Home / МАҚОЛАЛАР / ЎЗБЕКИСТОНДАГИ ДИНИЙ-МАЪРИФИЙ СОҲАДАГИ ИСЛОҲОТЛАР МУСУЛМОН ДУНЁСИНИНГ ДИҚҚАТ МАРКАЗИДА

ЎЗБЕКИСТОНДАГИ ДИНИЙ-МАЪРИФИЙ СОҲАДАГИ ИСЛОҲОТЛАР МУСУЛМОН ДУНЁСИНИНГ ДИҚҚАТ МАРКАЗИДА

Сўнгги 4 йил — 2016-2020 йилларни ўз ичига олган давр илмий ва эксперт доиралар томонидан Ўзбекистон тараққиётининг янги босқичи деб аталмоқда. Ушбу қисқа вақт ичида Ўзбекистонда турли соҳаларда амалга оширилган ислоҳотлар давлат ва жамиятнинг жадал ривожланишига эришиш, халқ фаровонлиги ва осойишталигини таъминлашга хизмат қилмоқда. Ислоҳотларнинг ҳуқуқий асосини яратиш, уларнинг изчиллигига эришиш мақсадида 2017-2021 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси қабул қилинди.

Ҳаракатлар стратегиясининг бешинчи йўналишида диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган. Бу борада республикада амалга оширилаётган ишлар жамиятимиздаги ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат муҳитини янада мустаҳкамламоқда.

Бугун 34,5 миллионлик Ўзбекистан аҳолисини 130 дан ошиқ турли миллат, 16 та диний конфессия вакиллари ташкил қилади. Уларнинг миллий ўзлигини сақлаш ва ривожлантириш, эътиқод эркинлигини таъминлашга оид ҳуқуқлари Конституция ва қонунлар асосида қатъий кафолатланган.

Ўтган қисқа вақт давомида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштиришга қаратилган муҳим ташаббуслар илгари сурилди.

Биринчидан, 2016 йилнинг 18 октябрида Тошкентда Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгаши 43-сессияси йиғилишида Ўзбекистон Президенти томонидан Самарқандда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш ташаббуси илгари сурилди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази қисқа вақт ичида Миср, Туркия, Малайзия, Буюк Британия, Франция, Германиядаги халқаро ислом марказлари билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиб, биргаликда йирик илмий лойиҳаларни амалга оширмоқда.

Уч йиллик фаолияти давомида Марказ томонидан буюк алломаларимизнинг 30 га яқин асари таржима қилинди. Хорижнинг етакчи экспертлари, исломшунос олимлари Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказининг ўрта асрларга оид илмий меросни ўрганишдаги фаолиятини жаҳоннинг нуфузли марказлари даражасида эканини эътироф этдилар.

Яқинда Марказ олимлари томонидан Имом Мотуридийнинг дунёга машҳур “Таъвилот ал-Қуръон” китоби илк марта ўзбек тилига таржима қилинди. Ҳеч муболағасиз, ушбу ноёб асар Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 1 100 йилдан сўнг халқимизга ўз она тилида қайтариб берилди.

Ўзининг бебаҳо асарлари билан ислом дини ривожига буюк ҳисса қўшган Имом Бухорий, Имом Термизий, Маҳмуд Замахшарий, Бурҳониддин Марғиноний каби алломаларимиз асарларини ўрганиш, тадқиқ этиш, ўзбек тилида уларнинг таржима ва шарҳларини, танқи-дий матнларини тайёрлаш — бу осон эмас ва ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди. Бунинг учун чуқур билим ва катта тажриба, сабр ва тоқат керак. Энг муҳими, Аллоҳ берган истеъдод, нозик дид ва фаросат бўлиши зарур.

Игна билан қудуқ қазишдек бундай оғир меҳнатнинг барча заҳмат ва машаққатини бошидан ўтказган одамгина билади, тушунади. Бундан неча асрлар илгари ёзилган, дунёнинг турли мамлакатларида сақлаб келинаётган қадимий китобларни бугунги кун талаби даражасида тайёрлаш — жуда мураккаб жараён. Ўзбекистон Президенти ана шундай савобли амалга кўз нури, ақл-заковати, бутун умрини сарф этаётган олим ва тадқиқотчиларимиз, диний соҳа ходимларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларга муносиб меҳнат шароити яратиб беришга катта эътибор қаратмоқдалар.

Иккинчидан, Ўзбекистон Республикаси Президенти 2017 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида иштирок этиб, халқаро майдонда ислом динига нисбатан кузатилаётган бир ёқлама салбий муносабатга нисбатан ўзининг қатъий позициясини мухтасар ифода қилиб, жумладан шундай деди: Биз муқаддас динимизни зўравонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўядиганларни қатъий қоралаймиз ва улар билан ҳеч қачон муроса қила олмаймиз. Ислом дини бизни эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-авайлашга даъват этади.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотида Ўзбекистон раҳбари жаҳон ҳамжамиятига Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказини ташкил этиш лойиҳаси ҳақида сўзлади.

Ислом цивилизацияси маркази ўз ғояси ва аҳамиятига кўра бетакрор лойиҳа бўлиб, ислом динининг илмий-маънавий бойлиги, бунёдкорлик салоҳиятини намойиш этишга қаратилган.

Ўтган йиллар давомида Ўзбекистон Президенти Ислом цивилизацияси маркази биносининг қурилиш майдонига бир неча бор ташриф буюриб, унинг аҳамияти, халқимиз, хусусан, ёшларимизни инсониятнинг эзгу ғоялари руҳида тарбиялашдаги ўрни ҳақида муҳим таклиф ва ташаббусларни билдирдилар.

Шунингдек, Ўзбекистон раҳбари ташаббуси билан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси ялпи мажлисида “Маърифат ва диний бағрикенглик тўғрисида”ги махсус резолюция қабул қилинди. Резолюция Бирлашган Миллатлар Ташкилотига аъзо 100 дан ошиқ давлатлар томонидан қўллаб-қувватланди.

Ушбу резолюция бағрикенглик ва ўзаро ҳурматни қарор топтириш, диний эркинликни таъминлаш, эътиқод қилувчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг камситилишига йўл қўймаслик бўйича саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлайди.

Учинчидан, бугунги мураккаб ва таҳликали даврда замонавий таҳдидларга қарши тура оладиган, чуқур билим ва кенг дунёқарашга эга, диний фанларни пухта ўзлаштирган мутахассисларни тайёрлаш вазифаси долзарб аҳамият касб этмоқда. Ана шу мақсадда 2018 йилда Ўзбекистон халқаро ислом академияси таъсис этилди.

Буюк аллома аждодларимизнинг ислом илм-фани ва маданияти ривожига қўшган ҳиссасини тадқиқ этиш, ёшларни юксак одоб, маърифат ва бунёдкорлик ғоялари асосида тарбиялаш ушбу таълим масканининг асосий мақсадларидан ҳисобланади.

Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Доримийдек буюк аждодларимиз асос солган ҳадис мактаблари фаолиятини қайта тиклаш ва ривожлантириш, улар қолдирган бой илмий меросни ўрганиш мақсадида Самарқандда Ҳадис илми мактаби ташкил этилди.

Энг замонавий жиҳозлар, педагогик технологиялар билан таъминланган ушбу таълим муассасасига дунёнинг машҳур Ал-Азҳар университетидан профессор-ўқитувчилар жалб этилди. Араб-мусулмон мамлакатларидан 1 000 номда 8 тонна ҳажмдаги энг сўнгги ўқув адабиётлари, илмий манбалар олиб келинди.

Бухоро вилоятидаги машҳур диний таълим муассасасининг мусулмон дунёсидаги ўрни ва нуфузи, диний ходимлар тайёрлашдаги аҳамиятини эътиборга олиб, Мир Араб олий мадрасаси ташкил этилди. Қайд этиш керак-ки, Мир Араб мадрасаси ўз фаолияти давомида нафақат мамлакатимиз, балки Марказий Осиё давлатлари учун ҳам диний ва дунёвий билимларни пухта ўзлаштирган кадрларни етиштириб чиқарган. Бугун Россия, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон каби давлатлардаги нуфузли уламолар айнан Мир Араб мадрасасининг битирувчилари ҳисобланади.

Шунингдек, табаррук Термиз заминида буюк муҳаддис Имом Термизий номи билан аталадиган халқаро илмий-тадқиқот маркази, диний таълим муассасаси фаолият бошлади. Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан Имом Термизий, Ҳаким Термизий ва бошқа термизий алломаларнинг 14 та асари ўзбек тилига таржима қилиниб, чоп этилди.

Мусулмонлар эътиқодини тўғриловчи, уларни ҳидоят йўлига бошловчи аллома Имом Мотуридий илмий меросининг бугунги кундаги долзарб аҳамиятини эътиборга олиб, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази ташкил қилинди.

Ушбу марказлар халқимизга ислом динининг асл таълимотларини етказишга хизмат қилмоқда. Ёшларимизнинг ёт оқимлар таъсирига тушишининг олдини олиш, уларни илм-фанга рағбатлантириш, юксак ахлоқий қадриятлар асосида тарбиялашда “Жаҳолатга қарши маърифат” эзгу ғояси асосида фаолият юритувчи ушбу муассасалар ўта муҳим аҳамиятга эга.

Тўртинчидан, Ўзбекистонда диний соҳа ходимлари, жумладан, имом-хатибларнинг жамиятда аҳиллик ва барқарорликни мустаҳкамлашдаги ўрнига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Зиёратгоҳлар, масжидлар, диний таълим муассасаларини қўллаб-қувватлаш мақсадида Вақф хайрия жамоат фонди ташкил этилди.

Давлатимиз раҳбари ташаббуслари билан дину диёнатимиз, улуғ алломаларимизга ҳурмат рамзи сифатида Тошкент шаҳрида “Имом Термизий”, “Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф”, “Сузук ота” масжид-мажмуалари, Наманганда Султон Увайс Қараний зиёратгоҳи, Бухорода Баҳоуддин Нақшбанд ва етти пир зиёратгоҳлари, Шерободда Имом Термизий зиёратгоҳи, Урганчда “Охун бобо” масжиди, Хивада Паҳлавон Маҳмуд зиёратгоҳи, Нукусда “Имом эшон Муҳаммад” масжиди ва яна кўплаб табаррук манзилларда кенг кўламли қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Қисқа муддатда бу масканлар ғоят гўзал ва улуғвор қиёфа касб этди.

Айниқса, бундан минг йил олдин диний эътиқод масаласида ёзган асарлари билан адашганларга тўғри йўл кўрсатган Абу Муин Насафий бобомизнинг зиёратгоҳи тубдан таъмирланиб, ҳар томонлама обод қилинди. Буюк алломанинг “Табсиратул адилла” номли китоби ўзбек тилида нашр этилди. Бу асар билан танишган одам турли сохта ва зарарли оқимларнинг моҳиятини англаб етади.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда имом-хатибларнинг билим ва касбий малакасини оширишга алоҳида эътибор берилмоқда. Шу мақсадда, Халқаро ислом академиясининг Малака ошириш маркази ва унинг 4 та ҳудудий филиали фаолияти йўлга қўйилди. Унда ҳар йили юзлаб имом-хатиблар бугунги воқелик талабларидан келиб чиқиб, билим ва кўникмаларини оширмоқдалар.

Бешинчидан, Мовароуннаҳр — ҳозирги Ўзбекистон илм-фан ва маданиятининг тарихий маркази ҳисобланади. Муҳаммад Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Аҳмад Фарғоний, Ибн Сино, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Маҳмуд Замахшарий, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий каби алломалар, буюк мутафаккирлар ўз даврида Мовароуннаҳрда Биринчи ва Иккинчи Ренессанс даврини бошлаб берган бўлса, Янги Ўзбекистонда ушбу буюк сиймолар номи билан ташкил этилган марказлар, таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари Учинчи Ренессансга илмий пойдевор бўлиши ният қилинди.

Ушбу соҳадаги ислоҳотларнинг яна бир муҳим мақсади — Ўзбекистоннинг инсоният цивилизациясига қўшган буюк ҳиссасини тарғиб қилиш орқали ёшларни маърифатга рағбатлантириш, инновацион ривожланишнинг бой миллий меросга асосланган янги тараққиётига йўл очиш ҳисобланади.

Олтинчидан, турли ёт оқимлар таъсирига берилиб, қилган ишидан пушаймон бўлган 20 мингдан зиёд фуқаролар реабилитация қилинди, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, ҳаётда ўз ўрнини топишига ёрдам берилмоқда.

Қилган хатосини англаб етган ва тузалиш йўлига кирган шахсларнинг оиласи бағрига, тинч ҳаётга қайтишига имконият яратилди.

Ўзбекистон раҳбариятининг кечиримлилик ва юксак инсонпарварлик сиёсатининг амалдаги инъикосини Сурия ва Ироқдан юртимизга қайтарилган фуқароларимиз мисолида ҳам англаб етиш мумкин. “Меҳр”, “Меҳр-2”, “Меҳр-3” операциялари натижасида 317 нафар аёллар ҳамда болалар уруш ўчоқларидан тинчлик ва фаровонлик ўлкаси бўлмиш Ўзбекистонга қайтарилди.

Таъкидлаш керакки, бугунги кунда мусулмон дунёсининг ўзаро ҳамкорлигини кучайтириш, олдимизда турган муаммоларга ечим топиш ва ислом умматининг бирдамлигини мустаҳкамлашда мусулмон мамлакатларининг имконият ва салоҳиятини сафарбар этиш ғоят муҳим аҳамият касб этмоқда.

Шу маънода, биз Ўзбекистондаги ислом илмий-тадқиқот марказлари томонидан дунёнинг етакчи исломшунослик марказлари билан ҳамкорликда буюк алломаларимизнинг илмий меросига бағишланган халқаро конференциялар ўтказилмоқда.

Хусусан, 2020 йилнинг 3-4 март кунлари Самарқанд шаҳрида “Имом Мотуридий ва мотуридия таълимоти: ўтмиш ва бугун” мавзусидаги халқаро конференция юқори савияда ташкил этилди.

Конференцияда дунёнинг 15 мамлакатидан 55 нафар таниқли уламолар, муфтийлар, мотуридийшунос экспертлар, 100 нафар маҳаллий олим ва тадқиқотчилар қатнашди.

Жумладан, Миср Бош имоми, Ал-Азҳар мажмуаси шайхи Аҳмад Таййиб бошчилигидаги 19 нафар мисрлик нуфузли диний арбобларнинг иштироки конференциянинг халқаро мақомини янада оширди.

Аҳмад Таййиб конференциянинг юқори савияда ташкил қилингани, юксак даражада эътибор кўрсатилгани ҳамда “Самарқанд шаҳрининг фахрий фуқароси” мақомига муносиб кўрилгани учун Ўзбекистон Президентига чуқур миннатдорлигини билдирди.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, сўнгги 4 йилда мамлакатимизда кенг кўлам ва юксак аҳамият касб этган диний-маърифий йўналишдаги ислоҳотлар Ўзбекистоннинг мусулмон дунёсида ислом цивилизацияси маркази сифатида эътироф этилишининг муҳим омили бўлмоқда.

Шаҳзод ИСЛОМОВ,
исломшунос, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори
Манба: “Янги Ўзбекистон” газетаси
2021 йил 23 февраль, №38 (294)

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …