Табаррук гўшалар
Юртимиз табаррук қадамжолар, муқаддас зиёратгоҳларга бой. Уларни юксак қадрлаб, бус-бутунлигича сақлай олсак, сайёҳларнинг диққат-эътиборини, ҳайратини янада оширишга эришамиз. Шу маънода давлатимиз раҳбари жорий йилнинг 9 декабрь куни туризмни ривожлантириш ва спортни оммалаштириш масалаларига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида зиёрат туризмида тарғибот ва илмий ёндашув етишмаётганини таъкидлади. Шунингдек, буюк олим Абу Мансур Мотуридий мақбараси ва унинг яқинида дафн этилган 8 буюк уламо қадамжосини мотуридия таълимотининг зиёрат марказига айлантириш мумкинлигини ҳам айтиб ўтди.
Қаффол Шоший мақбараси, Бароқхон, Мўйи муборак мадрасалари, Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ҳазрати Имом масжиди каби диққатга сазовор объектларни ўзида жамлаган, халқ тилида Хастимом номи билан юритилиб келинаётган мажмуа ҳам улуғлигимизни дунё аҳлига намоён этишга хизмат қилади. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан журналистлар учун Ҳазрати Имом мажмуаси бўйлаб ташкил этилган пресс-турдан кўзланган мақсад ҳам унинг ислом оламида тутган ўрни, қадр-қиммати ҳақидаги тарғибот-ташвиқот ишларини кучайтиришдан иборат бўлди.
ШАРҚОНА УСЛУБНИНГ ЎЗИГА ХОС НАМУНАСИ
Мажмуага қадам қўйган инсон Ҳазрати Имом масжидининг чинакам шарқона услубда қурилганига гувоҳ бўлади. Масжиднинг ғиштлари ҳам, эшик, устунлари ҳам ўзига хос. Хусусан, Ҳиндистондан келтирилган, сандал дарахтидан тайёрланган 21 дона ёғоч устун моҳир ўймакор усталаримиз томонидан саккиз қиррали қилиб, Тошкент услубига хос ишланган. Узунлиги 77 метр, эни 22 метр бўлган масжид хонақоҳи ҳам диққатга сазовор. Сайёҳлар эътиборини тортаётган жиҳат ҳам ўзимизга хослик, миллий услуб экани инобатга олиниб, хонақоҳ гумбази шокилали қандиллар билан безатилган. Масжиднинг икки томонидаги миноралар узунлиги 57 метрдан. Улар хоразмлик ва самарқандлик усталар меҳнатининг самарасидир. Айни пайтда бу ерда таъмирлаш ишлари якунига етай, деб турибди.
— Ўз даврида ва ҳозир ҳам энг катта саналиб келаётган масжидда ҳар жума куни қарийб 6 минг мўмин-мусулмон ибодат қилмоқда. Намозхонларимиз кўпайиб, Тиллашайх масжиди кичиклик қилиб қолгач, бу масжид тез фурсатда қуриб битказилди. Кўриб турганингиздек, барча кам-кўстларига ишлов бериляпти. Насиб қилса, тез орада таъмирлаш ишларини якунига етказамиз, — деди биз билан суҳбатда масжид мутаваллиси Баҳром Мираҳмедов.
УЛУҒЛАР ТАҲСИЛ ОЛГАН ДАРГОҲ
Илгари Намозгоҳ деб аталган Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти собиқ шўролар давридаги 2 та диний таълим даргоҳининг бири бўлиб, 1971 йилда очилган. Иккинчиси — Бухородаги Мир араб мадрасаси. Айни пайтда эса республикамизда 3 та олий диний таълим даргоҳи, 9 та диний билим юрти фаолият кўрсатяпти. Тошкент ислом институти давом эттирувчи таълим даргоҳи ҳисобланиб, имом-хатиблар, исломшунослар, умуман, юқори малакали диний мутахассисларни тайёрлайди. Бу даргоҳда кўплаб обрў-эътиборли дин арбоблари таҳсил олган. Чеченистон Республикасининг биринчи президенти Аҳмад Қодиров, Шайх Муҳаммадсодиқ Муҳаммадюсуф, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ана шундай шахслар сирасидан. Айни пайтда бу ердаги 700 нафарга яқин илми толибнинг 360 нафари махсус сиртқи таҳсил олмоқда. Институтда ақоид ва фиқҳ, ҳадис ва ислом тарихи, таҳфизул Қуръон, тиллар ҳамда ижтимоий фанлар кафедралари бор.
Институтнинг ақоид ва фиқҳий фанлар кафедраси мудири Соатмурод Примовнинг айтишича, бу ерда дарслар биринчи курсданоқ араб тилида ўтилади. Хусусан, Имом Бурҳониддин Марғинонийнинг “Ал-видоя”, Имом Бухорийнинг “Саҳиҳи Бухорий”, Имом Термизийнинг “Сунани Термизий” асарлари ўқитилади. Аҳамиятлиси, институт номини хорижда ҳам эътироф этишади. Баъзи бир чет давлатларда бакалавр даражасини олиб келганлар ҳам қайтадан шу даражани олиш учун таҳсил олаётганлари бунинг исботидир. Ўқитиш сифати сезиларли даражада юксалган ушбу институт талабаси бўлиш осон эмас. Бунинг учун жуда катта синовлардан ўтиш лозим. Эндиликда жорий этилаётган ўқув режасига кўра, институтга 9 та ислом билим юртидан бирини тамомлаганларгина қабул қилинади. Чунки улар араб тилини тўлиқ билгани боис, барча эътиборни мутахассислик фанларини пухта ўзлаштиришга қаратади. Шундай бўлса-да, араб тилини чуқур ўзлаштиришга қаратилган балоғат, мантиқ бўйича фанлари ҳам ўқитилади. Зеро, араб тили дунёда ўзлаштириш қийин тиллардан бири. Фиқҳ, ақоид, ислом тарихи, ҳадис, тафсир каби асосий мутахассислик фанларини мукаммал билишда, албатта, ушбу тил пойдевор бўлади. Институтни тамомлаган етук талабалар илмий соҳада фаолият юритиб, диссертациялар ҳимоя қиляпти.
Шунингдек, олийгоҳ ўқитувчилари, иқтидорли талабалари томонидан араб тилидаги қадимий китоблар халқ тушунадиган қилиб ўзбек тилига ўгириляпти. Масалан, 1995 йилда бир жузи таржима қилинган “Ал-видоя” асарининг қолган жузлари ҳам таржима жараёнида. Бу асар нафақат юртимизда, балки бутун ислом оламидаги диний таълим муассасаларида асосий дарслик ҳисобланади. Юксак салоҳият билан ёзилгани учун ҳам у катта аҳамиятга эга. Институтда ҳар йили шундай аҳамиятга молик 10 дан ортиқ илмий ўқув қўлланма, китоб, рисола таржимаси устида иш олиб борилади.
МАЖМУА ЯНАДА ОБОД БЎЛАДИ
Қаффол Шоший кароматлари билан машҳур улуғ зот, валиуллоҳдир. Шунинг учун ҳам у Ҳазрати Имом мартабасига муносиб ва айни буюклиги ҳурматидан бутун мажмуа шундай номланган. Қадим Шошда туғилгани учун Шоший дейилса, “қаффол” сўзи қулфчи, қулфсоз деган маънони англатиб, аллома қулфсозлик билан шуғулланганидан дарак беради. Фиқҳ илми пешволаридан бўлган Қаффол Шоший ҳазратлари “Ал-Жадал ал-Ҳасан”, “Жавомеъ ал-Калим”, “Адаб ал-Қозий”, “Илм ал-Жадал”, “Маҳосин аш-Шариъа” каби кўплаб машҳур асарлари билан дунёга машҳур. Айрим манбаларда айтилишича, Қаффол Шоший вафот этганидан сўнг Қорахонийлар ғиштдан унинг ҳозирги мақбарасига ўхшаш қурилма тиклаган. Мўғуллар истилоси даврида вайронага айланган бу мақбарани Амир Темур XIV асрда қайтадан бунёд этган. Ҳозирги ёдгорликнинг замин қисмлари X-XI асрларга, юқори қисми эса XIV-XVI асрларга хос бўлиб, Самарқанд услубида қурилган. СССР даврида бошқа улуғларимиз қабрлари ва сағаналари каби Ҳазрати имом Абу Бакр Қаффол Шоший мақбараси ҳам ўта ташландиқ ҳолатга келиб қолган эди. Айни пайтда бу ерлар таниб бўлмас даражада ўзгариб, обод манзилга айланди.
Қаффол Шошийнинг ёнида Зиёвуддин эшон Бобохондек бир қанча азиз уламоларимиз ётибди. Туркия, Ҳиндистон, Покистон каби давлатлардан сайёҳлар бу табаррук манзилни зиёрат қилгани келади. Вилоятлардан ташриф буюрадиган юртдошларимиз ҳам Тошкент шаҳрига келганда, албатта, бу ерни зиёрат қилмай кетмайди.
Мажмуадан жой олган Бароқхон мадрасаси ҳам сайёҳлар эътиборини тортиб келяпти. XVI асрда қурилган бу мадраса узоқ йиллар давомида шу йўналишда фаолият кўрсатган. Афсуски, совет тузуми даврида юртимиздаги кўплаб қадамжолар қаторида бу ер ҳам вайрона бўлиб, ташландиқ ҳолга келган эди. Мустақилликдан сўнг тарихий, маданий меросларимиз қайта тикланиб, реставрация қилиниши натижасида чиройли ҳолга келди. 1943 йилда Ўрта Осиё ва Қозоғистон диний назорати ташкил топгач, мадраса Ўрта Осиё диний идораси тасарруфига берилади. 1956 йилдан 2006 йилгача бу ерда Ўзбекистон мусулмонлари идораси — диний назорат иш олиб борган. Мажмуада 2006-2007 йилларда олиб борилган қурилиш-таъмирлаш ишларидан сўнг Мусулмонлар идораси янги жойга кўчирилиб, Бароқхон мадрасаси ҳунармандларга топширилди. 2018 йилда Вақф хайрия жамоат фонди тасарруфига ўтиб, фонд ҳунармандлар билан ҳамкорликда бу ердан фойдаланиб келмоқда. Энг муҳими, зиёрат туризми ривож топяпти. Масканни янада обод қилиш борасида режалар ишлаб чиқилмоқда. Мадрасанинг ҳолати Маданий мерос департаменти ва унинг бошқармалари томонидан мунтазам текшириб борилади.
УСМОН МУСҲАФИ УЧУН АЛОҲИДА МУЗЕЙ ҚУРИЛАДИ
Мўйи муборак мадрасасида йиллар давомида пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг муборак соч толалари сақлангани учун у шундай номланади. “Мўй” сўзи соч толаси маъносини англатади. Тарихийлиги жиҳатидан мадраса XV-XVI асрларга тўғри келади. Қўқон хонлиги даврида мадраса қайта тикланган. Охирги марта 2006-2007 йилларда мажмуада қурилиш-таъмирлаш ўтказилган. Мажмуанинг энг муҳим объекти — Усмон мусҳафи (саҳифаланган Қуръон) сақланаётган мадраса. Пайғамбаримиз (с.а.в.) даврида Қуръон тошларга, ёғочларга, териларга ёзилган. Ҳазрати Абубакир розияллоҳу анҳу даврида биринчи бор жамланган, 644-646 йилларда ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу даврида китоб 6 та мусҳаф қилиниб, 5 та давлатга юборилади. Фитналар урчиган бир даврда бомдод намозидан сўнг Қуръон ўқиб ўтирган Усмонга тўсатдан суиқасд бўлиб, китобга қон томади. Ҳозир ҳам унинг бош саҳифаларида қон доғлари бор.
Унинг юртимизга келишига оид бир қанча ривоятлар мавжуд. Ривоятларга кўра, Амир Темур XIV асрнинг охирларида Басрани босиб олган пайтда Қуръони каримни Самарқандга олиб келган ва Бибихоним масжидида сақлаган. Айнан мана шу Қуръон учун тошдан ясалган катта лавҳ ҳозир ҳам Бибихоним масжидида сақланади. 1869 йилда чор Россияси истилоси даврида Усмон мусҳафи Санкт-Петербургга олиб кетилиб, Эрмитажда сақланган. Ундан кўчирилган 50 та нусха турли давлатларга тарқатилади. 1917 йилги инқилобдан сўнг Эрмитаждаги буюмлар жойларга бериб юборилаётган пайтда Қуръони карим Уфадаги мусулмонлар жамиятига берилади. Самарқандлик ва тошкентлик уламоларимизнинг совет ҳукуматига мурожаати билан 1924 йилда у Ўзбекистонга қайтарилади. Дастлаб Кўкалдош мадрасасида 2 йил сақланиб, кейин Тошкентдаги тарих музейига берилади. 1989 йилда муфтий Шайх Муҳаммадсодиқ Муҳаммадюсуф ташаббуси билан мана шу мадрасага келтирилади ва ҳозиргача шу ерда сақланмоқда. 2006-2007 йилги ободонлаштиришдан сўнг Усмон мусҳафи учун Германиядан махсус саркофаг олиб келинди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси, қолаверса, чет элдан ҳам мутахассислар жалб қилиниб, мусҳафнинг қандай ҳолатда экани юзасидан экспертиза ишлари олиб борилади. Шу ўринда айтиш жоизки, Президентимиз бу ерга ташрифи чоғида айни ҳудудда мусҳафни сақлашга муносиб марказ қуриш кераклигини таъкидлаган эди. Шу боис, мажмуа ёнида Ислом цивилизацияси маркази қуриляпти. Насиб қилса, марказ ичида Усмон мусҳафи учун алоҳида музей бўлади. Ҳазрати Имом мақбараси эса ушбу марказ билан янада мунавварланади.
Мухтасар айтганда, Ҳазрати Имом мажмуасининг аввалги ҳолатини кўрган одам бугун унинг бутунлай янги қиёфа касб этаётганига гувоҳ бўлади. Мақола аввалида тилга олганимиздек, ўз меросимиз, маданий, маънавий бойликларимизнинг қадр-қимматини, аввало, ўзимиз муносиб баҳолаб, уларнинг туризмни ривожлантиришдаги юксак аҳамиятини англаб етсаккина, сайёҳлар эътиборини торта оламиз.