Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 29 йиллиги олдидан…
Илгари уруш ҳақида, юртдошларимизнинг фронтдаги мислсиз жасорати, бурчга, Ватанга, оиласига, севиклисига садоқати тўғрисидаги гаплар, асосан кўтаринки руҳда бўларди. Орадан анча вақт ўтган бўлса ҳам бу қирғиннинг ҳали теша тегмаган мавзулари ва айтиб тугатилмаган хотиралари ҳамон бизни ҳаяжонга солаверади. Биз ва биздан кейинги авлодларимиз уруш йилларидан тобора узоқлашганимиз сари жангчиларимизнинг ҳамда фронт ортидаги кишиларнинг олий инсоний фазилатларини қалбда ғурур ва кўзда ёш билан тобора чуқурроқ ҳис қиламиз. Айни болалик палласи икки жаҳон уруши даврига тўғри келган 1937 йил 26 сентябрь куни Тошкент шаҳрида туғилган журналист ва публицист Анвар ака ТОЖИЕВ билан машъум тарихий воқеалар ҳақида дилдан суҳбатлашдик.
ҚОРА ХАТ
Ҳамон чуқур қайғу билан эслайман. Отам Тожиев Зоҳидни 1942 йилнинг 21 январь куни қариндош-уруғларимиз билан йиғи-сиғи ва дуойи-фотиҳа билан урушга кузатдик.
Осмон аёз, кун жуда совуқ эди. Ҳовлида отамни кузатишга келган ўртоқлари билан гаплашиб турган ҳолатлари хотирамда ҳамон жонланаверади.
Ўша пайтда Рустам укам энди эмаклаётган гўдак эди…
Уруш тугаган, аммо, отамдан ҳеч қандай дарак бўлмаган. Орадан бир йил ўтиб, Калинин фронтининг аллақайси қисмида бўлиб ўтган жангда отамнинг қаҳрамонларча ҳалок бўлганини билганмиз.
Онам Каромат ая ва отамнинг ака-укалари то бу дунёдан кўз юмганларига қадар умид билан эшик пойлаб ўтиб кетишди.
Урушда ҳалок бўлганларнинг уйига “қора хат” келарди. Почта ходимлари бундай хатларни элтиб беришдан қўрқишарди. Қайси эшикка хат келса, бирор дақиқадан сўнг, бу ердан дод-фарёд овози эшитиларди. Шунинг учун хатларни, асосан, руслар таширди. Почтальонни “шумқадам” дейишарди. Бизнинг уйга ҳам шунақа “қора хат” келган, уни оила аъзоларимиздан бирининг қўлига тутқазиб кетган экан. Хатни олган одам ичидан куйган бўлса ҳам, фиғонини юзага чиқармаган, уни яшириб келган. Одатда бундай хатларни наматларнинг тагига яширишарди. Хатни катта амаким кўриб қолган бўлса ҳам уйда йиғи-сиғи, аза очилишига йўл қўймай яна бекитган. Уйдагиларнинг ҳаммаси, ҳатто, онам ҳам бу хатдан хабардор бўлишса-да, уруш тугашини, отамнинг ярадорлар ёки бедарак кетганлар сафидан чиқишидан умидвор бўлиб яшашган.
Бу вақтда ҳовлимиздан тўрт киши фронт ва фронт орти ишларига сафарбар этилган. Уч киши ҳалок бўлган, яна бири 17 ёшли амаким оғир жароҳат олиб қайтган. Энг катта амаким фронт ортида хизмат қилган бўлса ҳам кўплаб қийинчиликларни бошидан кечирди.
Отамнинг ягона божаси Абдуҳамид амаким отамдан бир кун кейин урушга кузатилганида, онамнинг ягона синглиси ҳали биринчи фарзандига ҳомиладор бўлган. Фарзанд туғилганида, амаким Ҳарков яқинидаги жангда қатнашаётган эди. У одамнинг ҳаёт йўли ҳам оғир ва изтиробли.
“Қора хат”нинг изи йўқолган. Хонадонимизда отамга атаб аза очилмаган. Ҳамма сўнгги дақиқаларгача “тирикдир, келиб қолар” деган умид билан яшашган.
Онам 24 ёшида икки фарзанди билан қолиб, сабр-тоқат ила отамни кутган. Умр бўйи “Компрессор” заводида оддий ишчи бўлиб ишлаб, болаларни (бизни) вояга етказди. Уруш йиллари ва ундан кейинги моддий ва маънавий қийинчиликлар ўз таъсирини кўрсатди. Кичик неварасининг айтишича, уйда ҳеч ким йўқлигида онам отамнинг суратини қўлига олиб, узоқ тикилар экан. Сўнг, неварага “Бобонг – катта командир. Яқинда келиб қоладилар” дер экан. Демак, билардикки, онам ҳамон отамни кутарди!
Ҳаммамизни умид билан кутишга даъват қиларди. Салкам эллик йил шу зайлда ўтса ҳам, кутар эдилар. У кишига қўшилиб, биз ҳам отамизнинг келишидан умидвор яшадик.
Онам каби уруш даври аёлларининг, садоқат соҳибаларининг бардоши шу қадар чексиз эдики, менинг фикримча эртаклардаги вафо ҳақидаги афсоналар ҳам улар олдида ҳеч гап эмасди.
Бунга Аллоҳ шоҳид! Бунга биз тириклар гувоҳмиз.
Айтишларича, урушдан кейинги даврда бир киши онамга одам қўйдириб, турмушга чиқиши учун розилигини сўраган экан. Шунда онам: “Хўжайиним келиб қолсалар, икки дунёим куяди-ку! Менга бу дунёнинг фароғати керакмас. Нима бўлса, пешонамдан кўрдим, кутаман!” деган эканлар.
Бундай гапларни юзлаб бошқа бевалар ҳам айтишган. Юксак инсоний жасорат ва садоқатни ўзига қамраган бу иборалар – луғат бойлигимиз ва ҳикматлар сафидан ўрин олган бўлса, ажаб эмас.
Онам умрининг охирида, оз муддат қарилик нафақасини олганлар. Фронтда ҳалок бўлган отам учун ҳам нафақа олишни онам истамади.
Онам оламдан ўтганида, отамнинг расмини ҳам қўшиб дафн этдик. Ҳар икковларига битта қабртош ўрнатдик. Отам ва онамга жаноза ҳам, аза ҳам бирга ўтказилди. Машъум уруш туфайли, 47 йиллик айрилиқдан сўнг, улар шу тариқа топишган бўлса ажаб эмас.
Тўғри, оталар жанг қилишган, аммо, уруш азобини оналар кўпроқ тортишган десак, янглишмаган бўламиз.
“Уруш даври болалари…”
Бу ҳали ҳам адиблар, тарихчилар, файласуфлар, педагоглар томонидан тўла ўрганилмаган бир мавзудир. Олти ёшдан далада бошоқ терган, саккиз ёшда от етаклаб пайкал оралаган, ўн ёшидан кетмон билан ғўзани чопиқ қилган, ўн икки ёшидан иморатга ғишт терган болалар кейинчалик, мамлакатимизда мустақилликни қарор топишида бош-қош бўлганлар, юрт равнақи учун ўзларини бахш этган зотлардир.
“Отасиз етимлик – гул етимлик” экан. Бева оналар ҳалок бўлган эрлари ўрнига оилада эркак вазифасини бажаришди. Отасиз ўсган ўғил болалар – тезроқ эркак бўлиб, қизлар – иффатли келинчак бўлишга мажбур эди, ақлини танишлари биланоқ, оталари ўрнини эгаллашди.
Уларни оналар шундай қилиб тарбиялашди.
Мен ҳам онам вафот этган куни отамнинг ҳам ҳалок бўлганини ҳис этдим. Ер куррасини айлантириб турган бир куч бўлиб, у тўхтаб қолгандай туюлди менга.
Уруш даври аёллари..!
Эҳтимолки, Аллоҳ коинотни улар туфайли яратган.
Улар биз учун, биздан кейинги авлодлар учун ер юзининг шамчироғи, қуёши, юлдузи, қўйингки, бутун борлиғи билан бир тимсол бўлиб қолди.
Илоҳо, Аллоҳ уларнинг руҳларини шод этиб, Фирдавс жаннатидан жой ато этган бўлсин!
МУНОЖОТ
… Онам вафотидан бир ҳафта олдин оиламда тўй бўлди. Кичик ўғлимга келин олдим. Тўйда онамнинг ўзи бош-қош бўлди. Тўйга келган яқинларимиз онам ўтирган хонага кириб, у кишини зиёрат этишар, тўй билан табриклаб, дуо олишарди. Тўй кўп қаватли уйлар орасидаги ҳовлида бўлгани учун, онам уни юқоридан яхши кўра олмади. Тўй тугаб, одамлар тарқала бошлагач, таниқли ҳофиз Муҳаммаджон Каримовдан онам олдига кириб, бир жуфт қўшиқ айтиб беришини илтимос қилдим.
Ҳофиз дарҳол дуторини олиб, юқорига, хонадонимга йўл олди.
Бу дақиқаларни мен бир умр унутолмайман.
Санъаткор ўз маҳорати билангина эмас, айни вақтда, одамлар қалбига йўл топа олиши билан “санъаткор” деган номга сазовор бўлгай.
Муҳаммаджон ака онамни кўриб, вазиятни дарҳол тушунди. Онамга атаб мумтоз санъатимизнинг дурдонаси бўлган икки қўшиғини ижро этди.
“Кеча келгумдир дебон, ул сарву гулру келмади,
Кўзларимга кеча тонг отгунча уйқу келмади.
Лаҳза-лаҳза чиқдим-у, чекдим йўлида интизор,
Келди жон оғзимга-ю ул шўхи бадҳу келмади….”
Бу қўшиқ гўё онам ҳақида эди…
Фронтда ҳалок бўлган эрини қирқ етти йил йўлига кўз тикиб кутган садоқат соҳибасининг ноласи эди…
Шоир Абдулла Орипов айтганидек,
“Муножот”нинг куйи шундайин оғир бўлса,
Ғамнинг ўзига қандай чидай олган одамзот”?
Чидаган!
Темир, пўлат эмас, волфрам, молибден, титандан ҳам чидамли экан оналарнинг вужуди! 47 йил давомида пўлат қотишмалари ҳам ғам намида чириб кетарди, деб ўйлайман.
Онамнинг вужуди эса бу ғамга бардош берди!
Ҳофиз иккинчи қўшиқни бошлади:
“Қаро кўзим келу мардумлиғ эмди фан қилғил,
Кўзум қаросида мардум киби ватан қилғил….”
Онам атрофида парвона бўлиб турган сингиллари, фарзандлари, келинлар бир-биридан яшириниб йиғлашарди.
Ҳофиз хиргойиси – онамнинг отам олдида ўз қасами, бурчини бажаргани ва марҳум жангчи руҳига тиловатдек янграрди.
Қўшиқ тугади. Ҳамма йиғларди. Фақат онам бардам эди. У киши ҳофизни дуо қилди. Атаганларини ҳофизга тутқазиб, менга чопон кийдиришни имо қилди.
Онам биринчи марта отам жангда ҳалок бўлганини тан олганликларини, тақдирга тан бериб, умр йўлдоши – жасур жангчи ёнига очиқ юз билан боражакларини бизга билдирмоқчи эдилар, чамамда.
Биз ҳаммамиз буни сездик. Бу дақиқалар онам учун, отамиз олдида, фарзандлари олдида, келгуси авлодлар олдида рози-ризолик дамлари эди.
Бир воқеадан бир ҳафта ўтиб, пайшанба куни кечқурун онам вафот этди. Жума куни Кўкча масжидида онамга қўшиб, отамга ҳам жаноза ўқилди. Қабрлари устига битта ёдгорлик тоши ўрнатдик.
Оиланинг каттаси – мен отамни икки-уч марта кўрганим хотирамда қолган. Укам Рустам ёш бўлган. Аммо, фарзандларимиз, невараларимиз жангчи бобосини яхши билишади. Кино ёки расмларда қаҳрамон жангчини кўришса, “ана, бобом”, деб чувиллашади.
Минг шукурлар бўлсинки, авлодлар боболар руҳига содиқлар.
Минг шукурлар бўлсинки, аждодларга эҳтиромни Худо уларнинг дилларига, вужудларига жо қилди.
Демак, боболар, момоларнинг номлари мангу, жасоратлари абадийдир.
Қуриб кетгур уруш туфайли ўша вақтда 6 ярим миллион аҳолиси бўлган Ўзбекистондан 1.433.230 киши фронт ишларига сафарбар этилган.
Шулардан: 420 минг киши жангу жадалларда ҳалок бўлган. 120 минг киши бедарак кетган. 640 минг киши ногирон бўлиб қайтган!
Уларнинг ҳаммаси тоғни урса талқон қиладиган норғул йигитлар эди.
Бу рақамлар ортида шунча тул қолган аёллар, қизлар бўлганини, юз минглаб фарзандидан айрилган ота-оналарни, отасиз қолган етим болаларни ҳам уйлаб кўринг!
Улар ҳам бирин-кетин ўтиб боришяпти.
Эй Аллоҳ, раҳматинг ва ҳимматингни улардан дариғ тутмагайсан!
Марҳум жангчиларнинг рафиқалари абадул-абад энг юксак инсоний эҳтиром соҳибаларидирлар. Уларнинг руҳлари марҳум жангчилар билан бирга жаннатнинг энг эътиборли жойида бўлсин дея, дуо қилайлик.
Қабрларини мунтазам зиёрат этайлик!
Одамлар! Маълум ва номаълум марҳум жангчилар қабрига гул қўяётганизда, уларнинг бардошли ва садоқатли умр йўлдошлари хотирасини ҳам ёдга олинглар!
Улар бундай эъзозга қаҳрамон эрлари билан баробар сазовордир!