Home / МАҚОЛАЛАР / Алоуддин Усмандийнинг “Лубобул Калом” асарида эътиқодий масалаларнинг ёритилиши

Алоуддин Усмандийнинг “Лубобул Калом” асарида эътиқодий масалаларнинг ёритилиши

Иймон ва Ислом битта нарса экани ҳақидаги бўлим

Биз юқорида зикр қилиб ўтган далиллар орқали иймон ва Ислом битта нарса экани ўз тасдиғини топди. “Иймон Исломдан бошқа нарсадир”, деган ҳашавийларга хилоф равишда бу икки исм маънодошдир. Чунки иймон бу, Аллоҳ таолони тасдиқлашдир. Ислом эса ё таслимдан олинган бўлиши ва у банда ўзини Аллоҳ таолонинг ихтиёрига ташлашидир ёки баъзилар айтганидек, ихлос ва истИсломдан олинган бўлиши мумкин. Аллоҳ таолонинг Иброҳим алайҳис-саломга айтган “Чунки Робби унга: “Мусулмон бўл!” деганида, у: Оламларнинг Роббига мусулмон бўлдим”, деди”[1] сўзи “Ихлос қил!” маъносидадир. Қандай бўлмасин, оятнинг маъноси биз айтиб ўтганимиздек Аллоҳни қалб билан тасдиқлаш, ўзининг холиқи У экани ва Унинг шериги йўқ эканига эътиқод қилишга бориб тақалади. Бунга Аллоҳ таолонинг: “Ким Исломдан бошқа динни хоҳласа, бас, ундан ҳаргиз қабул қилинмас”[2], деган сўзи далолат қилган. “Албатта, Аллоҳнинг ҳузуридаги дин Исломдир”[3], деган сўзи эса Аллоҳнинг дини бу, Ислом экани, Исломдан бошқа ҳар қандай дин мақбул эмаслигини, иймон бу, шубҳасиз, дин эканини, агар Исломдан бошқа бўлганида Аллоҳнинг дини бўлмаслигини ва қабул қилинмаслигини, масала эса аксинча эканини баён қилиб берган.

Мухолиф тараф иймонни Исломдан бошқа нарса деяпти, деб Аллоҳ таолонинг: “Аъробийлар, иймон келтирдик, дедилар. Сен: “Иймон келтирганингиз йўқ, лекин бўйинсундик, денглар”, деб айт”[4], деган сўзига, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Жаброил алайҳис-салом у зотдан иймон ҳақида савол берганида “Аллоҳга, фаришталарига, китобларига, расулларига, Охират кунига, қадарнинг яхшиси ва ёмони Аллоҳдан эканига иймон келтирмоғинг”, деганлари, Ислом ҳақида савол берганида эса: “Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, Муҳаммад Аллоҳнинг Расулидир, деб шоҳидлик бермоғинг, намозни қоим қилмоғинг, закотни адо этмоғинг, (Рамазонда) бир ой оўза тутмоғинг ва ҳаж қилмоғинг”, деганлари, биринчисида “Агар шундай қилсам мен мўминманми?”, иккинчисида эса “Мен мусулмонманми?”, деганида у зотнинг “Ҳа!” деб жавоб берганлари, Жаброил алайҳис-салом у зотга “Тўғри айтдингиз”, деганини далил сифатида ушлаб олганлар ва бу иймоннинг Исломдан бошқа нарса эканини баён қилаяпти, деганлар.

Жавоб қуйидагича: Оят ҳақида жавобимиз шундай: унинг маъноси – валлоҳу аълам, – “Қиличдан қўрққанимиз учун қалбда эмас, зоҳирда бўйинсундик, деб айтинг”дир. Чунки ундан мурод Аллоҳ таолонинг “Ким Исломдан бошқа динни хоҳласа”[5],  деган сўзидан ирода қилинган Исломнинг ҳақиқатидир. Чунки, агар гап сизлар айтгандек бўлганида – ҳолбуки, бу оят мунофиқлар ҳақида, – уларнинг “иймон келтирдик”, деган сўзлари қабул қилиши, Жаброил алайҳис-саломнинг ҳадисида келган зоҳирий амалларни қабул қилганликлари учун мусулмон бўлишлари керак эди. Ҳатто, фақатгина ана шундай бўлган иймон қабул қилинган ва “Ким Исломдан бошқа динни хоҳласа, бас, ундан ҳаргиз қабул қилинмас”[6], деган сўзи борлиги учун ҳам  ихлос билан иймон келтирганнинг иймони қабул қилинмаган бўлар эди. Бу – иккинчи ҳадиснинг ҳам жавобидир. Чунки мунофиқлар “Ислом нима?” деган саволнинг жавобида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам тилга олиб ўтган нарсаларни қабул қилганлар. Бинобарин, улар ҳам ўша ишлари сабаб мусулмонга айланишлари, уларнинг бу исломи қабул қилиниши керак бўлади.

