“Ўзбекистон – Буюк йўллар ва цивилизациялар чорраҳаси: империялар, динлар, маданиятлар” маданий мерос ҳафталиги доирасида 25 август куни Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида «Асрлар қаъридан таралаётган ёғду» мавзуида исломшунос олимларнинг халқаро конференцияси ўтказилди.
Халқаро конференцияни Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси вице-президенти Б.Абдуҳалимов очиб, ҳафталик унинг доирасидаги тадбирларда хориждан нуфузли меҳмонлар, таниқли олим ва экспертлар қатнашаётгани дунё ҳамжамияти мамлакатимиз маданий меросига катта қизиқиш ва алоҳида эътибор билан қарашидан далолат эканини, анжуман нафақат Марказий Осиё, балки бутун Евросиё қитъаси учун муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
Ташкил этилган ушбу анжуман Президент Шавкат Мирзиёевнинг Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш саммитида сўзлаган нутқида таъкидланганидек, Марказ “Динлараро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, маърифат ва маданиятларни ўзаро бойитиш масалалари бўйича тизимли мулоқотни йўлга қўйишда самарали платформа бўлиб хизмат қилиши”нинг яққол далили бўлгани алоҳида қайд этилди.
IRCICA, UNESCO каби халқаро ташкилотлар ва қатор давлатлардаги фанлар академиялари вакиллари, нуфузли ислом тадқиқот марказлари олимлари, нодир қўлёзма ва тошбосма асарлар сақланаётган кутубхона фондлари раҳбарларининг маърузалари тингланди.
Тадбир доирасида “Ўзбекистон обидаларидаги битиклар” туркумидаги китоб-альбомларнинг Хоразм ва Бухоро вилоятларидаги обидаларга бағишланган навбатдаги – 14-15-жилдлари тақдимоти ҳамда Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси (ЎзЕОАВМА) ва BBC ўзбек хизмати ҳамкорлигида суратга олинган «Катта лангар Қуръони: сирлар ва ҳақиқатлар» китобининг тақдимоти ўтказилди.
Қатнашчилар юртимизда илк бор ўтказилаётган “Ўзбекистон – Буюк йўллар ва цивилизациялар чорраҳаси: империялар, динлар, маданиятлар” ҳафталиги мамлакатимиз тарихи ва маданиятини ўрганиш жараёнини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилишини таъкидлади. Зеро, бу йирик форум Мовароуннаҳр алломаларининг бутун инсоният бойлигига айланиб улгурган беқиёс мероси, халқимизнинг ўхшаши йўқ маданияти ва санъати. ҳақида яхлит тасаввур ҳосил қилиб, халқаро миқёсда экспертлар ва илм аҳлини жамлаш имкони бермоқда.
«Асрлар қаъридан таралаётган ёғду» конференцияси иштирокчилари шўъбаларга бўлинган ҳолда анжуманни давом эттирди.
“Китобат санъати ва китобдаги санъат: Мовароуннаҳр қўлёзма мероси” шўъбасида “Ўзбекистоннинг бой ва хилма-хил ёзма мероси – жаҳон ислом қўлёзмаларининг муҳим қисми”, “Ўзбекистон маданий мероси Худо Бахш шарқшунослик кутубхонаси тўпламларида”, “Ўзбекистон маданий мероси Ризо Рампур кутубхонаси тўпламларида”, “Ўрта Осиё Кембриджда”, “Ҳиндистон Миллий музейидаги қўлёзмалар тўпламида ҳинд-ўзбек мероси”, “Ўзбекистон маданий мероси Ислом даври илмий қўлёзмалари кўринишида: тадқиқот, ҳужжатлаштириш ва сақлаш”, “Венгрия Фанлар академияси кутубхонасида Ўзбекистон маданий меросини акс эттирувчи қўлёзмалар”, “Мовароуннаҳр қўлёзма мероси Рампур Ризо кутубхонасида: Тўтинома ва бошқа манбаларга кириш”, “Алишер Навоий асарлари Буюк Британия кутубхоналарида”, “Улуғбек – Ўрта асрлар осмонидаги юлдуз”, “Мовароуннаҳр миниатюрачи рассомларининг қоғоздан фойданалиш амалиёти”, “Темурийлар даври китобат санъати”, “Искандар Мақдуний ҳақида ўрта асрлардаги афсонавий тасаввурлар”, “Ислом цивилизацияси ривожида Марказий Осиё халқларининг ўрни ва аҳамияти”, “Келажакни барпо этишда тарих сабоқлари: Мовароуннаҳр олтин асридан нималарни олиш мумкин?” каби бир-биридан қизиқарли мавзуларга оид маърузалар тингланди.
“Ислом олами архитектура ва санъати – жаҳон цивилизациясининг ажралмас қисми” деб номланган иккинчи шўъбада олим ва экспертлар “Қадимги Гандҳара ҳудудидаги Буюк ипак йўли мероси: Шимолий Покистондаги масжид китоблари ва қабр тошлари”, “Кўз ўнгимиздаги муқаддас китобат: Ўзбекистон обидаларидаги битиклар”, “Бухоронинг қадимги ва ўрта асрлардаги мероси ва Ўзбекистон-Америка экспедициясининг Бухородаги тадқиқотлари” каби мавзуларда маъруза қилди.
Илм-фан ва маданиятга оид янги топилган тарихий маълумотлар, турли далилларга замонавий ёндашув билан берилган шарҳлар туфайли анжуман ғоят қизқин мунозаралар тарзида ўтди.
Меҳмонлар Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази фаолияти билан танишди, муассаса музейидаги экспонатлар ва кутубхонасидаги нодир асарларни кўздан кечирди. Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларга юксак баҳо берди.