Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ҳамкорлигида таълим ва тадқиқот уйғунлигини таъминлаш мақсадида талабалар учун нодир қўлёзма ва тошбосма асарларни, архив ҳужжатларини халқаро стандартларга мувофиқ сақлаш, қадимий ёзма манбаларни консервация ва реставрация қилиш бўйича махсус амалиёт дастурига старт берилди. Ушбу дастур аждодларимиздан мерос қолган бой илмий ва маънавий хазинани авайлаб-асраш, чуқур тадқиқ этиш ва келажак авлодларга беталафот етказиш, шунингдек, ёш тадқиқотчиларда ноёб манбалар билан профессионал ишлаш кўникмаларини шакллантиришга қаратилган.


Амалиёт машғулотлари давомида Академия талабалари дастлаб Марказнинг илмий-тадқиқот фаолияти, бой қўлёзмалар фонди, Ахборот-кутубхона маркази ва музей бўлими имкониятлари билан яқиндан танишди. Уларга фондда сақланаётган 1600 дан ортиқ манба, жумладан, Қуръон илми, ҳадис, фиқҳ ва 20 дан зиёд бошқа йўналишга оид қўлёзма ва тошбосма асарлар, хусусан, XIV асрга оид Замахшарийнинг “Тафсири Кашшоф” китоби каби бебаҳо ёдгорликлар ҳақида атрофлича маълумот берилди.

Амалиётчиларга қўлёзма ва тошбосма асарларни каталоглаштиришнинг асосий босқичлари, дастлабки кўрик ва идентификация, колофон ва муҳрларни тавсифлаш, манбаларнинг сақланиш ҳолатини аниқлаш каби ўта муҳим ва масъулиятли жараёнлар назарий ва амалий тарзда тушунтирилади. Дастурнинг энг муҳим босқичларидан бири сифатида манбаларни сақлашнинг халқаро стандартларига алоҳида эътибор қаратиш ҳам режалаштирилган.


Бундан ташқари, талабалар хоналардаги ҳарорат, нисбий намлик, ҳаво ва ёруғлик назорати, манбаларни зараркунандалардан муҳофаза қилиш ва минимал аралашув тамойиллари асосида консервация ва реставрация қилиш усулларини бевосита амалда синаб кўради. Шунингдек, нодир манбаларни юқори сифатли электрон форматга ўтказиш, уларнинг рақамли базасини яратиш ва шу орқали қимматли мероснинг “ўлмас” нусхаларини шакллантириш технологияларини ўрганади.
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz





