Ҳанафий мазҳабининг буюк фақиҳларидан бири Шамсулаимма Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Абу Саҳл Сарахсий 1009 йили Сарахсда туғилган. У устози Ҳалвоийдан сўнг “Шамсулаимма” (“Имомлар қуёши”) унвонига сазовар бўлган.
Бу даврда Мовароуннаҳрда қорахонийлар (927–1212) сулоласи ҳукмронлик қиларди. Аллома ёшлик чоғидан илмга қизиққан ва ўткир зеҳнли бўлган. Сарахсда бошланғич диний таълимни олиб, Қуръони каримни тўлиқ ёд олган, ҳадис, сарфу наҳв (грамматика), балоғат илмларини эгаллаган.
Кейинчалик у Мовароуннаҳрнинг турли шаҳарларида, жумладан, Самарқанд ва Бухорода илмини бойитган. Бухорода узоқ муддат яшаган. Бу ерда Абу Муҳаммад Абдулазиз ибн Аҳмад Бухорийдан (1057) фиқҳ, усули фиқҳ, ҳадис, калом, тафсир илмларидан дарс олган.
У Бухорода Шамсулаимма Ҳалвоний (ваф.1057-й), Шайхулислом Али Суғдий (ваф.1069-й) ва Абу Ҳафс Умар ибн Мансур Баззоздан илм ўрганган[1].
Имом Сарахсийнинг ҳаётида турли нохушликлар ҳам содир бўлган. Туҳматчи-ҳасадгўйлар ҳайит кунида қорахоний ҳукмдор Иброҳимхон шаънига тегадиган ёмон сўзлар билан Сарахсийни қораладилар. Иброҳимхон уни Бухородан Ўзганга сургун қилди.
Бу ҳақда қуйидагича келтирилган: “Сарахсий Мовароуннаҳрнинг Фарғона водийсидаги Ўзганд шаҳрига кўчиб борди. У ерда хоқоннинг саройида истиқомат қилди. Имом Сарахсий “ҳоқоннинг иддаси чиқмаган аёлга уйланиши ҳаром” деб фатво чиқаргани учун ҳижрий 466-йилда зиндонга солинди”[2]. У ерда ўн беш йил банди бўлди. Тарихий маълумотларда аллома ўзининг машҳур “Ал-мабсут” асарини қамоқда шогирдларига ёддан айтиб ёздиргани қайд этилган.
Шамсулаимма Сарахсий Имом Шофеъийга қараганда ўн баробар кўп матнларни биларди[3]. У ўзининг маълумотларини ҳисоблаб кўрганда 12000 жилдга етган экан.
Маҳмуд ибн Абдулазиз Ўзгандий, Рукнуддин Масъуд ибн Ҳасан, Абу Бакр Муҳаммад ибн Иброҳим Ҳасирий (ваф. 1107 й), Абу Амр Усмон ибн Али Байкандий (ваф.1158 й), Абу Муҳаммад Абдулазиз ибн Умар Моза (ваф. 1111 й) кабилар Сарахсийнинг шогирдлари бўлишган. Бурҳониддин Марғинонийнинг илк устози, бобоси Абу Ҳафс Умар ибн Ҳабиб (ваф. 1141 й) ҳам олимнинг шогирди бўлган.
Сарахсий “Ал-мабсут”, “Усулул-фиқҳ” (“Фиқҳ назарияси”), “Шарҳи китоби сияри кабир” (“Катта сийрат китобининг шарҳи”). “Ашротус соат” (“Қиёмат шартлари”), “Шарҳ китобан нафақот лил Хассоф” (“Хассофнинг “Нафақалар китоби”га шарҳ”), “Шарҳ адабул қозий лил Хассоф” (“Хассофнинг “Қозилик адаби”ига шарҳ”), “Шарҳул жомиъил кабир” (“Катта мажмуага шарҳ”), “Шарҳул жомиъус сағир” (“Кичик мажмуага шарҳ”), “Ал-фавоидул фиқҳийя” (“Фиқҳга доир фойдалар”), “Китобул ҳайз” (“Ҳайз китоби”), “Шарҳ Мухтасар ат-Таҳовий” (“Таҳовийнинг Мухтасарига шарҳ”) каби қимматли асарларни ёзган.
