Маълумки, Ислом динининг илк даврларида мусулмонлар жамиятининг идора қилиниши пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам бошқарувларида бўлган. Ул зот вафотларидан сўнг мусулмонлар жамияти халифалар бошқарувига ўтади. Кейинчалик Ислом сарҳадлари кенгайиб халифалик ҳам турли ҳудудларга бўлиниб кетади ва алалоқибат мусулмон ўлкаларида номи халифалик, бошқарув тузуми эса мулкчиликка, маълум бир ҳудудларга асосланган подшоҳликлар вужудга келади. Улар расман халифалик деб номлансада, аслида давлат бошқаруви подшоҳлик тузуми кўринишида эди. Вақтлар ўтиши билан у давлатлар ҳам халифалик деб аталмай, ўз номи билан подшоҳлик, султонлик деб юритила бошланди. Аслида ҳам шундай бўлиши керак эди. Чунки, айтиб ўтганимиздек, у давлатлардан фақат халифалик деган ном қолган эди холос.
Ҳар бир тузум ва ҳар бир жамиятда бўлгани каби кейинчалик бундай давлат бошқарувларидан норози бўладиган айрим тоифалар вужудга келди. Уларнинг баъзилари ўз норозиликларини жамиятда халифалик бошқарувини жорий қилиш ғояси асосида изҳор қила бошлади. Ушбу ғоя остида ўзларини ғаразли мақсадларини амалга оширишга уринишлар бўлди. Улар Ислом тарихининг энг гуллаб яшнаган даври халифалик бошқарувини амалда яна қайта жорий қилиш ва шу орқали гўёки мусулмонларни ягона бир давлатга бирлаштириб, қудратли халифалик давлати тузиш даъволари остида турли хил фитнали ҳаракатлар, уруш ва хунрезликларни амалга оширдилар. Бу даъво остида қанчадан-қанча бегуноҳ инсонлар қони, хусусан тинч аҳоли, болалар, аёллар, қариялар қони тўкилди, мусулмон халқлари яшайдиган обод ўлкалар вайрон бўлди. Бунга яқин ўтмиш ҳам гувоҳ. Бугунги кунда ҳам айрим ҳолларда шахси номаълум бир гуруҳ кимсалар томонидан халифалик бошқарувига қайтиш даъволари ва уни сабаб қилиб жиҳодга чорлаш каби ботил чақириқлар интернет сайтлари, ижтимоий тармоқдаги турли саҳифаларда кўзга ташланиб туради. Ҳолбуки, халифалик ва у даврга қайтиш даъволари айрим тоифаларнинг ҳокимиятни эгаллаш йўлидаги асосий ғоявий қуролига айланиб улгурган. Уларнинг бу даъволарига қарши чиққан ҳар қандай киши, ҳатто ислом динининг забардаст уламолари ҳам ҳеч иккиланмасдан кофирга чиқарилиб, имкон топилди дейилганда жонига суиқасд қилиниб ўлдирилди. Ҳолат бу умматнинг тинч-тотув ҳаётига раҳна солиш, олимлари, аёллари ва ҳатто болаларини ўлдирилиш даражасигача етиб келган бўлсада, ҳали ҳануз уларнинг тузоғига тушаётганлар кузатилмоқда. Мазкур ҳунрезликлар барчага яққол маълум бўлиб улгурган бўлсада халифалик масаласи мусулмон халқлари орасидаги айрим жоҳил кимсалар учун ҳозиргача баҳсли масалалардан бири бўлиб келмоқда.
Аслида уларнинг бу даъволари ислом дини ақидаларига, манбаларига нечоғлик мос келади? Халифалик нима, подшоҳлик нима? Қуръони карим оятларида ва Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисларида бу каби даъволарга қандай муносабат билдирилган? Мазкур саволларга жавоб топиш, асл ҳақиқатни англаб етиш учун оят ва ҳадисларга мурожаат қилиб, уларни кенгроқ шарҳлаб хулосани сизга ҳавола қилишни ният қилдик.
Бундан мақсад шу каби даъволарни кўтариб чиқаётганлар билан баҳслашиш эмас, балки асл ҳақиқатни уларга етказишдир. Бу борадаги ҳаққоний маълумотларни рўёбга чиқариш учун ҳолисона туриб асл манбаларга мурожаат қиламиз.
“Халофа, халифа” – (الخلافة) сўзи луғатда “ўринбосар” маъносини англатади. Қуръони каримнинг Бақара[1] ва Сод сурасида[2] “халифа” сўзи зикр қилинган. Ушбу суралардаги оятлар мазмунидан келиб чиқиб, халифа ўз нафсини жиловлай олган, ер юзида бузғунчиликни ҳар қандай кўринишига ва ноҳақ қон тўкишга мутлақо қарши бўлган киши деб таъвил қилиш мумкин бўлади. Демак, халифа аввало ўзини тақводорлиги билан халқ орасида танилган, Аллоҳ таолонинг розилиги йўлида ер юзини ислоҳ этадиган, адолат ва ҳақиқат билан ҳукм юргизадиган, халқлар орасида эзгуликни тарқатадиган кишидир.
Амалда эса бу сўз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафотларидан сўнг у зотнинг ўрнига дин ва дунё ишларини бошқариш учун сайланган кишига нисбатан айтилади.[3] Халифаликка сайланиш учун илмли, адолатли, халқни ҳимоя қила олиши ва душманга қарши тура олиши, ҳам жисмонан, ҳам маънан соғлом бўлиши ҳамда Қурайш қабиласидан бўлиши[4] каби шартлар қатъий белгилаб қўйилган[5]. Халифаликка келиш учун юқорида кўрсатилган шартлар билан бир қаторда омма томонидан сайланиш ва байъат қилиш орқали амалга оширилган.
Энди халифалик бошқаруви ҳақида манбаларда келган далиллардан Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисларига мурожаат қиламиз:
6943 – أخبرنا أبو يعلى حدثنا علي بن الجعد الجوهري أخبرنا حماد بن سلمة عن سعيد بن جهمان، عن سفينة قال: سمعت رسول الله صلى الله عليه و سلم يقول : الخلافة بعدي ثلاثون سنة ثم تكون ملكا . قال : أمسك خلافة أبي بكر رضي الله عنه سنتين و عمر رضي الله عنه عشرا و عثمان رضي الله عنه اثنتي عشرة و علي رضي الله عنه ستا. قال علي بن الجعد : قلت لحماد بن سلمة : سفينة القائل : أمسك؟ قال : نعم. إسناده حسن. [6]
Сафина розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни: “Мендан сўнг халифалик ўттиз йилдир. Ундан кейин подшоҳликлар бўлади”, деб айтаётганларини эшитдим. Абу Бакр халифалиги икки йил, Умарнинг халифалиги ўн йил, Усмон розияллоҳу анҳунинг халифалиги ўн икки йил ва Али розияллоҳу анҳунинг халифалиги олти йил давом этди, деди. Ровийлар санадидаги Али ибн Жаъд: Ҳаммод ибн Саламадан: Охирги сўзни Сафина айтганми? деб сўрадим, деди. Ҳаммод: Ҳа, деб жавоб берди.
Энди халифалик ва подшоҳлик орасидаги фарқни тушуниб олайлик.
Халифалик – дин манфаатлари асосида фуқаролар манфаатини ҳимоя қилишдир. Яъни, халифалик давлати ўзида ислом дини аҳкомларини жамиятга татбиқ этган ҳолда фуқароларининг ҳуқуқий ижтимоий манфаатларини ҳимоя қилади. Бошқа давлатлар билан дипломатик алоқалар ўрнатиш замирида энг биринчи мақсад уларга ислом динини етказиш, таклиф қилиш ётади. Дунёвий ишларда бошқа давлатлар билан турли сийёсий ва тижорий, ижтимоий битимлар тузишда ҳам, гарчи ўз зарарига бўлса ҳам Ислом дини аҳкомларига қатъий равишда амал қилади.
Подшоҳлик – ҳар бир давлат ўз манфаатлари асосида аввало фуқаролари манфаатини ҳимоя қилишига айтилиб, унинг кўринишлари подшоҳлик, султонлик, қироллик, президентлик бошқаруви шаклларида бўлади. Яъни, ҳар бир давлатнинг ҳукумат раҳбари маълум бир шахсларни (қироллик ва унинг оиласини), ёки ўша давлат фуқароларини ҳуқуқий ва ижтимоий манфаатларини ҳимоя қилиш асосида иш юритади. Атрофдаги давлатлар билан ҳар қандай ҳолатда ҳам ўз халқи манфаатини кўзлаб дипломатик алоқаларни ўрнатади. Ундаги ҳукумат ҳеч қачон ўз давлати ва фуқаролари манфаатига зид равишда ташқи алоқаларни йўлга қўймайди. Ҳукумат раҳбарлигига келиш мерос сабабли, омма томонидан сайланиш ёки зўрлик билан ҳукумат тепасига келиш орқали юз бериши мумкин.
Ҳадиснинг маъносига қайтамиз. Ҳадисда Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзларидан сўнг мусулмонларда давлат бошқаруви халифалик кўринишида ўттиз йил давом этиши, ундан сўнг халифалик бошқаруви тугаб бошқарув подшоҳлик шаклида бўлишини таъкидламоқда. Биз эътибор қилишимиз лозим бўлган яна бир жиҳат мавжуд бўлиб, у бугунги кунда халифалик давлатини қуришни даъво қилаётган кимсалардир. Уларнинг бу даъволари ҳадисга номувофиқ бўлиб, Расулуллоҳ айтган сўзларига мутлақо зиддир.
Дарҳақиқат, ростгўйларни энг ростгўйи бўлган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Мендан кейин халифалик ўттиз йил”, яъни ундан сўнг ҳеч қанақа халифалик бўлмайди, деб айтган сўзларига амал қилишимиз керакми ёки “халифалик қурамиз” деб мусулмонларни ёлғон ваъдалари ва сохта даъволари билан тўғри йўлдан адаштираётган, уларнинг қўйнини пуч ёнғоққа тўлдираётган шахси номаълум бўлган кимсаларнинг гапларига қулоқ тутамизми?
Афсуски, Пайғамбаримизнинг юқорида айтган сўзларини инкор қилиб, у зотни ёлғончига чиқараётган кимсалар ва уларга эргашаётганлар учраб турибди. Бундай кимсаларга айтадиган сўзимиз:
“Диндош биродарим, кўзингизни очинг! Кимларга эргашаётганингизни мулоҳаза қилиб кўринг! Ахир уларга уламолар эргашмаяптику. Мўмин-мусулмонларга хизмат қилиб келган уламоларни кофирга чиқаришаётганидан ажабланмаяпсизми? Улар халифалик ва жиҳод каби исломни муқаддас шиорларини ўзларига ниқоб қилиб, фақат мусулмон бўлган халқлар истиқомат қилаётган юртларда уруш оловини ёқишни мақсад қилганлар холос. Уларнинг бу даъволари ортида холис ният, эзгу мақсадлар йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас.
Ислом тарихида бўлган хаворижлар ва ундан бошқа адашган оқимларда бўлгани каби ҳозирги даврда ҳам халифалик даъвосини кўтариб чиқаётган адашган оқимларнинг асл мақсадлари бошқа нарса эканини дунёнинг нуфузли уламолари таъкидлашмоқда. Ҳар бир мўмин мусулмон киши уларнинг ботил даъволаридан огоҳ бўлиб ўзи ва масъул бўлганларини бундай кимсалар алдовига илиниб, нотўғри йўлга кириб қолишдан сақлаш чораларини кўриши керак.
____________________________________________