарлари ушбу соҳада ёзилган нодир китоблар ҳисобланади. “Таъсисун назар”да Ҳанафий мазҳаби асосчилари Абу Ҳанифа, Имом Абу Юсуф, Имом Муҳаммад Шайбоний ва бошқаларнинг қарашлари келтирилиб, ихтилофга сабаб бўлган масалалар ечими ёритиб берилган. Ушбу асар Мустафо Муҳаммад Қоббоний Димашқий томонидан тадқиқ қилинган ва алоҳида китоб қилиб нашр этилган.
Шу тариқа аллома фиқҳ илми ривожига салмоқли ҳисса қўшиб, ислом илмлари орасида янги бир йўналишга асос солган. Абу Зайд Дабусий 430/1039 йили 63 ёшида Бухорода вафот этган ва “Чор Бакр” қабристонига, Имом Абу Бакр ибн Тархон қабри ёнига дафн этилган.