Бурҳониддин Маҳмуд Ал-Бухорий маънавий мероси ҳақида кўплаб манбаларда хабар берилсада, унинг ҳаёти ва ўрта асрларда фиқҳ илмининг ривожига салмоқли хисса қўшган Оли Моза номи билан машҳур бўлган оиласи ҳақида кам ўрганилган. Бурҳониддин Маҳмуд Ал-Бухорий 551/1156-йил Марғилон шаҳрида туғилган. Лекин ўзининг илмий фаолиятини Бухоро ва Самарқанд шаҳарларида яшаб давом эттирган.
Асли марвлик бўлган Оли Моза оиласининг асосчиси Бурҳону-л-Кабир Салжуқийлар султони Султон Санжарнинг Мовароуннаҳрга ҳарбий юришларида ҳамроҳлик қилиши натижасида Бухорога келиб ўрнашган. Алломанинг Марғилон шаҳрида таваллуд топиши айнан ушбу ҳарбий юришларга боғланади. Шунинг учун аллома исмига ал-Бухорий, тўлиқ аталганда ал-Марғиноний нисбаси қўшиб айтилади.
Салжуқийлар даврида ҳар бир шаҳарда ҳам раис (дин ишлари билан шуғулланувчи вакил), ҳам амир (ҳукумат ишлари билан шуғулланувчи вакил) тайин этилган. Раислар маҳаллий ёхуд ҳукмдорнинг буйриғига биноан султонга содиқ диний арбоблардан (Оли Моза оиласи вакилларига ўхшаш) тайинланган[1]. Оли Моза оиласи вакиллари ҳам диний, ҳам дунёвий ҳукмдор доира даражасига кўтарилган.
Ушбу оила ҳанафий мазҳабининг ривожига катта хисса қўшди. Бухоролик “Оли Моза” (Моза оиласи)нинг буюк имоми ва раисларидан бири Садри жаҳон Бурҳонуддин Муҳаммад ва унинг авлодлари ҳимояси остида 6000 фақиҳ ҳаёт кечириб, уларнинг барчаси Ҳанафий мазҳабига мансуб бўлганлар. Ушбу оила Мўғул ҳужумидан кейин ҳам Ҳанафий фақиҳларини ўз ҳимоялари остига олганлар. Масалан 674 ҳижрий йили 4000 фақиҳ улар ёрдамидан фойданганлар. Манбаларда кўрсатилишича, оила аъзоларидан бири Садрус-судур Бурҳонуддин Абдулазиз ибн Умар Самарқанд шаҳрида 30 минг қизил олтин (динор) тўплаб, бир Ҳанафий фақиҳнинг ҳаётини сақлаб қолган[2].
Бурҳониддин Маҳмуд Ал-Бухорийнинг вояга етишида, фиқҳ илми соҳасида машҳур бўлишида унинг Самарқанд ва Бухорода давлат ва дин ишларини бошқаришда асосий фигура ҳисобланган ана ўша Оли Моза ёки садрлар номи билан машҳур оиласи муҳим рол ўйнади.
Бурҳониддин Маҳмуд Ал-Бухорий ҳанафий мазҳабига доир фиқҳий асарларда “Бурҳониддин”, “Бурҳону-л-ислом”, “Садру-л-ислом”, “Садруддин” ва “Бурҳону-ш-шариа” каби ном ва унвонлар билан зикр қилинади. Унинг устозлари, асосан, ўз оиласидан чиққан фақиҳлар бўлиб, асосий билимни ўз отаси Садр Саиддан олган.
Тарихчи Тамимий алломанинг отаси Садр Саиднинг кўзга кўринган шогирдларидан ўз ўғли Маҳмуд ва машҳур “ал-Ҳидоя” асарининг муаллифи Бурҳониддин Марғиноний исмини келтиради[3].
Бурҳониддин Маҳмуд Ал-Бухорий 1219 йил 63 ёшида Бухоро ҳимояси учун мўғуллар билан бўлган жангда шаҳид бўлади. Унинг шогирдлари кўп бўлишига қарамай, табақотларда фақатгина ўз ўғли Тоҳир ибн Маҳмуднинг номи зикр этилади халос.
Бурҳониддин Маҳмуд Ал-Бухорийнинг фақиҳ сифатида танилишида унинг Самарқанддаги фаолияти муҳимдир. Бухородаги зиддият ва келишмовчиликлар оиланинг Самарқандга келиб ўрнашишига сабаб бўлди. У “аз-Захирату-л-бурҳониййа” асарида қуйидаги фикрларни келтирган: “…Самарқандда турган муддатимда сўралган бошқа фатволарни ҳам тўпладим”.
Манбалар унинг асарлари асосан Самарқандда битилгани, “ал-Муҳит” асарининг илк нусхалари ҳам шу шаҳар хаттотлари томонидан кўчирилганлигини тасдиқлайди. Масалан, Абу-л-Фатҳ Али ал-Марғиноний 1262-1265 йилларда Самарқанддаги ал-Амириййа мадрасасида “ал-Муҳит”ни китоб шаклига келтирган.
Ҳозирги кунгача Бурҳониддин Маҳмуд Ал-Бухорийнинг иккита асари ҳақидаги маълумотлар ўз илмий тасдиғини топган эди. Булар “ал-Муҳит” ва “аз-Захирату-л-бурҳониййа” асарларидир. Тадқиқотлар натижасига кўра қуйидаги асарлар ҳам унинг қаламига мансуб экани аниқланган: “Татиммату-л-фатово”, “ал-Вожиз фи-л-фатово”, “ат-Таҳрир фи-л-фатово”, “Нисобу-л-фуқаҳо фи-л-фатово”, “ат-Тариқату-л-бурҳониййа”, “ал-Фатово ал-Бурҳониййа”, “ат-Тажрид фи-л-фуруъ”.
Бурҳониддин Маҳмуд Ал-Бухорийнинг шоҳ асари бўлмиш “ал-Муҳит” бир неча марта нашрга тайёрланган. Асарнинг илк йирик нашрини Аҳмад Иззу Иноя ҳар бири ўртача 500-550 бетдан иборат бўлган ўн жилдлик китоб ҳолида амалга оширган.
Ушбу асарнинг Туркиядаги Боязид, Сулаймония, Кўпрулу кутубхоналарида 66 та, Қоҳирадаги “Ал-Азҳар”, “Дору-л-кутуби-л- Мисрийя” ва Искандария миллий кутубхоналарида 27 та, Абу Райҳон Беруний номидаги ШҚМда 10 та қўлёзма нусхаси мавжуд.
“Оли Моза” сулоласининг Мовароуннаҳрда фиқҳ илмининг ривожига қўшган хиссаси каттадир. Бурҳониддин Маҳмуд Ал-Бухорийга кейинги давр олимлари томонидан мужтаҳид олим мақоми берилишининг ўзиёқ Оли Моза оиласининг ҳанафий фиқҳи ривожига қўшган беқиёс хизматларига асос бўлади. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, XX аср бошларигача ёзилган ҳанафий мазҳабидаги фиқҳий асарларнинг барчасида “Оли Моза” фақиҳлари асарлари ва фатволаридан кенг фойдаланилган.
[1] И.И Бекмирзаев. Бурҳониддин Маҳмуд ал-Бухорий ва Мовароуннаҳр қозилиги. –Т:.“Таълим нашриёти”, 2011. –Б. 7-8.
[2] А.Ш.Жўзжоний. Н.Юсупова. Бурҳониддин Марғиноний – буюк фақиҳ. –Т:.“Академия”, 2007. –Б.11.
[3] Ўрта аср шарқ алломалари энциклопедияси. Самарқанд -2016. –Б.69.