ОТАЛАР ҲАҚИДА
- Ота хонадонга ташриф буюрганда ўриндан туриб, жой бўшатиш лозим.
- Ота билан кетаётганда унинг изнисиз ундан олдин юрмаслик керак.
- Ота фарзанд учун бирон нарса мерос қолдирмаса ҳам, ундан номус қилинмайди.
- Ота бор уйда бош қотиришга ва бировга маслаҳат солишга зарурат бўлмайди.
- Ота ёнида ёки у кириб келганда ёнбошлаб ётилмайди.
- Ота уйда бўлмаган маҳалда истеъмол қилинган нарсалардан унинг учун алоҳида олиб қўйилиши фазилатдир.
- Мансабли шахс бўлсанг ҳам отанг чақирганда отингдан тушиб, олдида ҳозир бўлишга шошил! Мансабинг ишингга алоқадор, отангга эмас!
- Отангнинг ёнидаги солиҳ кишиларга нисбатан самимий бўлгин, агар отанг вафот топиб кетса ўшалар билан муомала-муносабатларингни узма!
ОНАЛАР ҲАҚИДА
- Ҳадяни аввал онага, сўнг отага берилиши маҳбубдир.
- Ҳаёт бўлсалар ҳам, вафот топиб кетган бўлсалар ҳам уларнинг ҳақларига доимо дуода бўлмоқ зарур.
- Оналарнинг юзларига тушган ажинлар, қўлларининг қадоқлари – сен ва ака-укаларинг, опа-сингилларинг сабабли эканлигини билгин!
- Сенга берган оқ сутини меҳру хурсандлик билан берган, аммо сенинг унга берган таоминг баъзида миннатли ва озорлидир. Шунинг учун берган ҳар-бир луқманг меҳрли бўлиши учун камтарин бўл, камтарин бўл!
- Унга сен ҳар куни кўриниш бер, чунки онангнинг сени кўриши хум-хум тилло туҳфа қилганингдан ортиқроқдир.
- Тириклигида бор имкониятинг ила унга тавозеъли ва ширин сўзли бўл, шунда уни йўқотганингда армонда қолмайсан.
- Ҳайит кунлари онангни бағринга бос! У сени ҳар куни қучиб, ҳидларингдан тўйиб-тўйиб завқ олганини эсингдан чиқармагин!
Манба: muslim.uz
Интернет манбалари асосида Бахмал тумани «Домла Эшонқул»
жоме масжиди имом-хатиби Хушбеков Исоқул тайёрлади