Муҳаммад Шайбонийнинг “зоҳир ар-ривоя” туркумига кирувчи олтита китоби мўътабар ҳисобланади. Мазкур асарларнинг энг муҳим қоидаларини кейинчалик Абул Фазл Марвазий ўзининг “Ал-кофи” китобида умумлаштирган. Шамсулаимма Сарахсий эса бу китобни батафсил шарҳловчи “Ал-мабсут” асарини яратган.
“Ал-мабсут” ҳанафийлик мазҳабига оид энг обрўли асарлардан бири деб тан олинди[4].
Аллома “Соҳибул Мабсут” номи билан ҳам машҳур бўлган. Ушбу китоб ҳақида Иброҳим ибн Али Тартусий (ваф. 1357 й.): “Сарахсийнинг “Мабсут” асари шундай бир китобки, унга зид бўлган бошқа фиқҳий қоидага амал қилинмайди, унгагина ишонилади, унинг асосидагина фатво чиқарилиб, унга асосан таъвил қилинади”, деб ёзган.
Абу Райҳон Беруний номидаги ШҚМнинг нодир манбалар фондида “Мабсут” асарининг турли асрларда котиблар томонидан кўчирилган саккизта қўлёзма нусхаси сақланмоқда[5].
Асар илк бор 1906-1913 йиллари Қоҳирада Муҳаммад Розий Ҳанафий ва бир гуруҳ олимлар томонидан 30 жилдда нашр этилган. Иккинчи марта 2001 йили Байрутда Абу Абдуллоҳ Муҳаммад Ҳасан Исмоил Шофеъий томонидан чоп этилган.
Маълумотларга кўра, Абу Бакр Сарахсий “Шарҳус сиярил кабир” асарининг “Боб аш-шурут”гача бўлган қисмини тутқунликда, ўта оғир шароитларда таълиф этган.
“Шарҳус сиярил кабир” асари ҳанафийлик фиқҳи асосчиларидан бўлган ва ислом халқаро ҳуқуқининг шаклланишида катта роль ўйнаган олим Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбонийнинг “Ас-сиярул кабир” асари шарҳидан иборат.
“Шарҳус сиярил кабир” 1825 йил Европада нашр қилинганидан кейин Ғарб олимлари ҳам ислом халқаро ҳуқуқи масалаларига қизиқа бошлаган ва Абу Бакр Сарахсийнинг илмий мақомини эътироф этган. Асар 1917 йилда тўрт жилдда Ҳиндистоннинг Ҳайдаробод шаҳрида ҳам нашр этилган.
Араб давлатлари уюшмаси қўлёзмалар маъҳади томонидан “Шарҳус сиярил кабир”нинг 28 та қўлёзмаси топилган. Улардан олтитасини асос қилиб доктор Салоҳиддин Мунажжид томонидан тайёрланган нусха китоб шаклида 1971 йили Қоҳирада чоп қилинган.
Сарахсий ҳаётининг охирги йилларини Балхда ўтказди. Унинг вафот этган йили ҳақида турли маълумотлар бор.
“The Biographical Encyclopedia of Islamic philosophy” китобида: “Шамсулаимма Абу Саҳл Муҳаммад ибн Аҳмад Сарахсий 1009-йил Машҳад ва Марв оралиғидаги Сарахс ҳудудида туғилган ва 1090 йилда Фарғонада вафот этган. Ўн беш йил давомида Ўзганда қамоқда ётган”,[6] деб келтирилган.
Аммо Балхлик Сафиюддин Воиз Балхий 1213-1214 йилларда ёзилган “Фазоили Балх” (“Балх фазилатлари”) асарида аллома 1094 йили Балхда вафот этгани ва Навбаҳор номли қабристонга дафн қилингани, қабрига ёзилган санани ўз кўзи билан кўрганини қайд қилган.