Home / Имом Бухорий ҳадислари / Ота-она сўрамасдан фарзандининг мулкидан “ўғринча” фойдаланишга ҳаққи борми?

Ота-она сўрамасдан фарзандининг мулкидан “ўғринча” фойдаланишга ҳаққи борми?

Дин ва ҳадис илмлари инсонни ҳамиша маънавий камолотга етаклайди. Ундан олинадиган фойдалар беқиёсдир. Хусусан, зулм қилса ҳам, ота-онага яхшилик қилавериш ҳақида қуйидаги ҳадислар орқали билиб олишингиз мумкин…

٧ — حدثنا حجاج قال: حدثنا حماد هو بن سلمة عن سليمان التيمي عن سعيد القيسي عن بن عباس قال: ما من مسلم له والدان مسلمان يصبح إليهما محتسبا إلا فتح له الله بابين يعنى من الجنة وإن كان واحد فواحد وإن اغضب أحدهما لم يرض الله عنه حتى يرضى عنه قيل: وإن ظلماه  قال: وإن ظلماه.

1. Бизга Ҳажжож ҳадис айтди. У: Ҳаммод Саламанинг ўғли Сулаймон ат-Таймидан у эса Сайид ал-Қайсидан у эса Ибн Аббосда ҳадис айтди, — деди. Абдуллоҳ ибн Аббос (р.а.): “Бир мусулмон кишининг мусулмон ота-онаси бўлиб, иккаласига яхшилик қилиб тонг оттирса, албатта, Аллоҳ унга жаннатдан икки эшикни очади. Агар бири бўлса битта эшикни очади. Агар уларнинг бирини ғазабини келтирса, ҳатто у рози бўлмагунча Аллоҳ ҳам рози бўлмайди”, — деди. “Ота-онаси унга зулм қилган бўлса-чи”, — дейилди. “Ота-онаси унга зулм қилган бўлса ҳам”, — деди.

Ҳадиснинг умумий маъноси:

“Бир мусулмон кишининг мусулмон ота-онаси бўлиб, иккаласига яхшилик қилиб тонг оттирса,”

Киши ота-онаси ҳаёт бўлиб, ўзи ва ота-онасини ислом динида бўлиши айни бир саодатдир. Мусулмон киши мусулмон ота-онасига яхшилик ва яхши ниятлар ила кунни қаршилаши бу саодат устига яна бир саодатдир.

“албатта, Аллоҳ унга жаннатдан икки эшикни очади.”

Мусулмон кишига бўлган бу саодат – ота-онасига қилган хизмати сабабли Аллоҳ таоло унга жаннат эшикларидан иккисини очмоғидир. Яъни, отасига қилган хизматлари туфайли жаннатнинг бир эшигини, онасига қилган хизматлари учун жаннатнинг яна бир эшигини очади.

“Агар бири бўлса битта эшикни очади.”

Мабодо, ота-онадан бири вафот этиб бири қолган бўлса, бу ҳолат ҳам мусулмон фарзанд учун жаннатга киришга иккита бўлмаса-да ҳали яна бир имконият бор деганидир. Мусулмон фарзанд ота-онасидан ҳаёт бўлган бирига қилган хизмати сабабли Аллоҳ таоло унга жаннатнинг бир эшигини очади.

Имом Термизий ва имом Абу Довуд Абу Дардоъ розияллоҳу анҳудан шундай ривоятни келтиришганлар: “Бир киши Абу дардоънинг ҳузурига келиб: Мени бир хотиним бор, аммо онам уни талоқ қилишимни буюрмоқда, – деди. Абу Дардоъ: Мен Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Ота-она жаннат эшикларининг ўртасидир. Хоҳласанг бу эшикларни (ўзингдан) зое қилгин (нари суриб ташлагин), хоҳласанг уларни (ўзинг учун) омон сақлаб қол,” – деб айтаётганларини эшитганман, – деди.”

Демак, ҳадисдан маълум бўладики, ота-она инсон учун жаннатга кириш эшигидир. Кимки, мана шу эшикларни холий ҳаётида топар экан, дарҳақиқат бу унга бахтли-саодатли бўлиши учун яратган зот Аллоҳ таоло томонидан берилган улкан имкониятдир. Бу имкониятдан қандай фойдаланиш у банданинг ўзига боғлиқ.

“Агар уларнинг бирини ғазабини келтирса, ҳатто у рози бўлмагунча Аллоҳ ҳам рози бўлмайди”, — деди.

Фарзанд ота-онанинг ёки улардан бирини ғазабини келтиришдан, уларга оқ бўлишдан сақланиши лозим. Ҳатто улардан бирини ғазабини келтириш инсонни охиратини куйишига, заволига олиб келади. Фарзанд доимо уларнинг кўнглини хурсанд қиладиган сўзларни топиб сўзламоғи унинг бурчи ҳисобланади. Чарчаб турган ҳолида ҳам уларнинг хизматидан малолланмаслик лозим. Уларнинг ҳузурида бақириш, ёхуд сўз оҳангини кўтариб жеркиш у ёқда турсин, “уф” деган сўзни ҳам айтиш мумкин эмас. 

 

Аллоҳ таоло Исро сурасининг 23-оятида “Парвардигорингиз, ёлғиз Унинг Ўзига ибодат қилишларингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишларингизни амр этди. Агар уларнинг (ота-онангизнинг) бирови ёки ҳар иккиси сенинг қўл остингда кексалик ёшига етсалар, уларга қараб “уф” тортма ва уларнинг (сўзларини) қайтарма! Уларга (доимо) яхши сўз айт!” деб ота-онага қандай муомала қилиш кераклигини қатъий қилиб белгилаб берди.

Жумладан, Имом Термизий Абдуллоҳ ибн Умар (р.а)дан ривоят қилган ҳадисда (бу ҳадиснинг зикри юқорида келтирилди, 2-ҳадис) Аллоҳ таолонинг рози бўлиши ота-онанинг рози бўлишига ва Унинг ғазаби ҳам ота-онанинг ғазабига боғлиқлигини келтирилса, бошқа бир ҳадисда ота-онаси зулм қилса ҳам фарзандлар ота-онага яхшилик қилиш лозимлиги уқтирилган; Абдуллоҳ ибн Умар деди: “Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Роббнинг розилиги ота-онанинг розилигидадир ва Роббнинг ғазаби ота-онанинг ғазабидадир,” – дедилар”. Имом Термизий ривояти.

“Ота-онаси унга зулм қилган бўлса-чи”, – дейилди.

“Ота-онаси унга зулм қилган бўлса ҳам”, — деди.

Аслида ота-она фарзанд учун ҳеч қачон ёмонликни ирода қилмайди. Дунёдаги не яхшиликлар бўлса, уларни барчасини ота-она фарзандига илинади. Аммо баъзи ўринларда фарзанд билан ота-она ўртасидаги ўзига ёқмаган муомалотларни фарзандлар зулм ўрнида қабул қилишади. Агар бу ҳолатларнинг замирини олиб қаралса, фарзанд ота-онаси томонидан зулм деб қабул қилган нарсаси аслида ота-она томонидан фарзандига эзгулик ниятида қилинган иш бўлади. Аммо фарзанднинг нотўғри талқин қилиши оқибатида бу ишларни у ўзига нисбатан қилинган зулм деб қабул қилади.

Яна бир ҳолат; ота-онани қариганидан кейин уларни нафақа билан таъминлаш фарзанднинг бурчи ҳисобланади. Агар таъмин этмаса, ота-она фарзанднинг мулкидан сўрамасдан “ўғринча” фойдаланишга ҳаққи бор. Жобир ибн Абдуллоҳ, Сумра, Али ибн Абу Толиб, Абу Жаъфар, Абдуллоҳ ибн Амр, каъб ал-Ахбор ва Абдуллоҳ ибн Масъудлардан (уларни барчасидан Аллоҳ рози бўлсин) ривоят қилинган машҳур ҳадисда келтирилишича фарзанднинг барча мулки отага тегишли ҳисобланади. Ҳатто, ота фарзандидан сўрамасдан унинг мулкидан ўз эҳтиёжига яраша тасарруф этиши мумкин. Бу масалада она ҳам ота каби фарзанднинг молу мулкида ҳақдор ҳисобланади.

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Бир киши Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб отаси уни мулкидан сўрамасдан олаётганини шикоят қилиб келди. Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Ўзинг ҳам, молу давлатинг ҳам ота (она)нгга тегишли,” – дедилар.”

Ҳадисдан олинадиган фойдалар:

Ота-онага яхши хизмат қилиш ниятида тонг оттириш.

Ота-онанинг ҳар бири фарзанд учун жаннатнинг бир эшигидир.

Уларнинг розилиги сабабли фарзандларга жаннат эшиклари очилади.

Ота-онани рози қилиш – Аллоҳ таолони рози қилишдир.

Ота-она фарзанд учун зулм қилсалар ҳам фарзанд уларга нисбатан хизматларини тўхтатмаслиги.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Манба: ЎзА

Check Also

Камсуқумлик ва камтарликнинг дурдона ибратлари

Аҳли ислом Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламни жуда яхши билади ва у зотнинг барча фазилатлари билан …