Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ этиш маркази (IRCICA) билан ҳамкорликдаги “Марказий Осиё – Ислом маданияти ва санъати ўчоғи” илмий лойиҳа доирасида навбатдаги онлайн семинар ўтказилди. Унда Қозоғистон Миллий кутубхонасининг нодир китоблар ва қўлёзмалар хизмати раҳбари Гулшат Абикова “Қозоғистон Республикаси Миллий кутубхонасининг шарқ тилларидаги қўлёзмалар фонди: Шаклланиши, таркиби ва ўрганилиши” мавзусида маъруза қилди.

Семинарда Марказ илмий ходимлари, IRCICA вакиллари, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси, ЎзФА Шарқшунослик институти, Ҳадис илми мактаби ўқитувчилари ва талабалари, шунингдек, Туркия ва Қозоғистондан тадқиқотчилар иштирок этди.

Маърузада асосий эътибор кутубхона фондидаги ноёб ёзма ёдгорликларнинг тарихий ва илмий мақомига қаратилди. Тақдимот давомида кутубхона фондида 13 шарқ ва 13 ғаpб тилларида 40 мингга яқин нодир китоб ва қўлёзма сақланаётгани, улар орасида Аҳмад Яссавий қаламига мансуб ЮНЕСКОнинг “Дунё хотираси” халқаро реестрига киритилган “Насабнома” (XVII аср), “Миротул қулуб” (XVI-XVII асрлар), “Девони ҳикмат” (XVIII аср) ва Сулаймон Бақирғонийнинг “Ҳикматлар” (XVI аср) тўплами алоҳида илмий ва тарихий аҳамиятга эга манбалар экани таъкидланди.

Олима, шунингдек, Алишер Навоий меросига тўхталиб, фондда буюк мутафаккирнинг 10 жанрдаги асарлари, жумладан, 5 та “Девон”, 2 та “Маҳбубул қулуб” ва 2 та “Хамса” қўлёзмалари мавжудлигини қайд этди. Айниқса, 1865 йилда Туркистонда кўчирилган “Хамса” нусхасидаги “Шайыр Науаидың шері, Науаи ақынның өлеңі” (“Шоир Навоийнинг шеъри, Оқин Навоийнинг ўлани”) деган ҳошия ёзувлари Ҳазрат ижоди қозоқ китобхонлари орасида нечоғлик машҳур ва севимли бўлганини яққол кўрсатувчи муҳим далил сифатида алоҳида эътироф этилди.
Бундан ташқари, Абулқосим Фирдавсий қаламига мансуб “Шоҳнома” асарининг Ёркент ҳокими Жаҳонхўжа топшириғи билан XVI асрда эски туркий (чиғатой) тилига қилинган, вазни 6,5 килограммдан ошадиган ноёб таржима нусхаси ҳақида қизиқарли маълумотлар берилди.

Тақдимотда манбаларни сақлаш ва тадқиқ этиш жараёнлари хусусида муҳим фикрлар билдирилди. Таъкидланганидек, “Тўплаш ва сақлаш фақат физик ҳимоядан иборат эмас; рақамлаштириш, каталоглаштириш ва чуқур илмий тавсиф бериш орқали асл нусхаларни авлодларга беталофат етказиш мумкин. Тарихий манба ё қўлёзманинг асли сақланмаса, унинг матний манбаси ҳам вақт ўтиши билан йўқолади (унутилади)”.
Анжуман якунида Марказий Осиё халқларининг ёзма мероси муштарак, яхлит-ягона мулк экани якдил таъкидланди. Тадқиқотчилар ушбу ноёб қўлёзмаларни ҳамкорликда ўрганиш, янги фондларни биргаликда каталоглаштириш ва ҳудудлараро қўлёзмашунослик алоқаларини янада тизимли ривожлантириш лозимлигини қайд этди.
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz





