Жорий йил 21 ноябрь куни Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги Малака ошириш маркази Самарқанд минтақавий филиали ва Самарқанд давлат архитектура қурилиш институти ҳамкорлигида “Жаҳолатга қарши – маърифат” ғояси асосида “Имом Бухорий ҳадисларининг ёшлар тарбиясидаги ўрни” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди. Унда Марказ илмий ходимлари, институт профессор-ўқитувчилари ва талабалари иштирок этди.
Тадбирни институт ўқитувчиси С. Отаёров кириш сўзи билан очиб берди. Шундан сўнг, Марказ диний-маърифий тадбирлар бўлими илмий ходими Ж. Жумаев сўзга чиқиб, Марказнинг ташкил этилиши, фаолияти, вазифа ва мақсадлари тўғрисида, буюк алломаларимизнинг меросини ўрганиш, кенг тарғиб этиш, нуфузли халқаро илмий-тадқиқот марказлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида атрофлича маълумот берди.
Марказ томонидан Ҳадис илмининг султони, буюк муҳаддис Имом Бухорий ва бошқа Моварауннаҳр мутафаккир ва алломаларининг бой илмий меросини ўрганиш, улар яратган асарларнинг илмий-изоҳли таржима ва қиёсий матнларини нашр этиш ва халқимиз ва жаҳон жамоатчилиги ўртасида кенг тарғиб қилиш, ушбу мавзуларга доир илмий тадқиқотларни тизимли ташкил этиш бўйича олиб борилаётган ишлар тўғрисида тўхталиб ўтди.
Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги Малака ошириш маркази Самарқанд минтақавий филиали директори Т. Эвадуллаев сўзга чиқиб, Ислом цивилизациясининг умуминсоний қадриятлари, уларнинг халқимиз маънавияти ва маданияти ривожида тутган ўрни ва аҳамиятини ўрганиш, илмий-назарий ва амалий жиҳатларини тадқиқ этиш, ислом динининг инсонпарварлик моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш борасида қилинаётган ишлар тўғрисида гапириб ўтди.
Тадбирда шунингдек, Марказ томонидан ўтган давр мобайнида амалга оширилган ишлар, эришилган ютуқлар, жойларда ўтказилаётган маънавий-марифий тарғибот тадбирлари тўғрисида ҳам иштирокчиларга сўзлаб берилди.