Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи, Республика бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков:
– Мамлакатимизда айни дақиқаларга келиб, коронавирус касаллиги билан рўйхатга олинган беморлар сони 1349 нафарни ташкил этди. Вирусология илмий-текшириш институтидан олинган маълумотга кўра, ушбу институт клиникасида даволанаётган 100 беморнинг 26 нафарида пневмония клиник белгилари кузатиляпти, 4 нафарининг аҳволи оғир, 1 нафарининг аҳволи нисбатан оғир ва яна 1 нафарининг аҳволи ўта оғир. Эпидемиология-микробиология ва юқумли касалликлар илмий текшириш институтида даволанаётган 101 бемордан 2 нафарининг аҳволи оғир, Тошкент тиббиёт академияси кўп тармоқли клиникасида даволанаётган 124 бемордан 6 нафарининг аҳволи оғир, деб баҳоланяпти.
Ҳурматли юртдошлар!
Дунё бўйича коронавирус инфекцияси билан касалланганлар сони 2 миллиондан ортиб кетди. Бу ҳолат ҳар биримизни ҳушёр торттириши керак. Ҳеч ким атрофимизда касалликка чалинганлар йўқлигига кафолат беролмайди. Шундай экан, ҳар биримиз уйда қолишимиз, касалликка чалиниш эҳтимолидан йироқ бўлишимиз керак. Шундагина ўзимизни ва яқинларимизни касалликка чалинишдан сақлаб қоламиз.
Уйда қолибгина вазиятга ижобий таъсир қилишимиз мумкин. Шунингдек, касаллик кенг кўламда тарқалиб кетишига йўл қўймаслик учун кечаю кундуз саъй-ҳаракатларни амалга ошираётган ташкилотлар зиммасидаги юкни бир мунча камайтирган бўламиз.
Манба:ЎзА