Home / МАҚОЛАЛАР / САҲОБАЛАР АСРИДА СУННАТ

САҲОБАЛАР АСРИДА СУННАТ

Исломнинг илк асри дунё тарихида ахлоқ, инсоний фазилат, марҳамат ва комиллик борасида чўққига чиқиб, мислсиз фазилатлар маданиятини барпо қилган саҳоба наслининг камолотга эришган даври ҳисобланади.

Ислом дини вужудга келганидан бошлаб, мўмин-мусулмонлар, каттаю-кичик суннатни Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўргана бошлашди. Улар Қуръони каримдан тортиб, Пайғамбаримизнинг ҳаётларида нимани кўрган бўлишса, барчасини ўзларига дастур сифатида қабул қилишди. Шу боис Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётининг бирор лаҳзаси ҳам саҳобаларнинг диққат-эътиборларидан четда қолмаган.

Пайғамбаримиз суннатларини кейинги авлодга етказиб беришда саҳобаларнинг ўрни беқиёс бўлган. Суннатни нақл ва ривоят қилиш, уни соғлом сақлашда саҳобалар кейинги уламолар устози бўлишган, десак мақсадга мувофиқ бўлади.

Саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлик вақтларида шариат ҳукмларини Қуръони каримдан олишарди. Айрим Қуръон оятлари тўлиқ тафсилотсиз қисқа баён ёки аниқ бўлмасдан мутлоқ бўлиб келар эди. Масалан, намознинг адади ва ракати қанчалиги, қандай ўқилиши ёки вақтлари тўлиқ тафсилотсиз келган. Закотда мутлоқ буйруқ бўлиб, закот вожиб бўладиган энг кам чегара келтирилмаган, ўлчов ва шартлари баён қилинмаганди.

Шунингдек, шарт ва рукнларни тушунтирадиган шарҳга тўхталмасдан кўп ҳукмларга амал қилиш мумкин бўлмаган. Шунда саҳобалар ҳукмларнинг тафсилотини билиш учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга мурожаат қилишган. Расулуллоҳ эса Раббисидан етказувчи ва шариат мақсадлари, ҳадлари-ю талабларини яхши билувчи эдилар. Алло таоло: “Сизга эса одамларга нозил қилинган (маълумотлар)ни баён (тафсир) қилиб беришингиз учун ва тафаккур қилсинлар, деб бу зикрни (Қуръонни) нозил қилдик(Наҳл сураси, 44-оят мазмуни) деб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Қуръонга тафсир қилиб берувчи ва ундаги мақсаду белгиларини очувчи нисбати билан Пайғамбарлик вазифаларини эслатган.

,Саҳобалар буйруқ ва қайтариқларини ўзларига лозим тутишарди. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга ҳар бир амал, ибодат ва муомалаларида эргашардилар. “Мен намоз ўқиганимни кўрганларингдек, намоз ўқинглар”, (Бухорий ривояти) деганларига қулоқ тутиб, намоз ҳукмлари, рукнлари ва кўринишларини ўрганишарди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “(Ҳажга доир) маросимларингизни мендан олинглар”, (Муслим ривояти) деган буйруқларига биноан, саҳобалар ҳаж маросимлари, шарт ва амаллари бажарилишини Пайғамбаримиздан ўрганишарди.

Дарҳақиқат, у зот нима қилган бўлса, шуни қилишлари, тарк қилганларининг сабабини билмасдан ёки ҳикматини сўрамасдан тарк қилишлари саҳобаларнинг қандай эргашганларини кўрсатади. Ибн Умар разяллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тилло узук таққанларида саҳобалар ҳам тилло узук тақишди. Кейин Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам узукни ташлаб: “Энди ҳеч қачон уни тақмайман”, деганларида, одам (саҳоба)лар ҳам узукларни ташлашди” (Бухорий ривояти). Абу Саид Худрий разяллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалар билан намоз ўқиётганларида ковушларини ечиб, чап тарафларига қўйдилар. Қавм буни кўриб оёқ кийимларини улоқтириб юборишди. Намоз тугагандан сўнг: “Нима учун оёқ кийимингизни улоқтирдингиз”, деб сўрадилар. “Ковушингизни ечганингизни кўрдик”, дейишди улар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Жаброил алайҳи салом олдимга келиб, ковушларимда нажосат борлиги хабарини берди”, дедилар” (Абу Довуд ривояти). Айрим саҳобалар Расулуллоҳнинг сўз ва амалларидан хабардор бўлиш мақсадида қўшниси билан келишиб, навбатма-навбат Пайғамбаримизнинг мажлисларида ўтиришарди. Сўнг Пайғамбаримиздан эшитганларини бир-бирига сўзлаб беришарди.

Суннатни тўлиқ тушуниб, бошқаларга ривоят қилиш Пайғамбаримиз ҳаёт бўлган вақтларидаёқ бошланганди. Саҳобалар бир-бирларига, айниқса катта ёшдаги саҳобалар ёшларига Расулуллоҳ суннатларини тўлиқ, бекаму-кўст ривоят қилишган.

Расулуллоҳга саҳобалар тамоман боғланишганди. Улар Пайғамбаримизнинг вафотларидан кейин суннатларини юзага чиқариш ва асраб-авайлашга астойдил бел боғлашди. Саҳобалар битта ҳадисни ўрганиш учун узоқ масофага сафарга чиқишга ҳам эринишмасди. Улар ҳадисларни ўрганиб, ёзиб олиб, кейин одамларга тарқатишарди.

Саҳобалар ҳақида шундай дейиш мумкин: улар шариат яъни, Қуръон ва суннатни сақлаб қолиш, уни мусулмонлар орасида кенг татбиқ қилиб, кейинги умматга тўлиқ етказиш учун елкаларига тушган масъулиятнинг катталигини билишган. Саҳобалар бу омонатни кўтара олган одамларнинг яхшилари ва Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин бажара олганларнинг энг аълолари бўлишди. Бунинг масъулиятли эканига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Мендан бир оят (яъни озгина) бўлса ҳам етказинглар. Бани Исроил (қабоҳатлари) ҳақида гапиринглар, танглик йўқ. Ким менга қасддан ёлғон тўқиса дўзахдаги ўриндиғига жойлашаверсин” (Бухорий ва Термизий ривояти) деганлари, яна “Биздан бир нарсани эшитиб, уни худди эшитганидек қилиб етказган одамни Аллоҳ ёрлақасин, баъзи етказилган одам эшитувчидан кўра англовчироқдир”, (Термизий ривояти) деганлари, шунингдек, “Ким бир ҳадисни менга нисбат бериб гапирса-да, унинг ёлғонлиги билинса, ўша гапирган киши ёлғончиларнинг биридир”, (Муслим ривояти) сингари ҳадислари мисол бўлади.

Саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳадисларни ривоят қилиб, умматга Аллоҳнинг динини етказишда жуда эҳтиёткор бўлишган. Ҳадисларнинг саҳиҳ ва исботланганига катта эътибор қаратишган. Бунга мисол қилиб қуйидаги ҳадисларни кўрсатиш мумкин: Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Менинг сизларга кўп ҳадис айтишимни ман қиладиган нарса Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Ким менга ёлғонни қасд қилса, дўзахдаги ўриндиғини олаверсин”, деганларидир”, (Бухорий, Муслим, Термизий ва Абу Довуд ривояти) деган. Муҳаммад ибн Сириндан ривоят қилинади: “Анас Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳадис кам айтар, айтганда ҳам айтиб бўлгач: “ёки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек”, деб қўяр эди” (Ибн Можа ва Доримий ривояти). Шаъбий ва ибн Сириндан ривоят қилинади: “Ибн Масъуд Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳадис айтса, кун бўйи юзининг ранги ўзгариб юради ва: “шундай ёки шу каби (дедилар)”, дер эди” (Доримий ривояти). Шаъбийдан ривоят қилинади: “Ибн Умар билан бир йил бирга бўлдим, Расулуллоҳдан бирор ҳадис айтганини эшитмадим” (Ибн Можа ва Доримий ривояти). Абдурраҳмон ибн Лайло шундай дейди: “Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари бўлган ансорларнинг бир юз йигирматасини таниганман. Уларнинг бирортаси ҳадис айтса, биродари унга кифоя қилишини хоҳларди. Бирор нарса ҳақида фатво сўралса, биродари унга кифоя қилишини хоҳларди”. Бир ривоятда, улардан бири масала ҳақида сўралса, масалани ундан-бунга олиб борарди, ҳатто аввалги сўраган кишига қайтиб келарди” (Ибн Абдулбаррнинг “Жомиъ баёнил илм” асаридан (2/163). Яъни сўраган масалага жавоб беришдан ўзларини олиб қочарди. Соиб ибн Зайддан ривоят қилинади: “Саъд билан Маккага чиқдим, Мадинага қайтиб келгунимизча, ундан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилиб бирор ҳадисларини айтганини эшитмадим” (Ибн Можа ва Доримий ривояти). Абдурраҳмон ибн Лайлодан ривоят қилинади: “Зайд ибн Арқамга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳадис айтиб беришини айтдик. Шунда у: “Кексайдик ва унутдик, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳадис ривоят қилиш қийин (оддий нарса эмас)”, деди” (Ибн Можа ривояти).

Саҳобалар Расулуллоҳнинг муборак шахсиятидан муносиб тарзда ибрат олиб, ҳаётлари давомида кўрсатган бутун хатти-ҳаракатлари, асосан у зотнинг гўзал ахлоқидан андаза олган фазилат намуналаридир. Зеро, қаерда бир гўзаллик бўлса, ундан бир акс-садо чиқади. Саҳобалар даврида суннат ва ҳадисларга шундай эҳтиёткорлик билан эътибор берилдики, биринчи ўринда омонотдорлик бўлиб, ислом шариатидаги бор мукаммаллик кейинги авлодга етиб бориши лозим эди.

Биз ҳам саҳоба ва уларнинг таълим-тарбиясида улғайган тобеинлар каби Расулуллоҳнинг буюк ахлоқини ўрганишга талабгор бўлишимиз зарур. Орадан ўтган шунча асрларга қарамай уларнинг ҳеч қачон эскирмайдиган меросларини ўрганиб, халқимизга, ёшларимизга етказишимиз керак.

 

Қодирхон МАҲМУДОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
илмий ходими

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …