Аввал хабар берилганидек, 28 ноябрь куни Қозоғистондаги “Нур-Муборак” Миср ислом маданияти университети ректори Муҳаммад аш-Шаҳҳот ал-Жиндий раҳбарлигидаги делегация Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Ҳадис илми мактабида бўлди.
Ташриф доирасида Ҳадис илми мактабида талабалар ва илмий доиралар вакиллари иштирокида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Мактаб ректори О.Юсупов юртимизда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ишлар, эришилаётган ютуқлар, Марказ ва Мактабнинг ташкил этилиши, мақсад ва вазифалари, шунингдек, халқаро ҳамкорлик ва илмий-тадқиқот йўналишидаги ютуқлар ҳақида сўзлади.
Меҳмон юртимизга ташрифи давомида олган таассуротлари билан ўртоқлашди. Ўзбекистонда давлат томонидан диний-маърифий соҳага қаратилаётган эътибор ҳар қачонгидан ҳам юқори эканини алоҳида таъкидлади. “Нур-Муборак” Миср ислом маданияти университетидаги таълим йўналишлари ҳақида маълумот берди.
Бундан ташқари, Муҳаммад аш-Шаҳҳот ал-Жиндий маърифий ислом дини ва ҳадисшуносликнинг тарихи, ўзига хос жиҳатлари, моҳияти хусусида маъруза қилди. Хусусан, Қуръони карим фазилатлари, суннат ва ҳадис, ҳадисларнинг таснифлари, ақоид каби мавзуларни тилга олди. Жумладан, Қуръон исломда биринчи, ҳадис иккинчи манба эканига тўхталар экан, ҳадис Каломи шарифнинг изоҳи вазифасини бажаришини айтди. Масалан, Фурқонда намоз буюрилган, лекин уни адо этиш қоидаларини мусулмонлар ҳадислар орқали ўрганади.
“Нур-Муборак” ректори бўлажак муҳаддисларга юзланиб, фақат ҳадис ёдлаш билан чекланмасдан, унинг асл моҳиятини теран англаш, қандай вазият туфайли юзага келганини билиш, қатъий амал қилиш, жамият ҳаётига татбиқ этиш каби масалаларга ҳам алоҳида эътибор қаратиш лозимлигини таъкидлади.
Давра суҳбатидан сўнг Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Шовосил Зиёдов ва “Нур-муборак” университети ректори Муҳаммад аш-Шаҳҳот ал-Жиндий ўртасида мулоқот бўлиб ўтди. Унда келгусида икки мамлакат илмий муассасалари ўртасида мустаҳкам ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, тажриба алмашиш ва бошқа масалалар юзасидан фикр алмашилди. Илмий муассасаларнинг ҳамкорлик алоқалари биргаликда кўплаб тадқиқот ишларини амалга оширишга хизмат қилиши таъкидланди.
Меҳмонлар Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасини ҳам зиёрат қилди. Муҳаддислар султони ҳаққига Қуръон тиловат қилинди.
Куннинг иккинчи ярмида “Нур-Муборак” делегацияси аъзолари Самарқанд шаҳридаги муқаддас қадамжолар, тарихий обидалар ва диққатга сазовор жойларни зиёрат қилди.