Home / МАҚОЛАЛАР / Илму ирфон инсоният камолотидир

Илму ирфон инсоният камолотидир

Маълумки, динимиз инсонларни илм олишга тарғиб қилувчи диндир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил қилинган дастлабки оятларда илм олишга ундаш маъноси борлигининг ўзи ҳам Ислом илму маърифат дини эканлигининг ёрқин далилидир.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда илмли кишиларнинг мартабаларини юксак даражаларга кўтаришини баён қилиб:

“Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур” – деган (Мужодала сураси, 11-оят). Ушбу оятдан ҳам кўриниб турибдики, илмли кишиларнинг мартабаси Аллоҳ таолонинг назарида юксакдир.

Илм ўрганишда биз ўтган аждодларимиздан ибрат олсак арзийди. Улар ўлим тўшагида ётган вақтларида ҳам илм талабидан тўхтамаганлар.

Фақиҳ Абулҳасан Али ибн Ийсо Валвалижий шундай гапириб берган: Абу Райҳоннинг ёнига вафот этиши арафасида кирганман. У зўрға нафас олиб, юраги сиқилиб ётганди. У етмиш саккиз ёшда эди. У шу ҳолатида менга қараб: бугун менга она томондан бўладиган момоларнинг меросдаги улуши ҳақида нима дейсан? – деди. Мен унга раҳмим келганидан: шундай ҳолатда ҳам-а? – дедим. У: эй менга қара! Менинг дунёдан ушбу масалани билиб кетганим уни билмасдан кетганимдан яхшироқ эмасми? – деди. Мен унга ўша масалани айтиб бердим. У бу масалани ёдлаб олди ва ёдлаганларини менга айтиб берди. Мен унинг ҳузуридан чиқиб кўчага етган ҳам эдимки, унинг вафот этгани учун йиғлаганларини эшитдим.

Айрим кишилар илм деганда фақат диний илмларни назарда тутиб, мусулмончиликда дунёвий фанларнинг ўрни йўқ деган нотўғри эътиқодда бўладилар. Аслида эса, диний илмлар ҳам, дунёвий илмлар ҳам Аллоҳнинг илми бўлиб, уларни бир биридан ажратиш мумкин эмас.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар бир муслим ва муслима илм олиши фарз эканини таъкидлаганлар.

Аммо ёлғиз илм олиш билан мақсад ҳосил бўлмайди. Илм билан бирга бандада тақво бўлиши лозим.

Халил ибн Аҳмад (р.а.) шундай деганлар: «Одамлар тўрт хил бўлади:

  1. Биладиган ва билишини ҳам биладиган киши. У олимдир, унга эргашинглар.
  2. Билади, лекин билишини билмайдиган киши. У уйқудадир, уни уйғотиб қўйинглар.
  3. Билмайдиган ва билмаслигини биладиган киши. У йўл қидирувчидир, уни йўлга солинглар.
  4. Билмайдиган ва билмаслигини ҳам билмайдиган киши. У жоҳилдир, ундан қочинглар».

Ибн Муборак (р.а.) айтадилар: «Киши модомики илм излаб юрган экан, у олимдир. Қачон ўзини олим бўлдим деб ўйласа, жоҳил бўлиб қолади».

Юқоридагилардан хулоса қилиб айтадиган бўлсак, илм инсонни жоҳиллик зулматидан ҳидоят нурига чиқарадиган, дунёда азизликка, охиратда шарафга етказадиган воситадир.

Шундай экан ёшларимиз илм излашдан чарчамасликлари керак.

Бугун ёшларимиз учун давлатимиз тарафидан кенг имконятлар ва шароитлар яратилган бўлиб, бундай шароитлардан унумли фойдаланиб, келажакда ватанимиз равнақига катта ҳисса қўшадиган, аждодларимиз каби дунё тан олган буюк инсонлар бўлиб етишмоқлари лозим.

Исроилов Шухратилла
Учқўрғон тумани “Муҳаммад Зариф” жомеъ
масжиди имом хатиби

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …