Юртимиз ўтмиши ҳақида қалам тебратаркансиз, беихтиёр, сиз эмас, қўлингиздаги қалам сўзлаб, қоғозни хушнуд этиб, ўқувчи қалбига нур бағишлайди.
Бу тинч ва осойишта диёр бағридаги ҳар бир маскан ўзининг бой ўтмиши ва тарихига эгадир.
Самарқанднинг Ғарб томонидаги тарихий Анҳор (ҳозирги Пастдарғом) тумани ҳам сержило ўтмишга бурканган, атрофида машҳуру манзур шаҳарлар, маънавий-маданий масканлар, илм марказлари жой олган, аждодларимиз азиз билиб макон тутган жонажон юртимизнинг муборак манзилларидан биридир.
Бу туманда замонасининг машҳур кишиларидан Имом Алқама қадамжоси, яссавия тариқатининг йирик намояндаларидан бири Ифтихор шайх ибн Макка шайх, Нажмиддин ота, Мавлоно Ошиқ (Мир Неъматуллоҳ), муршиди комил Ҳидоятхўжа мажзуб, Кўк тош ота каби ўнлаб зиёратгоҳлар ўрин олган.
Анҳор туманидаги қишлоқларни бирма бир ёдга олган В.Вяткин, «Чортут, шарқда Захлиқ, Навбоғ, Янгиқишлоқ, Шомбулоқ ва қадимий «Имом» қишлоғи Кўшки Алқама яқинида жойлашган», деб таъкидлаб ўтган.
Абу Тоҳир хожа Самарқандий ўзининг «Самария» асарида Анҳор туманидаги зиёратгоҳлар қаторида фикр юритиб, “Имом ота мозори. Анҳор туманида, унинг таржимаи ҳоли белгилик эмас. Соғонаси узунча тепага ўхшайди”, дейди.
Ўзбекистон Республикаси Марказий Давлат Архив фондида сақланаётган (И-18, рўйхат-1, иш-10485) вақф хужжатида, Самарқанд вилояти Анҳор туманидаги Мулло Имом (Ҳазрат Имом Алқама) хонақоҳига тегишли ерлар Бухоро амири Амир Шоҳмурод (1785-1800) томонидан тасдиқланиб (муҳр босилиб, ушбу муҳрда хижрий 1215/1800 санаси кўрсатилган), вақф қилинган. Ушбу ҳужжатда мазкур хонақоҳ “Ҳазрат Имом Алқама хонақоҳи”, деб таъкидланган.
Бу улуғ зот ҳақида хозирча бирор бир мукаммал манба учрамаган бўлсада, юқоридаги манбаларда келтирилган маълумотлардан, бу киши улуғ саҳобийлардан бири “Ҳазрат Имоми Алқама” қадамжоси эканлигига далолат бордир.
Ривоят қилишларича, Имом Алқама кўп намоз ўқиш, рўза тутиш ва садақа бериш каби ибодатларда жидду жаҳд қиларди. Бир куни унинг касалга чалиниб, вафоти яқинлашгани маълум бўлди. Аёли жони имон билан чиқиши учун унга шаҳодат калимасини айтиб тура бошлади. Лекин ҳарчанд уринмасин, Алқаманинг тили калимага келмади. Бундан изтиробга тушган аёл Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига бориб, эрининг ўлим тўшагида экани, тили калимага келмаётгани, агар ёрдам бермасалар, имонсиз кетиш хавфи борлигини сўзлаб, йиғлади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Аммор, Билол ва Суҳайб (розияллоҳу анҳум)ни: “Унинг олдида қолиб, калимани айтиб туринг”, деб жўнатдилар. Улар келиб, Алқамага: “Ла илаҳа иллаллоҳ”ни айтиб турдилар. Лекин у ҳамон калимани айтолмасди. Вазият жиддий. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) ҳузурларига одам юборишди. Расулуллоҳ (алайҳиссалом): “Ота-онасидан бири ҳаётми?” деб сўрадилар. У зот (алайҳиссалом)га: “Унинг кекса онаси бор”, дейишди. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “Алқаманинг онаси қодир бўлса, ҳузуримга келсин. Агар келолмаса, ҳузурига ўзим бораман», деб одам юбордилар. Хабарчи келиб, унга Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)нинг гапларини етказди. Шунда кекса онахон: “У зот учун жоним фидо бўлсин. Албатта ўзим бораман”, деб қўлига ҳассасини олди, сўнг Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига келиб, у зот (алайҳиссалом)га салом берди. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) алик олганларидан сўнг: “Эй Алқаманинг онаси, менга ростини айт. Агар ёлғон сўзлагудек бўлсанг, Аллоҳ таолодан менга ваҳий келади. Ўғлинг Алқама қандай инсон?” дедилар. Кекса онахон: “Ўғлим Алқама кўп намоз ўқийди, кўп рўза тутади ва кўп садақа беради”, деб жавоб берди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “У билан орангизда нима бўлиб ўтган?” деб сўрадилар. У бундай жавоб берди: “Ё Расулуллоҳ, мен ундан ғазабнокман”. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “Нима учун?” деб сўрадилар. Онаизор: “Хотинини мендан ортиқ кўрарди”, деди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Онасининг ғазаби Алқамани шаҳодат айтишдан тўсиб қўйган. Эй Билол, бориб мен учун кўп ўтин тўплаб кел”, дедилар. Алқаманинг онаси: “Ё Расулуллоҳ, ўтинни нима қиласиз?” деб сўради. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “Алқамани ўтда ёқаман”, дедилар. Кекса онахон: “Ё Расулуллоҳ, кўз ўнгимда уни ёқиб юборишингизга юрагим дош бермайди”, деди. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) “Эй Алқаманинг онаси, Аллоҳнинг оташи кучлироқ ва боқийроқ. Агар уни Аллоҳ кечириб юбориши сени хушнуд этса, у ҳолда ундан рози бўл. Жоним измида бўлган Зотга қасам, токи онасининг ғазаби келиб турар экан унга намоз, рўза ва садақаси ҳам фойда бермайди”, дедилар. Кекса онахон: “Ё Расулуллоҳ, мен Аллоҳ, фаришталар ҳамда мени кузатиб турган мусулмонларни гувоҳ қилиб айтаман, ўғлим Алқамадан рози бўлдим”, деди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Эй Билол, бориб Алқаманинг ҳолидан хабар ол. У: “Ла илаҳа иллаллоҳ”ни айтибдими ёки йўқ?! Шояд Алқаманинг онаси бу гапларни уялганидан айтмаган бўлса”, дедилар. Билол (розияллоҳу анҳу) бориб, уйининг ичкарисидан Алқаманинг: “Ла илаҳа иллаллоҳ”ни айтганини эшитди. Билол ичкарига кириб, бундай деди: “Эй хонадон эгалари, онасининг ғазаби Алқаманинг тилини калима айтишдан тўсиб қўйди. Онаси ундан рози бўлган эди, тили калимага келди”.
Маҳаллий аҳоли бу жойни “Имом ота” зиёратгоҳи деб эътироф этиб, зиёрат қилишади.
Имом ота зиёратгоҳида Яратганнинг йўлида мажзубона ҳаёт кечирган, амали халқ ташвишида бўлган мутасаввиф аллома Ҳидоятхожа Мажзуб (вафоти 1244/1827 йилда) Имом ота мозорининг кунчиқар томонида, баландликда дафн этилган. Бу зиёратгоҳ ҳам Самарқанд қози калони (Абу Тоҳир хожа) томонидан – “ниҳоятда дуо мустажоб жой”, дея таърифга лойиқ кўрилган, муқаддас масканлардан бири саналади.
“Имом ота” номли зиёратгоҳ яна юртимизнинг Хўжаобод туманида ҳам мавжуд бўлиб, “Имом ота” қишлоғининг сўлим, бохаво ва серсув жойида, адирнинг ён бағрида жойлашган. Маҳаллий аҳоли бу зотни имом Муҳаммад Ҳанафий, деб зиёрат қилишади. Ғузор туманида ҳам шу номдаги зиёратгоҳ мавжуд.
Мавлоно Ошиқ зиёратгоҳи:
Мазкур тумандаги “Ошиқ ота” маҳалласида ўз замонасининг тасаввуф олимларидан бири Мавлоно Ошиқ зиёратгоҳи жойлашган.
Мавлоно Ошиқ – асли ким бўлган, исми, касби, қаерда, қачон туғилган, деган саволлар бироз ўйлантирсада, аммо бу ерни зиёратига бир келиб кетилса, киши кўнгли равшанлик топади. Анда саволлар маънан, қалбимизда бу зотга бўлган кўтаринкилик мавжида ўз жавобини топади.
Бу зоти киромнинг исмлари Неъматуллоҳ бўлиб, таълим тарбия ривожида, устозлар чилласида, шогирдлар камолоти негизида йиллар давомида нур сочиб, Яратганнинг ишқидаги мажзублиги оқибатида муршид ва муридлар нигоҳию таъбирида “Мавлоно Ошиқ” нисбасини оладилар.
ЎзР МДА фондида сақланаётган, айрим вақф хужжатлари (И-18, рўйхат-1, иш-9829, 9852)да Мавлоно Ошиқнинг исмлари “Мавлоно Мир Неъматуллоҳ Ошиқ”, деб келтирган. Шунингдек, ушбу Мавлоно Ошиқ зиёратгоҳига тегишли ерларнинг вақфи тўғрисидаги ҳужжатлардан қимматли маълумотлар олиш мумкин.
Шунигдек, Мавлоно Неъматуллоҳ Ошиқ ўз фаолияти давомида “Девон” тузганлиги, унинг етук шоир бўлганлигидан далолат беради.
Ифтихор шайх зиёратгоҳи:
Ҳазрат иршодпаноҳ Ифтихор шайх, машҳур мавлоно Макка (Тилло) шайх (ул зотнинг зиёратгоҳи Ургут тоғида жойлашган) оиласида дунёга келган.
Анҳор туманининг Зормон (Қуми) қишлоғи Яссавия тасаввуф мактабининг йирик намояндаларидан бири Ифтихор шайх қўним топган макондир.
Ифтихор шайхнинг тасаввуф силсиласида устози Ҳазрат Қосим шайх (1500-1578) бўлиб, у (Қосим шайх)нинг устози шайх Худойдоди Вали (1461-1532), унинг устози шайх Жамолиддин Бухорий, унинг устози Ходим шайх, унинг устози Мавдуд шайх, унинг устози шайх Али, унинг устози Эломон ота, унинг устози Садр ота, унинг устози Занги ота, унинг устози Ҳаким ота, унинг устози Султони Туркистоний – Аҳмад Яссавийдир (барчаларини Аллоҳ мағфират қилсин).
Ушбу силсилаи шарифда номлари зикр этилган мутасаввиф олимлар тўғрисида Ҳофиз Таниш Бухорийнинг “Абдулланома”, Хасанхўжа Нисорийнинг “Музаккири аҳбоб”, Олим Шайх Азизоннинг “Лаъмаот мин нафоҳот ул-қудс”, Саййид Муҳаммад Носириддиннинг “Туҳфат уз-зоирин”, Садриддин Салим Бухорийнинг “Икки юз етмиш етти пир” каби ўнлаб манба ва тарихий асарларда учрайди.
Ифтихор шайх замонасининг етук сўфийларидан бири бўлиб, маънавий камолоти кенг, ошиқлар кўнглини забт этувчи, тили ва дили доим зикрда бўлган бу зоти шариф зиёратида, даргоҳидан кўплаб шогирдлар баҳраманд бўлдилар. Кўнгилларни Мавло сари етаклаб, аҳли дониш муридлар тарбиясида бардавом бўлдилар.
Самарқанд қози калони Абу Тоҳир хожа ўзининг ёзишмасида: “Ифтихор шайх мозори. Зормон қишлоғида, у турк шайхларидан, баъзилар бу ерни унинг қадамжойи деб билиб, жасади Навбоғ деган жойда, чинор дарахти остида кўмилган, дейдилар. Лекин аввалги сўз машҳурдир. Яна Тангри яхши билади”, дея таъкидлаган.
Олим шайх Азизон ўзининг “Ламаҳот” асарида Ифтиҳор шайхни Қосим шайх Азизоннинг шогирдларидан деб келтирилган.
Ифтихор шайх етти йил Маккада бўлиб у ерда улуғ Шайхлар билан учрашган. Муҳаммад Бакрийга муридлик қилиб, хизматда бўлган. Маккадан қайтгач, Қосим шайх Азизонга мурид бўлганлар”, деб, ул зотни қабри Самарқанднинг Анҳор деган жойидаги, Қуми қишлоғида эканлиги айтилиб, бу жой муқаддас зиёратгоҳ эканлигини ҳам таъкидланган.
Пастдарғомнинг Шакартепа, Пичоқчи ва Ертешар маҳаллалари кесишган ҳудудда “Кўктош ота”, Гумбаз қишлоғида эса, “Нажмиддин ота” номли зиёратгоҳлар ҳам мавжуд. Биз юқорида номлари зикр этилган зиёратгоҳлар ҳақида дастлабки маълумотларни бердик. Келгуси тадқиқотларда Пастдарғом зиёратгоҳлари тўғрисида батафсил изланишлар олиб борлишидан умид қилиб қоламиз.
Маълумот ўрнида айтиш жоиз, Имом отадек инсониятга йўлбошчилик қилган, Мавлоно Ошиқ каби юртга садоқат билан, ёш авлод камолоти йўлида беминнат хизматда бўлган, Ҳазрат Ифтихор шайхдек сабр қаноатли, шижоатли, ватанпарвар азиз авлиёлар нафақат Пастдарғом тумани ҳудудида, балки юртимизнинг ҳар бир гўшасидан топилади. Биз эса, уларнинг эзгу ва хайрли ишларини ўрганиб, улардан ўзимизга зарур сабоқ олишимиз керак.
Зеро, аждодлари эъзозлаган юртнинг авлодлари маънан етук ва баркамол бўлиб вояга етади.