Home / ЯНГИЛИКЛАР / НАВОИЙНИ ЁД ЭТИБ…

НАВОИЙНИ ЁД ЭТИБ…

Аждодлар руҳига ҳурмат халқимизнинг энг олий фазилатларидан биридир. Хотира шундай руҳий-маънавий, инсоннинг инсонлигини англатувчи, уни ўтмиш ва келажак билан боғлаб турувчи буюк қадрият, илоҳий қудратдир.

Ҳадис илми мактабида улуғ мутафаккир, шеърият мулкининг султони Низомиддин Мир Алишер Навоий таваллудининг 579 йиллиги муносабати билан “Навоийни ёд этиб” мавзуида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.

Мактаб мажлислар залида ўқитувчи ва талабалар учун “Навоий ижодини англаш” мавзуида илмий-маърифий давра суҳбати ташкил этилди. Унда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказидан директор бош маслаҳатчиси, фалсафа фанлари доктори, профессор Б.Тўраев, диний-маърифий тадбирлар бўлими бошлиғи, филология фанлар номзоди, доцент О.Рустамов, Самарқанд давлат университети 2 курс магистранти А.Собиров иштирок этди.

Тадбирда ректор О.Юсупов юртимизда Навоий ижодини ўрганиш бўйича амалга оширилаётган илмий тадқиқотлар ва амалий ишлар, бу улуғ мутафаккир зотнинг таваллудига бағишлаб ўтказилаётган маънавий-маърифий тадбирлар ҳақида сўзлади.

Профессор Б.Тўраев Алишер Навоийнинг “Муножаат” асари ёзилиш тарихи ва назмий байтларнинг мазмун-моҳияти ҳақида, доцент О.Рустамов буюк шоир қурдирган маърифий-маданий иншоотлар, ислом маърифатини англашда Хожа Аҳрор Валий билан мулоқоти тўғрисида сўз юритди.

Навоийхонлик йиғинларини ғазал ва байтларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Ушбу тадбирда А.Собиров Навоий ғазалларидан ўқиб, уларни шарҳлаш асносида байтларда илгари сурилган илоҳий ишқ мавзуида илмий маъруза қилди.

Илмий-маърифий давра суҳбатидан сўнг Ҳадис илми мактабида Алишер Навоийни хотирлаб, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходимлари ҳамда Мактаб ўқитувчи ва талаблари учун эҳсон дастурхони ёзилди. Ҳазратнинг руҳи поклари учун  тиловат қилинди. Диёримиздан ўтган барча алломалар, хусусан, Имом Бухорий ҳаққига дуо ўқилди.

Ж.Акрамов
Ҳадис илми мактаби
Ўқув-услубий бўлим бошлиғи

Check Also

Лондонда “Хамса” асарининг ноёб қўлёзмаси топилди

Буюк Британияда бўлиб турган Ўзбекистон делегацияси Лондон шаҳридаги “Christie‘s” ва “Sotheby‘s” ауцион савдо уйларида бўлди. …