Сўнгра айтамизки, саҳиҳ ривоятларда зикр қилинишича, Жаброил алайҳис-салом иккинчи марта Исломнинг аҳкомлари ҳақида сўрагани ва у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам шайх Имом Абу Мансур Мотуридий раҳимаҳуллоҳ зикр қилиб ўтган сўзлар билан жавоб берганлар.  Унинг айтишича, Ибн Умар розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам иймон ҳақида сўнгра Исломнинг аҳкомлари ҳақида савол берилган, деган. Юқорида ривоят қилинган ҳадисни ана шундай тушунилади. Аммо ровий саволдаги “аҳкомлар” деган жойини эшитмай қолган. Ровий ўзи билганлиги учун сўзни қисқа қилиш мақсадида ўша зиёда жойини тарк қилган, деб тушуниш ҳам мумкин. Чунки  бу нарсада ҳеч ким шубҳага бормайди. Негаки, мусулмон бўлмаган мўмин, мўмин бўлмаган мусулмон борлигини ҳеч ким тасаввурига келтира олмайди. Ёхуд айтамизки, ҳадисда Ислом тилга олинаяпти, аммо мажозан аҳкомлар назарда тутилаяпти. Худди  Аллоҳ таолонинг: “Аллоҳ иймонингизни зое қилмайди”[7], яъни, намозингизни, деган сўзи каби.

Иймон зиёда ва ноқис бўлмаслиги ҳақидаги бўлим

Юқорида айтиб ўтганларимизга асосан иймон қалб билан тасдиқ қилиш бўладиган бўлса, демак у ўз зотида зиёда бўлмайди ва камаймайди. Чунки тоатлар ва маъсиятлар агар зиёда ва кам бўладиган бўлса, аммо тасдиқ ҳар икки ҳолатда ҳам бир хилдир. Агар амаллар иймондан бўлмас экан иймонда кўпайиш ва камайиш бўлишини тасаввур қилиб бўлмайди. Аммо Аллоҳ таолонинг: “иймонларига иймон зиёда бўлиши учун”[8], деган сўзида келган иймоннинг зиёда бўлиши ҳақидаги гапларни ва бошқа нақлларни бир неча жиҳатдан таъвил қилинади.

Биринчиси: тасдиқ ва эътиқод илм ва далил-хужжатни ўрганиш орқали ҳосил бўлиши билан фазилат ва шараф эътиборидан зиёда бўлиши. Шу маъно учун ҳам “Анбиёларнинг иймони бизлардан биримизнинг иймонимиздан кўра зиёдароқдир”, дейилади. Саҳобаларнинг  бошқаларга нисбатан иймони ҳам худди шундай.

Иккинчиси: Ибн Аббос розияллоҳу анҳу ва Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳдан ривоят қилинганки, саҳобалар фарзларга жумлатан иймон келтирганлар. Сўнг фарз ортидан фарз қўшилаверган ва ҳар бир фарзга иймон келтирилган. Гарчи  жумлатан келтирилган иймон аниқ унга иймон келтириш бўлса-да, у батафсиллик юзасидан зиёда бўлиб бораверган.

Учинчиси (оят ва ҳадислардаги) зиёдалик доимийлик, барқарорлик ва лаҳзама-лаҳза узлуксизлик деб тушунилади. Мана шуни зиёдалик деб айтилади. Иймонни зиёда ва ноқис бўлади деганлар Аллоҳ таолонинг: “Бугунги кунда Мен сизнинг динингизни мукаммал қилиб бердим”[9], деган сўзини ушлаб олганлар. Зиёда ва кам бўлмайдиган нарсада қандай қилиб мукаммал қилишни тасаввур қилиш мумкин?

Жавоб ўрнида шундай деймиз: ундан мурод иймон камайганидан кейин мукаммал қилиш эмасдир. Чунки у ўша оят нозил бўлишидан олдин вафот этган муҳожир ва ансорлар нуқсонли дин устида вафот этган бўлишларини ифодалайди. Бундай бўлиши мумкин эмас. Сўнг яна айтамизки, оятда зикр қилинган “бугунги кунда”дан мурод Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам замонларининг барчасидир. Чунки, “бугунги кунда” лафзи ишлатилганда мутлақ вақт назарда тутилади. Оятда келган “мукаммал қилиб бериш”дан мурод Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тиллари орқали комиллик ила изҳор қилишдир. Қолаверса, ундан мурод шартлар, аҳкомлар билан мукаммал қилиш, суннатлар ва бошқалар билан унга зийнат беришдир. Диннинг ўзида мавжуд бўлган ноқисликни бартараф қилди, деган маънода эмас у. Мана шуни мукаммал қилиш деб айтилади. Тавфиқ Аллоҳдандир.

Давоми бор…

Нашрлар бўлими бошлиғи
Отабек МУҲАММАДИЕВ
[1] Бақара сураси, 131-ояти.
[2] Оли Имрон сураси, 85-ояти.
[3] Юқоридаги суранинг 19-ояти.
[4] Ҳужурот сураси, 14-ояти.
[5] Оли Имрон сураси, 85-ояти.
[6] Оли Имрон сураси, 85-ояти.
[7] Бақара сураси, 143-ояти.
[8] Фатҳ сураси, 4-ояти.
[9] Моида сураси, 3-ояти.

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …