Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / МАРКАЗДА «ЁШЛАР БИЛАН БИР КУН»

МАРКАЗДА «ЁШЛАР БИЛАН БИР КУН»

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида ёшлар билан очиқ мулоқот, тажрибани ўртоқлашиш ва устоз-шогирд анъаналарини мустаҳкамлашга қаратилган “Ёшлар билан бир кун” акцияси ташкил этилди. Унда Марказнинг ёш ходимлари, Ҳадис илми мактаби талабалари ҳамда Марказда амалиёт ўтаётган ёшлар иштирок этди.

Тадбир мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсати доирасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан, “Янги Ўзбекистон ёшлари – 2030” стратегиясида белгиланган вазифалар ижросига ҳамоҳанг тарзда ўтказилди. Унда ёшларнинг илмий салоҳиятини қўллаб-қувватлаш, уларнинг интеллектуал ва маънавий камолоти учун яратилаётган имкониятлар ҳақида атрофлича фикр алмашилди.

Марказ директорининг ўринбосари О.Муҳаммадиев, Илмий тадқиқотлар бўлими бошлиғи М.Амонов, Зиёрат туризмини ривожлантириш бўлими бошлиғи Ш.Умаров ҳамда илмий ходим Т.Эвадуллаев кейинги йилларда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, илмий-тадқиқот муассасалари фаолияти ва ёшлар учун яратилган шароитлар хусусида сўз юритди.

Жумладан, иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, хорижий тиллар ва ахборот технологияларини ўрганиш, халқаро таълим дастурларида иштирок этиш, стартап ташаббусларни ривожлантириш борасидаги имкониятлар ҳақида маълумот берилди. Шунингдек, “Эл-юрт умиди” жамғармаси ҳамда Erasmus+ каби халқаро дастурлар орқали ёшларнинг нуфузли хорижий олий таълим муассасаларида таҳсил олиши ва тажриба алмашиши учун яратилаётган қулайликлар алоҳида таъкидланди.

Тадбир давомида ёшлар ўзларини қизиқтирган саволлар билан мутахассисларга мурожаат қилиб, атрофлича жавоблар олди. Самимий ва очиқ мулоқот иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.

Учрашув қатнашчилари Марказдаги Имом Бухорий ҳаёти ва илмий меросига бағишланган музей экспонатлари ҳамда бу ерда амалга оширилаётган илмий ва маърифий ишлар билан танишди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Имом Бухорий мероси — асрлар оша инсонлар қалбини ёритиб келаётган маънавий зиё

Тошкентда «Ислом цивилизациясида илмий анъана: манбалар, имкониятлар ва долзарб масалалар” мавзусида ўтаётган халқаро илмий-амалий конференцияда …