Home / АЛЛОМАЛАР / НОСИРУДДИН САМАРҚАНДИЙНИНГ “РИЁЗАТУЛ АХЛОҚ – АХЛОҚ ТАРБИЯСИДАГИ МАШАҚҚАТЛАР” АСАРИ

НОСИРУДДИН САМАРҚАНДИЙНИНГ “РИЁЗАТУЛ АХЛОҚ – АХЛОҚ ТАРБИЯСИДАГИ МАШАҚҚАТЛАР” АСАРИ

Носируддин Самарқандийнинг асарлари орасида “Риёзатул-ахлоқ – Ахлоқ тарбиясидаги машаққатлар” асари замонлар оша ўз долзарблигини йўқотмасдан келмоқда. Унинг қўлёзма нусхаси 72 варақдан иборат бўлиб, биринчи варағидан то 22 варағигача ейиш, ичиш, ётиш, туриш, юриш, овқатланиш, ўзаро мулоқот ва муомалот ҳамда ибодатларга оид одоб-ахлоқ қоидалари оятлар, ҳадислар ва ҳикматли сўзлар билан асосланиб баён этилган.

Муаллиф инсоний фазилатларга хос одоблар мажмуаси ҳақида фикр юритиб, мазкур асарида дастлаб нафс тарбиясига алоҳида эътибор қаратади. Аллома инсоний фазилатларни ўзида шакллантиришни энг буюк жиҳод сифатида келтириб, фикрини оят ва ҳадислар билан асослаб беради. Аллома бу хусусда: “Нафснинг нажоти унинг поклиги билан боғлангандир, нафснинг тарбиясидаги энг машаққатли иш – мулойимликда мудом бўлишдир”, дейди.

Инсон ўз нафсининг тарбияси билан шуғулланишда жисм парваришига, бемор бўлганда даволанишга ҳам алоҳида эътибор қаратиш лозим эканлигини уқтирадилар.

3а саҳифасида аллома мажозий маънода нафснинг ҳам касалланишини айтади ва уни тузатишнинг энг авло йўли уламоларнинг сўзлари, ундан сўнг нафсни иқомат – тўғри йўлда ушлаб туриш эканлигини таъкидлайди. Нафс тарбиясида инсон ўз-ўзини тафтиш қилиб, назорат қилиб турмоғи муҳим эканлигини зикр қилиб, унинг тарбиясида қуйидагиларга эътибор қаратишга ишора қилади: “Аллоҳ таоло агар бир бандага яхшиликни хоҳласа, унга айбларини кўрсатиб қўяди. Ўз айбини кўрмоқнинг уч йўли мавжуд бўлиб, биринчиси: ростгўй, садоқатли кишидан насиҳат олмоқдир. Умар розияллоҳу анҳу айтадилар: “Ўз айбларидан масъул бўла туриб, менинг айбларимни топадиган кишига Аллоҳ раҳм қилсин.” Иккинчиси: айблар ўз соҳибига дунёда аламли хотираларни ҳамроҳ қилиб, охиратда эса уни азобга мустаҳиқ қилмоғини унутмаслик. Учинчиси; одамлар билан аралашиб яшамоқ ва уларни айблайдиган нарсалардан воз кечмоқ. Исо алайҳи-с-салом айтадилар: “Менга бирор кимса одобни таълим бермади, лекин мен жоҳил инсонлар жаҳолатини кўриб улардан ўзимни асрадим.”

Асарнинг 4б саҳифасида аллома ёшлар тарбиясига ҳам алоҳида эътибор қаратиб: “Ёш болаларнинг қалби мусаффо қалбдур. Ўзига берилган ҳар қандай нарсани қабул қилади ва уни ўзида шакллантиради. Уларда шарм-ҳаёни шакллантириб, зоҳирий ахлоқларни ҳамда бадани ва кийимларини покиза тутишга, қандай кийимларни киймоқ мумкину қандай кийимларни кийиш мумкин эмаслигини ўргатмоқ керак”, дейди.

Асарнинг 4б ва 5а саҳифаларида аллома ёшларда одоб-ахлоқни шакллантиришда уларга Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хулқларидан сўзлаб бермоқни, Ислом динини буюк хулқлар ва чиройли амаллар билан ўралганини айтиш кераклигини уқтиради. Ўз фикрини ширинсуханликка, чиройли муомалотга, қўшнилик ҳақларини бажаришга, меҳмонни ҳурмат қилишга, беморларни зиёрат қилишга, сахийликка, бағрикенгликка, саломни биринчи бўлиб бошлашга, жаҳлни ютишга, кечиримли бўлишга, омонатдор бўлишга, хиёнат қилмасликка, мулойим сўзли бўлишга, камроқ орзуларга берилиб, кўпроқ меҳнат қилишга, ёлғон сўзламасликка ва ҳар доим ҳақ сўзни айтишга чақирувчи ҳадис ва оятлар билан қувватлаш самарали усул эканлигини таъкидлаб, бунга доир бир неча ҳадисларни келтиради.

Муаллиф асарнинг 7а саҳифасида одоб-ахлоқ тарбиясига янада кўпроқ аҳамият беришга ишорат қилган ҳолда, “Китобул-адаб (Одоблар китоби)”ни тасниф қилиб, уни “Одобул-мутааллим (Таълим олувчининг одоблари)” билан бошлаганлар. “Таълим олувчига хос бўлган сифатлардан энг биринчиси – нафсни турли разил хулқлардан поклаш керак, чунки айнан мана шу амали сабабли Аллоҳ таоло фаришталари воситасида уни бу йўлга илҳомлантиради ва таълим олишини енгиллаштиради. Зеро, ит бор уйга ва бозорларга фаришталар кирмаганидек, маънан ит бор ва ғала-ғовурли бетартиб қалбга гўзал ахлоқ яқинлашмайди”, дейди олим.

Асарнинг 7б саҳифасида муаллиф “Одобул-муаллим (Муаллимнинг одоблари)” саҳифасини очиб, таълим берувчи муътабар зотларга оид одоб-ахлоқларни баён этади ва таълим берувчининг одобларининг аввалида “муаллим толиби илмни – ўқувчини яхши кўрмоғи лозим” эканлигини ҳамда таълим беришдан асосий мақсад Яратганнинг розилиги ва савоби исталиш кераклигини уқтирадилар. Муаллиф асарнинг давомида ҳожат, покланиш ва соч олишга хос бўлган одоблар (7б – 8а) ҳақида ҳам қисқача маълумот беради. Шундан сўнг Ислом дининнг арконлари бўлган номоз, закот, рўза одобларига тўхталади (8б).

Носируддин Самарқандий: “Инсон жисмининг шифоси шифобахш гиёҳлар ва аъзолар тарбияси билан бўлса, қалблар давоси – илм-маърифат билан бўлади,” деб илм-маърифатни инсон камолатида муҳим ўрин тутишини таъкидлайди. Илм-маърифат асоси бўлган Қуръони каримнинг тиловат одоблари ҳақида муаллиф 9а саҳифада баён қилади. Шунингдек, 9а саҳифада “Дуо одоблари” мавзусида бир фасл очиб, унда дуо учун Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларига мувофиқ энг маҳбуб вақтлар ҳақида сўз юритиб, фикрларини ҳадис ва оятлар билан қувватлаб келтиради.

Шунингдек, асарда таҳорат қилмоқ, ухламоқ, ичмоқ, емоқ, меҳмон кутмоқ, тижорат, дўст тутиш, қўшничилик, сафар одобларига оид бобларни (9а, 9б, 10а, 11б, 12б, 15а саҳифалар.), 20б – Бахиллик боби, 22а – Тавозеъ боби, 22б – Тавҳид ва таваккул боби, 26а – Сахийлик, 26б – Баҳслашиш одоби, 27а – Иззат-обрў, шараф ортидан қувиш боби, 28б – Жаҳл, жидди-жаҳд (интилувчанлик) боби, 29а – Жалол (улуғлик), жамол (чирой), 36а – Ҳаё, хумқ (ахмоқлик) боби каби мавзуларга алоҳида ўрин ажратилган.

Носируддин Самарқандий асарнинг 7а саҳифасида “Китобул-одоб” мавзусида алоҳида китоб очиб, унда одобга оид маълумотларни батафсил келтирганидан сўнг асарнинг 16а саҳифасида “Китобул-ахлоқ (Хулқлар китоби)”ни очиб, унда одоб ва хулқларнинг турларига доир бир неча фасллар ва бобларни келтиради.

Асарнинг 7а саҳифасидан то 71а саҳифасигача одоб-ахлоққа оид атамаларнинг луғавий ва истилоҳий маънолари ҳамда мавзуга доир фасллар келтирилган. Китобнинг яна бир эътиборга молик томони шундаки, асарда инсонга хос бўлган ижобий ва салбий хулқ ва феълларнинг алифбо тартибида жойлаштирилганлигидир.

Носируддин Самарқандий забардаст олим ва тақволи фозил инсон бўлган. Унинг асарлари асрлар оша олиму уламолар, тадқиқотчилар, ўсиб келаётган авлодларга маънавият ва маърифат манбаи, айтиш жоиз бўлса, дастуруламал бўлиб хизмат қилиб келган. Аммо, алломанинг биронта асари ҳам ҳанузгача ўзбек тилига таржима қилинган эмас. Мазкур асарлар ўз тадқиқотчиларини кутмокда. Шу сабаб, мазкур асарларни илмий асосда тадқиқ этиш, ўзбек тилига таржима қилиб, кенг халқ оммаси, хусусан, ёшларимизга такдим этиш олдимизда турган муҳим вазифалардан ҳисобланади.

“Риёзатул ахлоқ – Ахлоқ тарбиясидаги машаққатлар” асарининг қўлёзма нусхаси

Нодир Қобилов,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот  маркази илмий ходими. 
Ёқубжон  Мансуров,
Ўзбекистон Мусулмонлари идораси Самарқанд вилоят вакиллиги ўринбосари.

Check Also

АБУ БАКР ЖАССОС ИЛМИЙ МЕРОСИНИНГ ҲАНАФИЙ МАЗҲАБИ РИВОЖИДА ТУТГАН ЎРНИ

Абу Бакр Жассос (ваф. 370/981) қолдирган илмий мерос ҳанафий мазҳабида ўзига хос аҳамиятга эга. Аллома …