I Халқаро ислом цивилизацияси форуми доирасида Самарқандда «Имом Бухорийнинг “Ал-Жомиъ ас-саҳиҳ” асари – уммат китоби» мавзусидаги I халқаро конференция иш бошлади.
«Hadith Hotel» мажмуасида бўлиб ўтаётган анжуман Қуръони карим тиловати ва Имом Бухорий ҳаёти ҳамда бой илмий меросига бағишланган махсус видеоролик намойиши билан бошланди. Конференцияни Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Шовосил Зиёдов олиб борди.

Очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Диний-маърифий масалалар бўйича департаменти бошлиғи Музаффар Комилов, Маккаи мукаррамадаги Масжид ал-Ҳаром бош имоми Шайх Солиҳ ибн Абдуллоҳ ибн Ҳумайд, ICESCO Бош директори Салим Малик, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов, Ислом олами уюшмаси Бош котибининг ўринбосари Абдураҳмон ибн Абдуллоҳ Зайд, Марокаш Подшоҳлиги Вақф ва ислом ишлари вазири Аҳмад Тавфиқ (онлайн тарзда), Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин Холиқназар ва Кавказ мусулмонлари идораси раиси Шайхулислом Оллоҳшукур Пошшозода Имом Бухорийнинг беқиёс илмий мероси, унинг инсоният маънавий тараққиётидаги ўрни ва ҳадис илмини ривожлантиришдаги хизматлари ҳақида фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Конференциянинг биринчи куни давомида бешта ялпи йиғилиш ташкил этилди. Уларда Имом Бухорий шахсияти ва камолотига таъсир кўрсатган омиллар, «Ал-Жомиъ ас-саҳиҳ» асарининг яратилиш тарихи, унда қўлланган юксак илмий мезонлар, ҳадисларни саралаш ва ишончлилигини аниқлаш методологияси, асарнинг жаҳон кутубхоналарида сақланаётган нодир қўлёзма нусхалари, шунингдек, турли мамлакатлар олимларининг мазкур асарни ўрганиш ва тарғиб этишга қўшган ҳиссаси атрофлича муҳокама қилинди.

Маърузаларда Имом Бухорийнинг илмий мактаби нафақат ислом илмлари, балки умуминсоний илм-фан тараққиётига ҳам беқиёс ҳисса қўшгани, «Ал-Жомиъ ас-саҳиҳ» эса асрлар давомида мусулмон уммати учун энг ишончли манбалардан бири сифатида юксак даражада эътироф этиб келинаётгани алоҳида таъкидланди. Шунингдек, буюк муҳаддис меросини замонавий илмий ёндашувлар асосида тадқиқ этиш, қўлёзма ва тошбосма нусхаларини ўрганиш, рақамлаштириш ва халқаро илмий ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари бўйича фикр алмашилди.

Ялпи йиғилишларда Саудия Арабистони, Туркия, Миср, Марокаш, Ҳиндистон, Афғонистон, Ливия, Жазоир, Тунис, Бангладеш, Индонезия, Чад, Буюк Британия ва бошқа давлатлардан ташриф буюрган таниқли уламолар, олимлар, тадқиқотчилар ва ҳадисшунослар кенг қамровли маърузалари билан қатнашди. Анжуманнинг бундай кўлами Имом Бухорий илмий меросининг бугунги кунда ҳам халқаро илмий жамоатчилик эътиборида эканини яна бир бор намоён этди.

Биринчи кун ниҳоясида иштирокчилар томонидан Якуний декларация қабул қилинди. Унда Имом Бухорий илмий меросини ўрганиш ва тарғиб этиш соҳасидаги халқаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, «Ал-Жомиъ ас-саҳиҳ» асарининг илмий аҳамиятини янада кенг тарғиб қилиш, ҳадисшунослик бўйича қўшма тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш ва йўналишдаги халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, Имом Бухорий меросини келгуси авлодларга етказиш борасидаги саъй-ҳаракатларни изчил давом эттиришга оид устувор вазифалар белгилаб олинди.
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz





