Home / МАҚОЛАЛАР / Мутаассиблик ва ғулу йўлини танлаганлар дўзаҳ аҳлидандир

Мутаассиблик ва ғулу йўлини танлаганлар дўзаҳ аҳлидандир

Террор – зўравонликка олиб борувчи йўл бўлиб, ўтган аср бошларида турли экстремистик кайфиятдаги оқимларга хосланган иборадир. Бу сўз ўтган аср охирларидан бошлаб дин ниқоби остида фаолият юритаётган ноисломий сиёсий оқимларга ҳам қўлланила бошлади. Натижада, биз яшаётган асримизга келиб “ғарб исломшунос олимлар”и томонидан Ислом террори, Ислом фундаментализми, Ислом экстремизми каби атамалар пайдо бўлди. Албатта, буларнинг ҳар бири мутассиблик, ақидапарастлик ва диндаги ғулунинг ёқимсиз ва заҳарли мевасидир.

Аслида Қуръони карим ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларида ақдапараст мутаассиблар қаттиқ қораланган бўлиб, ундай кишиларни “хавориж”, яъни исёнкорлар, диндан камон ўқи камондан отилгани каби жуда тез отилиб чиқадиган кишилар, деб сифатланган. Жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай иллатдан умматни ўз вақтида огоҳ этганлар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам башорат берганларидек, шариат илмидан бехабар кишиларнинг дин номидан иш юритиши инсон ва жамият учун кўплаб кўнгилсизликларни, фитналарни келтириб чиқаради. Аллоҳ таоло фитна ҳақида ўзининг каломи шарифида “(Одамларни) алдаб, фитнага солиш ўлдиришдан (ҳам) ёмонроқдир.” – деб, ўз бандаларини фитнадан эҳтиёт бўлишга буюради.

Мазкур ояти каримадан ҳам аён бўлаётирки, инсонлар орасида фитна фасод ишларини тарқатишнинг гуноҳи маънан бир инсонни ўлдиришдан ҳам ёмонроқ. Чунки инсоннинг руҳан ўлдириш уни жисмонан ўлдиришдан фожиалироқ ва оқибати даҳшатлироқдир.

Шунингдек, Аллоҳ таоло Тавба сурасининг 97-оятида бу иллат ҳақида шундай дейди: “Аъробийлар (шариъат илмидан бехабар кишилар) куфру нифоқда қаттиқроқ ва Аллоҳ Ўз пайғамбарига нозил қилган нарсаларнинг чегараларини билмасликка лойиқроқдирлар. Аллоҳ билим ва ҳикмат соҳибидир.”

Мазкур оятда “куфру нифоқда қаттиқроқ ва Аллоҳ Ўз пайғамбарига нозил қилган нарсаларнинг чегараларини билмасликка лойиқроқ” деб зикр қилинган “Аъробийлар” гуруҳларга бўлинган, шариат илмидан эса мутлақо бехабар ижтимоий-сиёсий фирқалар бўлиб, “Хавориж – Хорижийлар” бунга яққол мисол бўла олади. Шунингдек динни қаттиқ ушлаш, ўтмиш саҳобалар ва салаф пешволардан фақат биттасига ҳаддан зиёд муҳаббат боғлаб, қолганларини инкор қилиш оқибатида ҳам мусулмонлар орасида турли низолар келиб чиқишига ҳамда ҳар хил ақидавий, сиёсий фирқаларнинг пайдо бўлишига омил яратди. Бунга ўтмишдаги шиа оқимидаги “Алавийлар” фирқасини мисол қилиб келтириш мумкин. Улар ўзларини ҳазрати Али р.а.нинг издошлари деб атаб, унга бўлган муҳаббатларининг кучлилигидан, ҳатто ислом шариатига ва ақидасига зид бўлган даъволарни кўтариб чиқдилар ва мусулмонлар ўртасида ақидавий ихтилофларни юзага келтирдилар.

Шариатимизнинг бош қомуси ҳисобланган Қуръони каримда ҳам динда чуқур кетмаслик ва унинг оқибатлари ҳақида иршодлар келтирилган.

“Айтинг: “Эй аҳли китоб, динингизда нотўғри томонга тажовуз қилманг ва (ислом келишидан) илгари йўлдан озган ва кўпларни йўлдан оздирган ҳамда тўғри йўлдан чиқиб кетган қавмнинг нафси ҳаволарига эргашманг!””

Динда чуқур кетиш сабабли ҳақ йўлдан адашган яҳудийлар ва насронийларга хитоб қилинган мазкур ояти карима орқали Алоҳ таоло биз мусулмонларни ҳам уларнинг хатоларини такрорламасликка, нафс ҳоҳишига эргашиб нотўғри йўлга бурилиб кетмасликка, Ҳақ йўлида собит туришга чақиради.

Бинобарин, Аллоҳ таоло ўзининг муқаддас Каломи шарифида бу ҳолатни тўлиқ тафсилотлари билан баён қилган:

“Аллоҳ ва Унинг пайғамбари бир ишни ҳукм қилган — буюрган вақтида бирон мўмин ва мўмина учун (Аллоҳнинг ҳукмини қўйиб) ўз ишларидан ихтиёр қилиш жоиз эмасдир. Ким Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига осий бўлса, бас у очиқ йўлдан озиш билан йўлдан озибди.”

Яъни, Аллоҳ ва расули бирор масала устида ҳукм чиқарса, “эшитдик ва итоат этдик” деб жавоб бермоғи лозим бўлади.

Дарҳақиқат, Қуръонда бундай масалаларнинг чиройли ечими бор. Ихтилоф вақтидаги масаланинг энг тўғри ечими, қандай йўл билан бўлса ҳам фирқаларга ажралишнинг олдини олишдир. Бунинг учун эса мусулмон киши Қуръони каримда буюрилганидек, Аллоҳ таолонинг китоби ва расулининг суннатига сўзсиз эргашиб, Аллоҳ ва Расулига ҳамда ўзларидан бўлган раҳбарларга итоат этиши шарт. Мусулмон киши кўр-кўрона тақлид қилмасдан, балки Аллоҳ таолонинг каломи ва пайғамбарининг ҳадисларига эргашмоғи, агар ўзига лозим бўлган ақидавий ва шаръий масалаларни билишга ўзининг илми етарли бўлмаса, унда ўзининг шаръий ва ақидавий масалаларини ишончли, тақводор, олим кишилардан сўраб билмоғи ҳамда уни амалга татбиқ этишда фитна келтириб чиқаришдан эҳтиёт бўлмоғи керак.

Шундан кейин ҳам кимки тўғри йўл аниқ бўлиб, сўнг ўз ҳавойи хоҳишига эргашса, Аллоҳ таоло уни янада залолатга бошлаб адаштиради, охиратда эса у учун Аллоҳ таолонинг аламли азоби бордир:

Мутаассиблик ва ғулу йўлини танлаган кишилар учун Қуръони каримда келган ҳукмдан кейин Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам қатъий қилиб, уларнинг дўзах аҳлидан бўлишларини хабар бердилар.

Ҳозирги тезкор ахборот асрида бу иллатларнинг баъзи бир манфаатдор доиралар томонидан қўллаб-қувватланиши, ўз манфаатлари учун диндан устамонлик билан фойдаланишга уринишлари ташвишланарли ҳолдир. Халқимизнинг тинчлигига раҳна солиб, мусаффо осмонимизни нотинч қилишга, ёки ёшларимиз онгига дин ва маданият ниқоби остида бизга ёт бўлган турли ғояларни тиқиштиришга уринаётганлар ҳам оз эмас. Бундай ҳолга бепарво, бефарқ қараб туриш гуноҳи азимдир.

Учқўрғон тумани «Саидхон эшон» жомеь масжди имом хатиби
Шокиржон Мансуров
Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири. Шайх Абдулазиз Мансур.

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …