Араб оламининг таниқли “Ас-Сиёсий” таҳлил порталида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими Тоҳир Эвадуллаевнинг «Имом Бухорий мажмуаси – Янги Ўзбекистоннинг руҳий тимсоли» деб номланган мақола эълон қилинди.
Унда муаллиф мазкур муҳташам иншоотни зиёратгоҳ, масжид, музей ва бошқа объектларни қамраган ансамбль, айни пайтда замонавий илм-фан ва маданиятлараро мулоқот маркази сифатида таҳлил қилади.
Тарихий ворисликка урғу берар экан, «Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ» асарининг ислом цивилизациясидаги ўрнига тўхталиб, мусулмон олами уни Қуръони каримдан кейинги энг ишончли манба деб билишини таъкидлайди.
Мажмуа очилишини Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг миллий меросни тиклаш йўлидаги изчил саъй-ҳаракатлари ва эзгу ташаббусларининг яна бир натижаси эканини қайд этади.
Сўнг мажмуанинг меъморий бетакрорлиги – Марказий масжид сиғими (10 минг киши), ўн тўрт гумбаз ва баландлиги 75 метр бўлган тўртта миноранинг қурилиши тафсилотларига тўхталади.
Имом Бухорий инновацион музейи фаолияти йўлга қўйилгани бунёдкорликда миллий ва халқаро андозалардан гўзал намуналар олингани, айни пайтда инновацион ёндашув ҳам устувор бўлганини намоён этишини таъкидлайди.
Муаллиф хулоса тариқасида мажмуа дунё маънавий харитасидаги янги ёрқин нуқтага айланиб, Ўзбекистонимизнинг ислом маданияти ва илмининг муҳим марказларидан бири сифатидаги халқаро нуфузини мустаҳкамлаётганини қайд этади.
Худди шу мақола Imam Bukhari Complex: A Spiritual Symbol of New Uzbekistan сарлавҳаси билан islamonweb порталида ҳам нашр этилди.
Икки портал муштарийлари материалнинг пухта ёзилгани ва мавзунинг долзарблигини юқори баҳоламоқда. Муаллифни бундай салмоқли ютуқ билан табриклаймиз!
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz





