Home / МАҚОЛАЛАР / МИЛЛИЙ ВА ДИНИЙ ҚАДРИЯТЛАРИМИЗДА КЕКСАЛАРГА МУНОСАБАТ

МИЛЛИЙ ВА ДИНИЙ ҚАДРИЯТЛАРИМИЗДА КЕКСАЛАРГА МУНОСАБАТ

Халқимиз бир неча минг йиллик тарихида миллийлик ва дин асосида ўзида бутун дунёга ўрнак бўлгулик урф-одатлар ва қадриятларни шакллантириб камолига етказган. Ана шундай одатларимиздан бири ёши улуғ қарияларимизни улуғлаш ҳамда уларга алоҳида эътибор берилмоғидир. Миллий қадриятларимизда кексалар ҳимматидан, уларнинг баракасидан баҳраманд бўлишга тарғиб қилинади. Халқимизда қайси бир хонадонда ота-она ёки улардан бирлари мавжуд бўлса, ўша оилани бағри бутун оила дейилади. Улар олдиларида маҳмадоналик қилиб, сўзларини бўлиб, фикрлари туфайли уларни уялтириб хижолат этиш, гарчи сўзда у ҳақ бўлса ҳам бизнинг миллийлигимизга ёт тарбиядир.        Халқимизда “қари билганни пари билмас”, деган ажойиб нақл бор. Шу сабабли ёши ва мавқеи улуғ бўлганларнинг саволларига билганича жавоб бериш, жавоб бераётганда ақл ўргатиш оҳангида эмас, аксинча улардан ўрганиш оҳангида жавоб бериш ҳам бизнинг миллийлигимизга хос бўлган тарбия ҳисобланади. Шунингдек, йўлда кексаларга дуч келганда саломлашиш, таниш бўлса ҳол аҳвол сўраш, кексаларга қўлдан келганича ёрдам қилиб, дуоларини олишга ҳаракат қилиш, уларнинг оғирини енгил қилиш билан оқибат кўрсатиш каби амаллар ҳам бизнинг ўзлигимиз билан чамбарчас боғланиб кетган. Жумладан, яна ўрнак бўлгулик одатларимиздан бири, ёшлар кексалар билан йўлдош бўлганда шошилинч ҳолатда бўлса, рухсат олиб узр сўраб, шундан сўнггина жадал қадам ташлашлари мумкин.

Бизнинг миллатимиз қон-қонига катталарни ҳурмат қилиш, эъзозлаш сингиб кетган. Шу сабабли, Давлатимизда ҳам мустақилликнинг дастлабки йилларидан ҳамма соҳаларга алоҳида эътибор билан қаратган сингари қарияларга ҳам алоҳида эътибор қаратилиб келмоқда. Кекса ёшдагилар, меҳнатга лаёқатсиз, шунингдек  боқувчисини йўқотган фуқароларга моддий, тиббий ва ижтимоий ёрдам кўрсатиш бўйича давлат  томонидан белгиланган ижтимоий-иқтисодий тадбирлар ижтимоий ҳимоянинг муҳим тармоғи ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясида “Вояга етмаганлар, меҳнатга лаёқатсизлар ва ёлғиз кексаларнинг ҳуқуқлари давлат ҳимоясидадир”.[1]деб, ижтимоий таъминотга муҳтож қатлам бевосита ва билвосита ҳукуматимиз ҳимоясида эканлиги кўрсатилган.

Муқаддас динимизда ҳам кексаларга ҳурмат, хусусан, ота-она қариганда уларнинг хизматида ҳозир, мурувватли бўлишга буюрилиб, улар ҳақида бир қанча оятлар нозил қилган. Жумладан, “Исро” сурасида марҳамат қилиб бундай дейди: «Роббингиз, Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишни амр этди. Агар уларнинг бири ёки ҳар иккиси ҳузурингда кексалик ёшига етсалар, уларга «уфф!» дема ва уларни жеркима! Уларга ёқимли сўз айт. Улар учун, меҳрибонлик билан, хорлик қанотини паст тут — хокисор бўл ва: «Парвардигорим, мени (улар) гўдаклик чоғимдан тарбиялаб-ўстирганларидек, сен ҳам уларга раҳм-шафқат қилгин», деб (ҳақларига дуо қил)!»[2]. Дарҳақиқат, ёши улуғларни ҳурмат қилиш борасида биринчи ўринда ота-она туради. Ота-она  хизматини қилиш фақат моддийлик ва жисмонийлик билан чекланиб қолмай, балки фарзанд зиммаси маънавий хизматлар ҳам мавжуд бўлиб, уларга ширин сўзларни сўзламоғи, уларга нисбатан овозни қаттиқ қилиш у ёқда турсин, ҳатто “уф” деган сўзни ҳам айтмаслиги ҳамда уларнинг ҳаққига чиройли дуолар қилмоғи мана шулар жумласидан ҳисобланади.

Шу муборак оятга қўшимча қилиб Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кичикларни яхши кўриб, меҳр шафқат билан бағрига босмаган, катталарни, улуғларни ҳурмат қилишда қусурга йўл қўйган биздан эмасдир,”[3] деб кексалар ва кичик ёшдаги болалар Ислом динида алоҳида эътиборда эканлигини таъкидлайдилар. Шунингдек, бошқа ҳадиси шарифда кексаларни улуғлаш ҳақида алоҳида таъкидлаб бундай деганлар: “Ёш йигит кекса кишини ёши улуғлиги учун ҳурмат қилса, Аллоҳ таоло уни ҳам кексайганида ҳурмат қилинадиган инсонлар қаторига қўяди”. (Имом Термизий ривояти.)

Ислом дини ёши улуғларни эъзозлаб, қарияларни, кексаларни хизматларини қилишга, ҳурмат иҳтиром қилишга, ва уларни ҳузурларида адаб сақлашга буюради.

Инсон йиллар ўтиб кексайган сари қуввати кетиб, унинг жисми заифлашиб боради. Аммо ҳаёт синовларида тобланган, бошидан яхши ва оғир кунларни кўп ўтказган кекса ёшдаги кишиларнинг борлиги барчамизга Аллоҳнинг берган улуғ неъматидир. Бу ҳақда Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:“Агар орангизда мункиллаган қариялар, ўтлаб юрган чорва ҳайвонлари ва эмизикли чақалоқлар бўлмаганида эди, бошингизга балолар селдай оқиб келган бўлар эди ”.     

Аллоҳ таоло бизларга кексалар туфайли шунчалар кўп марҳамат кўрсатар экан, ўз навбатида, бизлар ҳам уларнинг ҳурматларини  жойига қўйишимиз, иззат икром кўрсатишимиз лозим.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қиладилар. “Мўйсафид кишини ҳурмат қилиш Аллоҳ таолони улуғлаш демакдир,”- деганлар. Чунки кексаларга яхшилик қилишни, уларга ҳурмат иззат кўрсатишни Аллоҳ буюрган. Аллоҳни амрига итоат этиш эса Уни улуғлашдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кичикларимизга раҳм шафқатда, катталаримизга ҳурмат иззатда бўлмаган киши биздан эмасдир,”-деганлар. (Имом Абу Довуд ва Термизий ривояти). Яъни, ёши улуғ кишиларни ҳурмат қилиш мусулмонлик белгиси бўлиб, нафақат бизнинг динимизда, балки барча самовий динларда ҳам таъкидланган.

Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ёшларни тарбиясида улуғ ёшли кишиларнинг алоҳида ўрни борлигини таъкидлаб: “Катта ёшдагилар билан ҳам суҳбатда бўлинглар, уламолардан масалалар сўранглар ва донолар билан аралашиб туринглар,”- деганлар.[4]

Чунки, ёши улуғ инсонларнинг ҳаёт йўллари ҳар доим ёшлар учун ибрат мактаби бўлиб, уларнинг дуолари ёшларга куч-қувват, ғайрат-шижоат бағишлайди. Кексаларимиз ёшларнинг таълим тарбияси, ахлоқу одобни назорат қилиб, ўз ҳаётий тажрибаларидан келиб чиқиб панд насиҳат қиладилар. Унга риоя қилган ёшлар ҳаётда адашмай, жамиятда ўз ўринларини топишлари осон бўлади.

Конституциямизнинг 39, 40, 45 ва 64 моддаларида, Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон Республикасининг қарор ва фармонларида меҳнатга лаёқатсиз ёлғиз кексаларни, етим ва ота-оналарининг васийлигидан маҳрум бўлган болаларни боқиш, ҳар бир инсон малакали тиббий хизматдан фойдаланиши, ногиронларнинг ҳуқуқлари ҳамда манфаатлари қонун йўли билан кафолатланган.

Шубҳа йўқки, миллий ва диний қадриятларимизнинг ёшларимиз тарбиясидаги ўрни беқиёсдир. Улардаги ватанпарварлик, инсонийлик, меҳр оқибат каби тушунчалар фарзандларимизни иймонли, инсофли, юртимизга астойдил хизмат қилувчи юксак маънавиятли шахслар қилиб тарбиялайди. Исломий қадриятларда ҳам, миллий қадриятларимизда ҳам инсон учун азиз бўлган зотлар – ота-оналар ва ёши улуғларимизни эъзозлашга бўлган тарғиб ва кўрсатмаларни ёшларимиз онгида мустаҳкамлаш буюк келажак сари ташланган қадамларни мустаҳкамлшга сабаб бўлувчи омиллардан бири ҳисобланади.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот
маркази кадрлар бўйича инспектори 
Ш.Алимов
[1]  Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг иккинчи бўлими, Х-боби, 45-моддаси.
[2]Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири. Таржима ва тафсир муаллифи Мансуров А. –Т.: Шарқ, 2009. Исро сураси, 23 – 24 –оятлар мазмуни.
[3] Абу Ҳомид Ғаззолий. –Т.: Мовароуннаҳр. 2005. –Б. 62.
[4] Жума мавъизалари. –Т.:Мовароуннаҳр. 2004

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …