Инсоният душманлари мақсадларига етиш учун турли-туман ҳийлаларни ўйлаб топадилар. Шулардан бири фитнадир. Зеро, фитна одамлар орасини бузади, уларни бир-бирига душман қилади, отани боладан, яқинни жигардан… айиради. Нотинчлик, низо, иғво келтириб чиқаради.
Фитна луғатда кўп маъноларда келади:
- Жозиба, сеҳр;фусункорлик, афсункорлик, тароват, фатонат, берилмоқ (мафтун бўлмоқ). Фитна амал инсонларга гўзал кўринади, ёқимли кўринишда тақдим этилади. Асли сийратидан фарқ қилишини, афсуски, инсонлар кеч тушунади. Асл ислом, соф ақида, ҳақ жаннат каби жилвагар иборалар қанчадан-қанча инсонларни ром этмади, дейсиз. Мазмун, ҳақиқий мақсад мана шу жозиба ортида яширингани боис, уни тезда илғаб, англаб олиш мушкул. Шу сабаб таклиф этилаётган ахборот ақл ва нақл тарозисида тотилиши, синтез қилиниши мақсадга мувофиқ.
- Ишонмаслик, умидсизлик, худосизлик, даҳрийлик. Фитна, аслида ҳам, даҳрийликдир. Аллоҳга ишонган – имонли одам фитна қилиши мумкинми?! Аллоҳдан умидини узган, шайтон қулига айланганларгина одамлар орасига нифоқ солишга жазм қила олиши мумкин!
Фитна – адаштириш, қизиқтириш, алдаш, йўлдан оздириш ва чалғитишдир. Ёлғонга асосланган “ғоя” ҳидоят йўлидагиларни ҳақ йўлидан оздиришга хизмат қилади. Айрим манфаатдор тоифалар хоҳиш-иродаси рўёбига хизмат қилади.
Фитна, аслида, гумроҳлик; ақлдан озганлик, жинниликдир. Акс ҳолда, қандайдир ўй-хаёлларни деб икки дунё саодатидан воз кечиш мумкинми? Бу ишга қодир кишини ақли, тафаккури соғлом, эътиқоди мустаҳкам, деб бўлмайди. Бунга мисол қидириб узоққа бормаймиз: ИШИДнинг алдов ва пуч ғояларига лаққа тушиб, айбсиз инсонлар қонини тўкаётган кимсалар бориб турган гумроҳлардир.
Фитна эгаларининг хатти-ҳаракатлари исён, ғалаёнга олиб келиши муқаррар. Ғоявий ихтилоф, илмдаги келишмовчилик, ақидадаги қарама-қаршилик, охир-оқибат, инсонлар ва ҳатто халқлар ўртасида нифоққа сабаб бўлиши мумкин (Яман давлатининг таназзулга юз тутиши бунга яққол мисол). Боғийлик, яъни мавжуд ҳукуматга қарши чиқиб, уни ағдариш, мақсадларига мос давлат қуришга қаратилган исён шулар жумласидан бўлиб, манбаларда боғийнинг ўлимга маҳкумлиги таъкидланади. Илло, у тавба қилсагина кечирилади. Эътибор қаратилса, юртимизда қарор топган қонунчилик соф исломий ақидаларга нақадар мослиги аён бўлади. Зеро, адашган кимсаларнинг халқидан, юртбошисидан кечирим сўраб қилган тавбаси кечирилмоқда, ҳаётини йўлган қўйиши, гуноҳини ҳалол меҳнати билан ювишига имкон берилмоқда…
Фитна – ёлғонга, миш-мишга таянади. У оятларни таъвил қилиш, ҳадисларни нотўғри талқин этиш натижасидир. У васваса, нафс балоси оқибати бўлиб, миллий, диний қадриятлар асосини вайрон қилишдир. Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Фитна қотилликдан ҳам ашаддийроқдир”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Ниҳоят, фитна – синов, гуноҳдир. Аллоҳ ҳалолни, ҳаромни аниқ белгилаб берди. Уларнинг ўртасидаги нарсалар эса шубҳадир. Асл исломий манбаларда ҳақиқий мусулмон инсоннинг ҳатто шубҳали амалдан ҳам қайтиши лозимлиги таъкидланади. Зеро, залолатга етакловчи ғоялар, нотўғри ва ботил қарашлар чин инсонлар учун синов ҳамдир. Шу боис, имони мустаҳкам, эътиқоди комил инсон ҳаром ва шубҳали амалларни бажаришдан тийилади, бинобарин, уларни бир бора қилган инсон, кейинчалик, ўрганиб қолади ҳамда гуноҳга мойил бўлиб қолади.
Фитна илмсизлик натижасида келиб чиқади. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) башорат берганларидек, шариат илмидан бехабар кишиларнинг дин номидан иш юритиши инсон ва жамият учун кўплаб кўнгилсизликларни, фитналарни келтириб чиқаради. Аллоҳ таоло фитна ҳақида Ўзининг Каломи шарифидаги “Бақара” сураси 191-оятида:“(Одамларни) алдаб, фитнага солиш ўлдиришдан (ҳам) ёмонроқдир”, деб ўз бандаларини турли кўринишдаги фитналардан эҳтиёт бўлишга буюради. Чунки, инсоннинг маънавий ўлими унинг жисмоний ўлимидан аянчлироқ, ёмонроқдир. Шу боис ҳам, ояти каримада инсонлар орасида фитна, фасод ишларни тарқатишнинг гуноҳи маънан бир инсонни ўлдиришдан ҳам ёмонроқ эканлиги айтилмоқда, чунки инсоннинг руҳини ўлдириш – унинг жасадини ўлдиришдан фожиалироқ, оқибати эса даҳшатлироқдир.
Хўш, залолат йўлига кириб қолган инсон нима қилсин? Кейинги ҳаёти учун қандай йўл тутсин? Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг “Аъроф” сураси 3-оятида бу масалада аниқ буйруқ – амрларини баён қилган:“(Эй, инсонлар), сизларга Парвардигорингиздан нозил қилинган нарсага (Китобга) эргашингиз, ундан ўзга “дўстларга” эргашмангиз! Камдан-кам панд-насиҳат олурсизлар”.
Кўриниб турганидек, Аллоҳ таоло Қуръонга эргашиш, эшитилиши ёқимли, кўриниши жозибали, аммо мазмунию мақсади ёмонлик, оқибати эса фосиқликдан иборат даъватлар қилувчи “дўстлар”дан йироқ бўлишни қатъий буюрмоқда. Қуръоннинг бошқа бир ўрнида шундан кейин ҳам тафаккур қилмайдиган, ҳидоятга қайтмайдиган мусулмонлар тўғрисида гўзал тадбир, адолат йўли зикр қилинади: “Эй, мўминлар, Аллоҳга итоат қилингиз ва пайғамбарга ҳамда ўзларингиздан бўлган (яъни мусулмон) ҳокимларга бўйинсунингиз! Бордию бирон нарса ҳақида талашиб қолсангиз,— агар ҳақиқатан Аллоҳга ва охират кунига ишонсангиз — у нарсани Аллоҳга ва пайғамбарига қайтарингиз! Мана шу яхшироқ ва чиройлироқ ечимдир”(“Нисо”, 59).
Мазкур оятда Аллоҳ таоло барчани Ўзига, Расулига ҳамда ўз ораларидан чиққан бошлиқларга итоат этишни буюрмоқда. Фитна қилишга эмас. Дарҳақиқат, Қуръонда ҳар қандай муаммоли масаланинг адолатли ечими бор. Ихтилоф вақтида энг тўғри ечим фирқаланишнинг олдини олишдир. Асл тараққиёт ҳам, саодат ҳам бирдамлик, ҳурфикрлик натижасида амалга ошади. Бунинг учун ҳар бир фуқаро Аллоҳ қайтарганларидан қайтиши, буюрганларига итоат этиши ҳамда ўзларидан бўлган ишбошиларга сўзсиз бўйсиниши шарт.
Мусулмон кўр-кўрона тақлид қилмасин. У ҳар бир нарсага миллий, диний қадриятларига ҳамоҳанг ақлан ёндашсин. Ўзининг илми етарли бўлмаса, илмли, ишончли, тақводор, олимлардан сўраб билсин. Ўрганганларига амал қилсин. Хуллас, илм ўргансин, билганларига амал қилсин. Шундагина ҳидоят топади. Фитна қурбонига айланмайди. Акс ҳолда, унутмаслик керакки, Аллоҳ таолонинг унинг учун тайёрлаб қўйилган аламли азоби бор:“Ким ҳақ йўлни аниқ билганидан кейин пайғамбарга хилоф иш қилса ва мўминларнинг йўлларидан бошқа йўлга эргашиб кетса, биз уни кетганича қўйиб берамиз. Сўнгра жаҳаннамга доҳил қиламиз. Нақадар ёмон жойдир у!”(“Нисо”, 115).
Аён бўлаётирки, фитна, унга етакловчи ҳар бир хатти-ҳаракат – оғир гуноҳ. Ундан тийилиш – мусулмонларнинг бурчи. Динига, маънавиятига, халқига содиқлик эса хотиржамлик, кўнгиллар ободлиги, юрт равнақи, энг муҳими, икки дунё саодатига эришиш калитидир. Шундай экан, турли кўринишдаги ёт ғоялар таъсиридан сақланайлик, фитналардан огоҳ бўлайлик. Халқ, миллат бахти унга мансуб инсонлар бахти йиғиндисидан иборатлигини асло унутмайлик!