Она – меҳрибон, она – ожиза, она – бутун оламлар қувват манбаи, тинчлик, халоват, қалб сокинлиги асоси, бутун борлиқнинг нозик хилқати…
Яна минглаб шунга ўхшаш таърифларни келтириш мумкин оналар, аёллар ҳақида. Хўш, нима учун аёлни, онани Аллоҳ таоло бутун борлиқни тарбиясида асосий сабабчи сифатида яратди. Бунинг асл моҳиятига бугунги кун оналари бирор марта бўлса ҳам аҳамият беришяптими? Ёинки, бўйи етиб, турмуш қуриш арафасида турган қизларига янги турмуш синовларига қай йўсинда сабр-тоқат кўрсатиш, қайси йўллар билан келажак сари дадил одимлаб ёш оиласини ички ва ташқи таҳдидлардан асраш йўллари хусусида ўз сўзини айта олаяптими? Афсуски, йўқ!
ХХI АСР – АХБОРОТ АСРИ!
Таассуфки, бугунги кунда бу ҳақиқатни қанча уринмайлик яширишнинг имкони йўқ. Бу муаммо кун сайин бир-биридан ранг олгудек бир мамлакатдан бошқасига, бир вилоятдан яна қайсидир туманга, қишлоққа кенг палак ёймоқда. Ушбу масаланинг таг замирини таҳлил қиладиган бўлсак, тинчликка, ҳаловатга ёки ҳаётни тамоман издан чиқариб, ҳалок қиладиган ахборотлар оқими ташкил этади. Биргина исботини топмаган хабар бутун оилани шаънини топтамоқда ёхуд биргина ижобий ахборот эса бир оиланинг гуллаб-яшнашига асос бўлмоқда.
Ўз номи билан ХХI аср – ахборот асри. Унда ахборотлар оқими ҳар бир мамлакатга шундай катта шиддат билан ёпирилиб келмоқдаки, буни гўёки, НУР тезлиги билан таққослаш мумкин. Бу ахборотларни эса хазм қилиш ҳар кимнинг ҳам қўлидан келавермайди.
БУТУН ОЛАМ – СЕРИАЛЛАРДА НАМОЁН-МИ?
Ёш қизларимизни, қизалоқларимизни, аёлларимизни, оналаримизни… кун ботди дегунча телевизор қаршисида ҳинд, мексика, турк сериалларини томоша қилаётган, ушбу сериал қаҳрамонларининг руҳий азобларини улар каби бирдек тотаётган, урф-одатларини руҳига, қалбига сингдираётган оғир саҳналарда сериал қаҳрамонлари билан биргa қўшилиб йиғлаётган жажжигина қизалоқдан қандай келажакни умид қилиш мумкин? 9-14 ёш ўртасидаги қизалоқни севги-муҳаббат ҳақидаги ўта ҳис-туйғуга бой сериал саҳналарини кўришга, ёши тўлмай туриб хазм қилиши мумкин бўлмаган ахборотларни олишга уни нима ёки ким мажбур қилаяпти? Ота-онасими? Минг бор узр, улар ОТА-ОНАКУ!. Фарзанди келажаги тўғрисида бундай қабиҳ ишга қўл урмайди, улар. Жигаргўшасининг келажагини биргина ойнаижаҳон орқали узатилаётган турли хил маъно-мазмуни йўқ, асосий мақсади инсон онгидаги бўшлиқни турли хил захарли ахборотлар, тасвирлар, овозлар билан тўлдиришини, улар яхши англайдилар. Бу иллатлар эса уларнинг келажагини барбод қилишини, оиласи бузилишини, набираларининг тирик етим бўлиб қолишини яхши билишади, англашади. Шундай эмасми ?!
ЯНГИ УРФДАГИ МОДА…
Яна бир гап, жамиятимизда турмушга чиққан қизларимиз, қайноналаримиз орасида худдики, янги мода намойиши сингари урф ривожланмоқда, ҳаттоки, одат тусига кирмоқда. Бу ҳолат юқорида келтирилган турли хил миллатларнинг сериал ва киноларида бонг ураётган урф-одатларга хотин-қизларимизнинг руҳан берилишнинг, топинишнинг меваси эмасмикин? Биз уларга беришимиз керак бўлган шарқона тарбиянинг ўрнини, ҳаётларида пайдо бўлаётган бўшлиқни мана бундай бемаза, ҳаё ва ибодан, тарбиядан йироқ нарсалар тўлдирмаяптимикин?
…. Нима эмуш? “Карима опани қизи эри билан бир йил яшаб ҳаёти бўлмай ажрашибди. Эрини алиментга берибди. Менимча, қайнонаси билан келишмай қолган бўлса керак, эри яхшигина, ўқимишли, топармон-тутармон йигит эди, оиласини суриштиришга борганимизда маҳалласида ҳамма ҳавас қилгудек йигит, деб эшитган эдик. Афсус, эркак зоти уйлангандан кейин 180 градусга ўзгаради, деб бежизга айтишмаган экан, ҳамма айб қизнинг турмуш ўртоғида….”. Мана шу ерда азгина адашдик, азиз опа-сингилларим. Сиз, авваламбор, аёлсиз, юқорида таъкидлаб ўтганимдек, тинчлик, халоват, қалб сокинлиги асоси, бутун борлиқнинг нозик хилқати, дунё бешигини тебратиш сиз – мўътабар оналар қўлида, зиммасида. Ҳаттоки, муқаддас Қуръони каримда ҳам “Аллоҳ таоло шундай адолатли зотки, у ҳеч бир бандасининг гарданига, елкасига ўзим кўтаролмайдиган юкни қўймайди”, деб келтирилган. Бундан хулоса шуки, яратган эгам сиз аёллар гарданига дунё бешигини тебратишни, тарбиялашни улуғ бир неъмат қилиб берган экан, демак, бу юкни сиз албатта, кўтара оласиз, бунга лойиқ кўрилган энг азиз зотсиз. Шундай экан, бугунги кунда жамиятимизда ҳар бир аёл ўз устида, бўлажак оналар, келажакда оилаларимиз қувончи бўлмиш бир-биридан ширин қизалоқларимиз устида маънан фикр юритсинлар, уларнинг тарбиялари хусусида жиддий бош қотирсинлар. Оила-маҳалла-мактаб-олий ўқув юрти доирасида назоратни кучайтирсинлар. Уларга мамлакати, оиласи ривожи учун керак бўладиган билимлар жамланмасини, кўникмасини берсинлар. Қизларимиз онгу шуурига асл ўзлигимизни сингдирсинлар. Хориж сериалларидаги актрисаларнинг ўз ҳусни латофатига ошиқ бўлиб, ундан айёрона, маккорона фойдаланиб, оилаларни барбод қилиб, ўз миллати эрларини сарсону ер билан битта қилиб, бизнинг Темурбек, Мангуберди, Алпомиш, Гўрўғли сифат йигитларимизни хор қилишмасин, уларнинг юзларидаги, қалбларидаги ор-номус, уятни, ўзлигини тортиб олишмасин. Ахир буларни ҳаммасини ўз ўрнига қўйиш сиз – азиз аёллар қўлидаку. Келинг, азиз опа-сингилларим юртимиз, миллатимиз равнақи, келажаги йўлида бирлашайлик. Жондан азиз қизларимиз ўзлигига Фотима онамиздек оқилалик, Нодирабегимдек, Увайсийхонимдек тафаккур, фаросат, зийраклик, Барчинойдек ибо-ҳаё, мардлик ва садоқат сингари фазилатларни сингдирайлик. Эр йигитларимиз эса оиламиз таянчи, қувончи, ҳимоячиси сифатида мустаҳкам бўй чўзаверишсин.