Юртимизда бўлиб ўтган “Ислом цивилизацияси: тинчлик, бағрикенглик ва маърифат йўли” I Халқаро ислом форуми доирасида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида хорижий олимлар ва илмий муассасалар раҳбарлари билан икки томонлама учрашувлар ўтказилди.

Анжуманнинг фахрий меҳмонларидан бири — Буюк Британиянинг “Ал-Фурқон” исломий мерос фонди (Al-Furqan Islamic Heritage Foundation) директори Сали Шоҳсуворий Марказга ташриф буюрди.
Ташриф доирасида Марказ директори Шовосил Зиёдов ва Сали Шоҳсуворий ўртасида расмий учрашув ва музокаралар бўлиб ўтди. Унда томонлар ўзаро илмий ҳамкорликни кенгайтириш истиқболларини муҳокама қилди.

Учрашувнинг асосий мавзуси — икки муассаса ҳамкорлигида нодир қўлёзмалар каталогини тузиш лойиҳаси бўлди. Унга кўра қўлёзмалар каталогини шакллантириш жараёни “Ал-Фурқон” фондининг бой тажрибаси ва услубияти асосида йўлга қўйилади. Икки томон олимларининг меҳнатини мувофиқлаштириш мақсадида ягона тизим (реестр) яратилади ва бу лойиҳа устида бир вақтнинг ўзида ҳам Буюк Британия, ҳам Ўзбекистон томонидан параллел равишда изчил иш олиб борилади.
Ҳамкорлик доирасида дастлаб мавжуд 1265 та қўлёзма асарни ҳамкорликда халқаро илмий мезонларга мувофиқ, дастлаб араб тилида каталог тайёрлашга келишилди. Истиқболда эса каталогни араб тилидан бошқа зарур тилларга ҳам таржима қилиш ва тарқатиш назарда тутилган.
Шунингдек, Марказ манбалар хазинасидаги 653 та қўлёзма китобни бугунги замонавий стандартларига мос равишда рақамлаштириш ишларини йўлга қўйиш белгилаб олинди.

Мазкур ташриф Марказ томонидан юртимиз ва хорижда сақланаётган бой илмий-маънавий меросни тизимли тадқиқ этиш ҳамда уларни халқаро илмий муомалага киритиш борасидаги навбатдаги муҳим қадам бўлди.

Британиянинг етакчи фонди билан йўлга қўйилаётган ҳамкорлик Мовароуннаҳр заминидан етишиб чиққан алломаларнинг қўлёзма меросини дунё миқёсида кенг тарғиб қилишга хизмат қилади.
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz





