Home / ЯНГИЛИКЛАР / «Эргашувчи эмас, эргаштирувчи куч бўлишимиз керак!»

«Эргашувчи эмас, эргаштирувчи куч бўлишимиз керак!»

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон АЛИМОВ билан суҳбат

– Муҳтарам муфтий ҳазратлари! Президентимиз Шавкат Мирзиёев маънавият ва маърифат масаласига алоҳида эътибор қаратмоқда. Яқинда ўзингиз бевосита гувоҳи бўлганингиздек, давлатимиз раҳбари Самарқандга ташрифи чоғида Имом Бухорий мажмуасини зиёрат қилиб, Ҳадис илми олий мактаби фаолиятини такомиллаштириш зарурлигини алоҳида таъкидладилар. Ушбу мажмуа, умуман, маънавият даргоҳларининг бунёд этилиши халқимиз ҳаётида нақадар муҳимлиги ҳақида тўхталиб ўтсангиз.

– Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан мамлакатимизда барча соҳалар қатори диний-маърифий жабҳада ҳам аҳамияти беқиёс ишлар амалга оширилмоқда. Буларнинг барчаси, аввало, халқимизни рози қилиш, тинч ва фаровон ҳаётга эришишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Юртимизда Ўзбекистон ислом цивилизацияси маркази, Халқаро ислом академияси, Имом Бухорий, Имом Термизий каби буюк алломаларимиз номидаги халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Ҳадис илми мактаби ташкил этилгани Ислом илмини янада равнақ топтиришга, муқаддас динимизнинг асл инсонпарварлик, меҳр-оқибат, бағрикенглик, маърифат ва эзгулик моҳиятини кенг жамоатчиликка тушунтириш ва тарғиб этишга хизмат қилишини, мўмин-мусулмонларга янада кенг шарт-шароитлар яратишини нафақат халқимиз, балки жаҳон аҳли ҳам юксак эътироф этаётир.

Ҳадис илми олий мактаби фаолиятини ташкил қилиш мамлакатимиз маънавий тараққиётининг бугунги босқичида муҳим аҳамият касб этади. Олий таълим муассасаси ўз олдига ҳадис илмининг илмий-назарий асосларини чуқур ўрганиш, хорижий тилларни пухта ўзлаштириш, диний қадриятларни асраб-авайлаш, ҳадис илми уламолари асарларининг таржима ва қиёсий матнларини тайёрлаш, ўзбек ва хорижий тилларда нашр этиш, конференциялар ташкил этишдек катта вазифаларни қўйган.

Олий мактабда ҳадисшунослик фанлари билан бир қаторда Қуръони Карим, фиқҳ, ақида, тафсир, ислом тарихи каби фанлар ҳамда хорижий тиллардан чуқур илм берилади. Ўқиш муддати беш йил бўлиб, кундузги таълим шаклида олиб борилади. Мактабга араб тилини пухта ўзлаштирган, ҳадисларни ёд олишга салоҳиятли ўрта махсус диний таълим муассасаларини тамомлаган ўн нафар иқтидорли битирувчи 2019-2020 ўқув йили учун саралаб олинди.

Ҳадис илми мактаби битирувчилари диний фанлар, хусусан, ҳадис илми соҳасида диний таълим муассасаларида таълим бериб, имом-хатиб, илмий ходим вазифаларида ишлаб, шунингдек, илмий-тадқиқот марказларида фаолият олиб боришади. Битирувчилар таълимни магистратура, таянч докторантура ва докторантура босқичларида давом эттиришлари ҳам мумкин.

Яқинда янги ўқув йилига тайёргарлик ишлари, талабалар ва педагог-ўқитувчиларга яратилган шарт-шароит билан танишиш мақсадида ушбу таълим муассасасига бордим. Олий мактаб фаолияти, ўқув хоналари, кутубхона ва таълим-тарбия жараёнларини олиб боришнинг энг замонавий услублари билан яқиндан танишдим. Шунингдек, электрон портал, хорижий профессор-ўқитувчилар ва юртимиздаги уламолар ўтадиган дарс машғулотларини ёзиб бориш учун ташкил этилган мультимедия бўлимини ҳам кўздан кечирдим, яратилган шароитлар ҳавас қиларлик даражада.

Муҳтарам Президентимиз кутаётганларидек бу даргоҳдан Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Бурҳониддин Марғиноний каби буюк алломалар яна етишиб чиқади, инша Аллоҳ.

– Тарбия оиладан бошланади. Оила маънавияти, ота-онанинг фарзандлари ва фарзандларнинг ота-оналари олдидаги бурчлари ва масъулиятларини, афсуски, кўпчилик теран англамайди. Билганлар ҳам бунга унчалик эътибор қаратишмайди. Диний идора бу масалани одамларга тушунтиришда қандай йўл тутяпти?

– Ислом динида оила ва фарзанд тарбиясига катта эътибор қаратилади. Ҳазрат Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Кишининг ўз фарзандини чиройли одоб-ахлоқ билан тарбиялаши кўп миқдорда қилган нафл садақасидан яхшироқдир» (Имом Аҳмад ривояти) деганлар. Шунингдек, яна бир ҳадиси шарифда:«Болаларингизга одоб беринглар ва одобларини чиройли қилинглар», деганлар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси уламолари, масжидлар имом домлалари оила мустаҳкамлиги, фарзанд тарбияси ва эр-хотин муносабатлари бўйича жойларда ўз маърузалари билан мунтазам иштирок этиб келмоқдалар.

Диний идора ҳузуридаги «Мовароуннаҳр» нашриёти томонидан оила фаровонлигига оид китоблар чоп этилмоқда. Шунингдек, «Ҳидоят», «Мўминалар» журналлари ва «Ислом нури» газетасида фарзанд тарбияси билан боғлиқ мақолалар эълон қилиб борилмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва етакчи диний соҳа ходимларининг интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқ саҳифалари фаол ишлаб турибди. Уларда тўғридан-тўғри мулоқот олиб бориш ёки онлайн савол-жавоб қилиш имконияти яратилган. Мўмин-мусулмонларимиз доимий тарзда ушбу тармоқларга боғланиб, ўзларини қизиқтираётган, жоиз бўлса, қийнаётган масалаларга жавоб олмоқдалар.

– Бугунги кунда ижтимоий тармоқлар ривожланмоқда. Албатта, унинг қулай томонлари жуда кўп. Аммо, таассуфки, ундан нотўғри фойдаланаётганлар ҳам бисёр. Динимизда улардан фойдаланишнинг тартиб-қоидалари, одоблари борми?

– Юксак тараққий этган ахборот технологиялари асрида яшаяпмиз. Кўпчилик тонгда уйғониши билан телефонини қўлига олиб, ижтимоий тармоқларни кузатади. Шу тариқа истаса-истамаса, ўзини ахборот майдони ичра кўради. Кимлардир бу майдонда – тарқатувчи, кимлардир – оддий иштирокчи, кимлардир – ўша ахборотларнинг қурбони, кимлардир эса – кузатувчи…

Интернетга киришдан аввал умрнинг қадрини ёдга олиш керак. Кейин эса маълумотларни саралашни ўрганиш даркор. Болалар интернетдан фойдаланганда уларни ҳеч ҳам қаровсиз қолдирмаслик зарур. Инсоннинг дўст-у ёрлари унга катта таъсир ўтказади. Интернетда болаларимиз ким билан мулоқот қилмоқда, кимлар билан дўстлашмоқда – бу ниҳоятда муҳим. Чунки ҳадиси шарифда шундай марҳамат қилинади:

«Яхши ҳамроҳ ва ёмон ҳамроҳ мисоли атир сотувчи ва темирга дам урувчи кабидир. Атир сотувчи ё сенга хушбўйлик суртиб қўяди, ё ундан хушбўйлик сотиб оласан, ё ундан келаётган хушбўй ҳиддан баҳра оласан. Темирга дам урувчи эса ё кийимингнинг бир четини куйдириб қўйиши мумкин ё ундан келаётган қўланса ҳид димоғингни ачитади» (Имом Муслим ривояти).

Ижод аҳли меҳнатининг нақадар машаққатли эканини англаган киши сифатида уларнинг саъй-ҳаракатини доимо қўллаб-қувватлайман. Диний идора барча ижодкорлар билан яқиндан ҳамкорлик қилишга тайёр эканини билдираман.

– Жамиятимизда бир оғриқли муаммо урчимоқда. Бу эрта турмуш ва ноқонуний оила қуриш масаласи. Бу ҳақда, уларнинг оқибатлари хусусида фикрларингизни билмоқчи эдик.

– Ҳақиқатдан ҳам, бу оғриқли масала. Орзу-ҳавас ортидан келаётган муаммоларимиздан. Бу борада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг оилани мустаҳкамлаш, хотин-қизларнинг ҳуқуқини, фарзандлар тарбиясидаги муҳим масалаларни ҳал қилиб беришдаги кўрсатмалари барчага ибрат бўлиши керак.

Имом Байҳақий ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам турмушга чиқаётган қизларнинг ўзлари билан маслаҳатлашиш кераклигини айтганлар. Маслаҳатлашиш қиздан куёвликка танланаётган йигит ҳақидаги фикрларини билишдангина иборат бўлиб қолмай, унинг келинлик масъулияти вазифаларини қандай тушуниши, уларни адо этишга уқуви, малакаси, соғлиги, хоҳиш-­иродаси қай даражада эканини ҳисобга олиб, йўл тутишни ҳам тақозо этади.

Икки аср илгари маърифатпарвар олим Ризоуддин ибн Фахруддиннинг «Оила» номли асарида илгари сурилган ушбу фикрлар бугун ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган: «Ҳар нарсанинг табиий бир ўлчови бордир. Ўлчовсиз иш ҳеч вақтда фойда бермайди. Никоҳнинг ҳам маълум вақти бўлиб, ундан олдин ёки кеч қолиш ё тиб, ё ахлоқ жиҳатига кўра зарар келтиради. Никоҳ вақтида эр билан хотун орасида ёш эътиборига қараб мувофиқ бўлиши табиий бир ишдир. Никоҳ учун табиий бўлган ёш эрларда йигирма билан қирқ орасида, қизларда ўн саккиз билан ўттиз орасидадир. Бундан сўнг ёки илк бўлган никоҳлар фойдасиз бўлади».

Демак, никоҳ ва оила масаласига ота­оналар ҳам доимо катта аҳамият беришлари лозим. Улар ўз фарзандларини ёш жиҳатидан оила қуришга тайёр эканлигига тўла қаноат ҳосил қилиб, сўнгра никоҳдан ўтказишлари шарт.

– Бугун нима кўп, телевидениеда хориж сериаллари кўп. Бу майли-я, аммо улардаги беҳаё намойишлар тарбияга жиддий путур етказмоқда. Матбуот ва интернетда зиёлилар бу мавзуда ҳар қанча танқид қилмасин, ижобий натижа бўлмаяпти. Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Хотин-қизлар қўмитаси ва Республика маънавият ва маърифат маркази сериаллар намойишини тартибга солишда ҳамкорликда курашса, ташаббус билан чиқишса, миллат маънавиятини асраш йўлидаги энг яхши ишлардан бири бўлар эди…

– Бугун қаршимизда ана шундай хатар турибди: кино санъати ниқобидаги беҳаёлик халқимизнинг ақли ва қалбини эгаллашга уринмоқда. Оқибатда, беҳаёлик аталмиш таназзул белгиси эпидемия каби жадал тарқалмоқда. Сиртдан қараганда, зарарсиз, замона зайлидек кўринган бу иллат аслида, барчамиз учун улкан мусибатдир.

Хорижда кино санъати маҳсулотларининг бозори чаққон бўлиши учун унга уятсиз унсурларни қўшиш одат тусига кирган. Фикримча, бу лавҳалар атайин телетомошабинларнинг онг остига таъсир кўрсатиш учун қўшилган. Нима бўлган тақдирда ҳам бу каби сериалларнинг намойишини тўхтатиш лозим. Агар андиша қилиб, бу ҳолатга кўз юмадиган бўлсак, оқибатда бунинг бадали жуда оғир бўлади.

Мамлакат ва жамиятимизда халқ орасидаги ҳамжиҳатлик, ор-номус, ҳамиятни ич-ичидан емирадиган, соғлом фикр ва қарашларни ботқоққа ботирадиган бундай очиқдан-очиқ таҳдидларга томошабин бўлиб турилгани ажабланарли.

Миллий менталитетимиз, асл урф­одат ва қадриятларимизга мутлақ зид бўлган ушбу сериалларга ўз манфаатинигина ўйлаб бош-қош бўлган мутасаддиларни ҳамма нарсадан устун бўлган миллат маънавиятига эътибор қаратишга чақирамиз.

– Хабарингиз бор, шу йил 23 август куни Президентимиз раҳбарлигида халқ таълими тизимини ривожлантириш, ўқитувчилар малакаси ва нуфузини ошириш, ёш авлод маънавиятини юксалтириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Унда, жумладан, ёш авлод тарбиясига алоҳида эътибор қаратилди. Бу борада фикр-мулоҳазаларингизни билдирсангиз.

– Маълумки, давлатимиз раҳбари илғор фикрлайдиган, замонавий кадрлар тайёрлаш, ёшларни юксак маънавият эгалари этиб тарбиялаш, шу мақсадда таълим тизимини такомиллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратиб келмоқдалар.

Муборак динимиз жамият асосининг пойдевори ва истиқболи бўлган ёшларнинг ҳар томонлама комил инсон бўлиб етишишларини талаб қилади. Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисларида:

«Ким дунёни хоҳласа тижорат қилсин, кимки охиратни хоҳласа зоҳид бўлсин ва кимки иккисини ҳам хоҳласа илм олсин». Яна бир ҳадиси шарифда: «Илм Чин-Мочин (Хитой)да бўлса ҳам, уни излаб топиб, эгаллангиз. Зеро, илмни талаб қилиш ҳар бир мусулмонга фарздир», дейилган.

Тарихдан маълумки, улуғ боболаримиз Имом Бухорий, Имом Термизий, Ибн Сино, Замахшарий, Мирзо Улуғбек барчаси моҳир, меҳрибон, талабчан устоздан таълим олган.

Халқимизнинг ибратли хусусиятларидан бири – бирор янги иш бошлашдан аввал унга билим, касб ўргатган устоздан дуо-фотиҳа олади. Устоз дуосини олса, албатта, унинг иши юришади, ўзи камол топади. Лекин, афсуски, халқимиз орасида бу анъаналар унутилмоқда.

Аждодларимиз ўз вақтида маънавий, илмий мероси, ижоди билан бутун дунёга устозлик қилганлар. Улар бошқаларга эргашмаган, бошқаларни ўз ортидан эргаштирган. Биз ҳам бугун эргашувчи эмас, эргаштирувчи кучга эга бўлишимиз керак!

Хулоса ўрнида, маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлонийнинг қарийб бир аср аввал айтган: «Тарбия биз учун ё ҳаёт – ё мамот, ё нажот – ё ҳалокат, ё саодат – ё фалокат масаласидир» деган сўзларини эслатиб ўтиш, шу билан бирга, ҳар биримиз миллат шаъни, қадр-қиммати, миллий анъана ва қадриятларимизни ҳурмат қилишимиз, халқимизнинг диний, маънавий ва ахлоқий қарашларини асосий мезон қилиб олишимиз мақсадга мувофиқ бўлади.

Барча хайрли ишларимизда Аллоҳ таоло мададкор бўлсин!

«Ishonch» мухбири Зебо НАМОЗОВА суҳбатлашди.
Манба: ЎзА

Check Also

Мағрур ҳилпирайвер, юртим байроғи!

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида 18 ноябрь куни ходимлар иштирокида Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул …