Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 27 мартдаги “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан Марказнинг асосий вазифалари белгилаб берилган. Жумладан, қарорда буюк алломаларимизнинг мамлакатимизда ҳамда хорижий давлатларнинг кутубхона ва архив фондларида сақланаётган ижодий меросига оид, ислом дунёси учун муҳим илмий аҳамиятга эга бўлган кўлёзма, тошбосма асарларининг электрон нусхаларини тўплаш ва уларни келажак авлодга етказиш учун тизимли илмий тадқиқотларни ташкил этиш юзасидан зарур чора-тадбирларни амалга ошириш вазифаси қўйилган.
Бундан ташқари, давлатимиз раҳбари жорий йил 11 январда Самарқанд вилоятига сафари давомида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази фаолияти билан яқиндан танишиб, Марказ ва Ҳадис илми мактаби кутубхона фондини мутахассислик йўналишидаги хорижий адабиётлар билан таъминлаш бўйича алоҳида топшириқ берди.
Юқоридагиларга асосан, 2019 йил 24 июнда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказининг кутубхона фондини хорижий адабиётлар билан бойитиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Жорий йилнинг июль ойида юртимиздаги исломшунос ва шарқшунос олимлардан иборат Ишчи гуруҳи тузилиб, Миср Араб Республикаси ва Туркияда Республикасига ислом динига оид зарур адабиётлар харид қилиш бўйича сафар ташкил қилинди.
Ишчи гуруҳи аъзолари сафар давомида Миср ва Туркиядаги ислом тадқиқот марказлари, кутубхона фондларида бўлиб муҳим келишувларга эришди. Бугунги кунда Имом Бухорий халқаро илмий–тадқиқот маркази ва Ҳадис илми мактабига Мисрнинг “Дорус салом” мактабасидан жами 851 номдаги 4733 дона, Туркиянинг “Иршод” мактабасидан 148 номдаги 647 дона, жами 5500 га яқин илмий, адабий, бадиий, тарихий асарлар харид қилиниб, олиб келинди.
16 сентябрь куни Марказда мазкур китобларнинг тақдимоти ўтказилди. Тадбирга Самарқанд вилоятида фаолият юритаётган имом-хатиблар, Ҳадис илми мактаби ўқитувчи ва талабалари, Халқаро ислом академияси ҳузуридаги Малака ошириш маркази Самарқанд минтақавий филиали тингловчилари таклиф этилди.
Уларга янги келтирилган китобларнинг мазмун-моҳияти, илмий аҳамияти, асарларда илгари сурилган эзгу ғоялар тўғрисида атрофлича маълумотлар берилди.
Тақдимот иштирокчилари Марказ фаолияти ва қўлёзма манбалар хазинасидан ўрин олган бошқа нодир асарлар билан ҳам яқиндан таништирилди.
Мазкур китоблар хазинаси келгусида тадқиқотчилар учун ҳажми жиҳатидан беқиёс, аҳамияти жиҳатидан энг сермазмун манба бўлиб хизмат қилади. Ушбу жумлалар, Марказга олиб келинган китобларнинг тақдимотига бағишлаб ўтказилган тадбирда сўзга чиққанлар томонидан таъкидлаб ўтилди.
Шунингдек, тадбирда сўзга чиққанлар бугунги кунда юртимизда барча жабҳалар қатори диний-маърифий соҳага қаратилаётган эътибор, соҳа ходимларининг касб малакасини ошириш борасида олиб борилаётган ишлар, яратилаётган шарт-шароитларни алоҳида эътироф этди.
Айтиш жоизки, Марказ томонидан ўтган давр мобайнида йигирмага яқин давлатнинг нуфузли ислом ташкилотлари, илмий-тадқиқот марказлари, университетлари билан ҳамкорликка оид меморандумлар имзоланди. Хусусан, Буюк Британия, Франция, Германия, АҚШ, Саудия Арабистони, Миср, Туркия, Малайзия, Покистон, Ҳиндистондаги илмий марказлар билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатилди.
Бунинг самараси ўлароқ, Ишчи гуруҳининг Туркияга сафари давомида Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ қилиш маркази (IRCICA) томонидан 500 га яқин, Туркия қўлёзма асарларни тадқиқ қилиш институтидан энг нодир қўлёзма асарларнинг 100 га яқин факсимиле нусхалари ва Мармара унверситетининг “Илоҳиёт” факультети исломшунос олимлари томонидан нашр этилган ҳадис, тафсир, ислом тарихи, фиқҳ ва калом илмига оид 200 га яқин илмий асар Марказ кутубхона фондига совға қилинди.
Албатта, ушбу китоблар келгусида ёш тадқиқотчиларнинг илмий ишларида муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилади.