Home / МАҚОЛАЛАР / БОШГА МАСҲ ТОРТИШ ВА ХИЛОЛ ҚИЛИШ ТАРТИБИ

БОШГА МАСҲ ТОРТИШ ВА ХИЛОЛ ҚИЛИШ ТАРТИБИ

Қўлни ювган заҳоти аъзони силашга масҳ дейилади. Ёки аъзоларни ювганидан кейин масҳ қилинадиган ўринларни нам қўл билан силаш масҳ бўлади. “Масҳ” деб луғатда нам қўлни юргизишга айтилади.

Масҳ қилингандан кейин қўлда қоладиган намлик бошқа аъзони масҳ қилишга ярамайди. У хоҳ ювиладиган, хоҳ масҳ қилинадиган аъзо бўлсин. Маҳсига ва ярага масҳ тортиш ҳам худди шундай.

Ҳанафий мазҳабида бошнинг тўртдан бирига масҳ тортиш фарз, ҳамма жойига бир марта масҳ тортиш эса суннатдир.

Бошқа мазҳабларда бироз фарқли. Яъни, оятни бошқа тарафдан таъвил қилган Имом Шофиъийга кўра, бошдаги бир ёки уч тола сочга масҳ тортиш ила фарз адо бўлади. Моликийларга кўра эса бошнинг ҳамма жойига масҳ тортиш фарз ҳисобланади. Уларнинг зикр қилишича, “Қўлимни деворга суртдим, дейиш билан деворнинг ҳамма жойи назарда тутилади. Чунки девор жамланган исм, ундан барча жойлари ҳам ўша девордан, деб ҳисобланади.

Муғийра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам таҳорат қилиб пешонаси (бошнинг пешона қисми)га масҳ тортди ва салласи ҳамда икки маҳсисига масҳ тортди” (Имом Муслим ривояти). Бу ҳадисдан пешона қисмига масҳ тортишнинг суннат экани таъвил қилинган. Демак, бош бармоқни сочга бир марта ёки уч марта теккизиш билан бош масҳ қилинган, бўлмайди.

Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ наздида соқолнинг тўртдан бирини хилол қилиш фарз. Тўртдан бири деганда, юздан сўнг бошнинг тук чиққан жойининг тўртдан бир бўлаги тушунилади.

Мазҳабимизда Имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳга хилоф равишда соқолнинг учигача сув теккизиш вожиб эмас (унда бўйиндаги ва юздаги тукларни ҳамда киприкчалик соқол бўлса ҳам уни ювиш вожиблиги айтилган. Аксинча бўлса, зоҳири, яъни кўриниб турган қисми ювилади).

Иккала ривоятдан ҳам машҳурроғи Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг ривояти: “Юзни тўсиб турган тукни хилол қилиш фарз”. Қозихоннинг “Шарҳу Жомиъус сағир”ида ҳам шундай дейилган. Бу соқоли тутамланадиган даражада узун бўлган кишиларга тегишлидир. Агар соқоли калта бўлса, унинг тагига сув етказиш вожиб бўлади.

Таҳорат қилиниб, сўнгра тирноқлар олинса, қайта таҳорат қилиш шарт бўлмаганидек, масҳ қилинганидан сўнг соч олинса ҳам уни қайтадан масҳ қилиши шарт эмас.

Соқолни ва панжаларни хилол қилиш, уч бор ювиш ва бошнинг ҳамма жойига бир марта масҳ тортиш ва унинг суви билан икки қулоққа масҳ тортиш, ният ва тартиб Ҳанафий мазҳабида суннатдир (“Шарҳул виқоя”).

Бошга бир марта масҳ тортиш Имом Шофиъий раҳматуллоҳи алайҳга хилофдир. Чунки шофиъийлар бошга уч марта масҳ тортиш суннат, деб ҳисоблайди.

Бошга олган сув билан қулоққа масҳ ҳам тортиш Имом Шофиъий раҳматуллоҳи алайҳга хилофдир. Яъни, шофиъийларга кўра, икки қулоққа масҳ тортиш учун янги сув олиш суннат бўлади.

Таҳоратда соқолни, бармоқлар орасини хилол қилиш, ҳар бир аъзосини уч мартадан ювиш, бошнинг ҳамма жойига бир марта масҳ тортиш суннатдир. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу айтади: “Қачон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам таҳорат олсалар, кафтларига сув олардилар. Сўнгра қўлларини иякларининг тагига киргизиб, соқолларини хилол қилардилар ва:“Раббим менга шундай қилишни буюрган”, дердилар” (Имом Абу Довуд ривояти).

Соқолни ўнг қўл билан бўйин тарафдан бошлаб хилол қилинади. Қўл панжаларининг орасини хилол қилиш учун бармоқларни бир-бирининг устидан орасига киргизилади.  Оёқ панжаларини орасини чап қўлнинг кичик бармоғи ила хилол қилинади. Бунда ўнг оёқнинг кичик бармоғидан бошлаб чап оёқда тугатилади (“Умдатур риоя”).

Таҳоратда ювиладиган ҳар бир аъзони уч мартадан ювиш суннатдир. Аммо уч марта масҳ тортиш талаб этилмайди. Агар шундай қилинса, бидъат бўлади (“Раддул муҳтор”, “Татархония”).

Изоҳ: Айрим уламолар бошнинг ҳамма жойига масҳ тортиш суннат ёки мустаҳаблиги тўғрисида баҳслашишган.

Бизнинг мазҳабимизда, Шофеъийлардан фарқли ўлароқ, бошга бир марта масҳ тортилади. “Ҳазрат Али розияллоҳу анҳу таҳорат олди. Шунда аъзоларини уч мартадан ювди. Бошига эса бир марта масҳ тортди. Ва айтдики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг таҳоратлари мана шундай эди” (Имом Термизий ривояти).

Бошга олган сув билан дейилганида, бошга масҳ тортиш учун ҳўлланган қўл билан икки қулоққа масҳ тортиш тушунилади. Шофеъийларда эса икки қулоққа масҳ тортиш учун янги сув олиш суннатдир. Олаётган таҳорати билан намоз ўқишни ният қилиш, Қуръонда баён этилган тартиб асосида таҳорат олиш суннатдир. Шофеъийларда эса ният ҳам, тартиб ҳам фарздир.

Бошга масҳ тортиш тартиби бундай: икки қўлни янги сув билан ювиб ташлаб, қўлни бошнинг олд тарафидан бош ва кўрсаткич бармоғидан бошқа панжаларини қўйиб, бўйин тарафга тортилади. Бўйиннинг соч чиққан жойидан қайтариб кафти билан бошнинг икки ён тарафини силаб, пешонанинг соч чиққан жойигача келинади. Сўнг бош ва кўрсаткич бармоқ билан қулоқ орти ва чуқурчаларини масҳ қилинади (“Раддул муҳтор”, “Тобиинул ҳақойиқ”, “Ал-Минҳон”).

Убайдуллоҳ ибн Масуъднинг “Шарҳул виқоя” асари асосида
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
илмий ходими
Абдувоҳид ЎРОЗОВ тайёрлади.

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …