Home / МАҚОЛАЛАР / Имом Бухорий ҳадисларни такрор келтиришидан кўзлаган мақсади

Имом Бухорий ҳадисларни такрор келтиришидан кўзлаган мақсади

Имом Бухорий “ал-Жомиъ ас-саҳиҳ” асарини ёзишда ўзига хос бўлган услублардан бири ҳадисларни такрор келтириш бўлиб, бунда еттита мақсади бўлган:

  1. Ҳадисни нақл қилувчилардан шубҳани кетказиш. Баъзи ровийлар ҳадисни тўлиқлигича ва айримлари қисқалигича ривоят қилган. Шу сабабли Имом Бухорий ровийлардан шубҳани кетказиш учун ҳадисни мукаммал келган бўлса, мукаммаллигича ва агар мухтасар келган бўлса, мухтасарлигича ривоят қилган.
  2. Имом Бухорийнинг иккинчи мақсади ровийлар лафзларининг хилма-хиллигини баён қилишликдир. Чунки ровийларнинг иборалари турли хил бўлиб, ровий тарафидан ривоят қилинган ҳадисда бошқа маъно учун эҳтимоли бор бўлган сўз бўлса, Имом Бухорий ўзининг шартига тўғри келса, у ҳадисни ўз йўлича келтириб, ҳар бир лафз учун янги боб ажратган. Шу сабабли у кишининг саҳиҳларида боблар бир нечта турга бўлинган. Имом Бухорийнинг саҳиҳларини ўрганишда буни билишлик жуда аҳамиятлидир.
  3. Иккита қарама-қарши ишдан бирини устун қўйишдир. Агар муттасил[1] ва мурсал[2] ёки мавқуф[3] ва марфуъ[4] ҳадислар қарама-қарши келса, Имом Бухорий муттасил ва марфуъ ҳадисни устун қўйган. Шуни асос қилиб муттасил ва марфуъ ҳадисга таъсир қилмаслигини огоҳлантириб мурсал ва мавқуф ҳадисни келтирган.
  4. Санаддаги зиёда бўлган ровийдан гумонни кетказиш учун ҳадисни такрор келтирган. Шу ўринда баъзи ровийлар санадда бир кишини зиёда қилишлиги у кишининг наздида дуруст иш бўлиб, албатта ровий устози ривоят қилган ҳадисни бошқа бир кишидан эшитди. Натижада ровий ҳадисни у кишининг номидан айтди. Шунга биноан ровий бу ҳадисни иккита йўл билан ривоят қилади. Имом Бухорий ҳам бу санадни санаддаги зиёда бўлишдаги гумонни кетказиш учун иккита важҳга кўра келтирган.
  5. Эшитган нарсасини очиқ-ойдин тушунтириб бериш учун ҳадисни такрор келтириш. Шу жойда фалончидан фалончи, деган лафз билан ривоят қилинган ҳадисни келтириб, сўнгра шу ҳадисни ровий эшитишлик билан очиқ-ойдин қилган бошқа йўл билан келтиради. Имом Бухорий бу йўлнинг амалга ошиши учун ровийларнинг бир-бирлари билан учрашишлигини шарт қилади.
  6. Ҳадисни ноаниқлик чегарасидан чиқаришдир. Гоҳида ҳадис аҳлидан бўлмаган киши бундай ҳадисни “такрорланувчи ҳадис”, деб қаттиқ ишонади.
  7. Ҳадис йўлларини баён қилишликдир. Шу ўринда ҳадис ҳадис йўлларини қамраб олган бир нечта маъноларни ўз ичига олади. Шу сабабли Имом Бухорий хар бир бобда ҳадисни биринчи йўлдан бошқа бўлган йўл билан ҳам келтиради[5].

Давоми бор…

О.Бахриев
Қуроншунослик шўъбаси илмий ходими
[1] Муттасил – Барча ровий эшитиб, исноди Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламгача узлуксиз бўлган ҳадис.
[2] Мурсал – Ҳадисдаги саҳобийлардан бир ёки бир нечтасини тушириб ривоят қилмоқ.
[3] Мавқуф – Ҳадисни бир саҳобийга ёки ундан кейинги наслдан бирига нисбат бермоқ.
[4] Марфуъ – Санади Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга етказилган ҳадис.
[5] Бу маълумотлар Ҳофиз Ибн Ҳажар Асқалонийнинг “Ҳадюс сори” китобидан мухтасар қилиб тартибланди. 15 саҳифа.

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …