Home / ХАЛҚАРО ЯНГИЛИКЛАР / Араб олимнинг китоби эътироф этилди

Араб олимнинг китоби эътироф этилди

Ироқдаги “Аззаман” газетасининг шу йил 9 июлдаги сонида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази бўлим бошлиғи Шукрулло Умаровнинг “Маънавият ва маърифат – Янги Ўзбекистоннинг Зуҳро юлдузи” номли мақоласи чоп этилди.

Мақолада ироқлик ёзувчи, публицист, журналист ва тадқиқотчи Аҳмад Жасим Зубайдийнинг жорий йил бошида араб ва ўзбек тилларида нашр этилган “Маънавият – Янги Ўзбекистоннинг Зуҳро юлдузи: Ислом – инсонийлик, билим ва маърифат фалсафаси” номли асари ҳақида сўз юритилган.

Муаллиф Аҳмад Жасим Зубайдий бу асари орқали Янги Ўзбекистондаги маънавий ислоҳотлар, ислом цивилизацияси мероси ва мамлакатнинг халқаро маданий ташаббусларини араб ўқувчиларига таништиришга ҳаракат қилганлигини таъкидлайди. Китобда миллий давлатчилик асослари, халқнинг ички куч-қудрати ва Янги Ўзбекистонни барпо этишнинг устувор йўналишлари чуқур фалсафий, илмий ва ҳаётий тилда асослаб берилган.

Мақолада асарнинг концептуал асослари ва олдинга сурилган юксак ғоялар, жумладан, “Инсон қадри учун” ғоясининг амалий натижалари, учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш борасидаги ислоҳотлар, жамиятда адолат ва қонун устуворлигини таъминлаш юзасидан амалга оширилаётган ишларга алоҳида урғу берилгани қайд этилади.

“Асарда тарихдан сабоқ чиқариш, бугунги имкониятлардан оқилона фойдаланиш ва келажакни илм-фан асосида қуриш ғоялари яхлит тизим сифатида ташкил этилгани зикр қилинади. Унда илгари сурилган юксак ғояларни кенг жамоатчиликка, айниқса, таълим муассасаларида таҳсил олаётган ёшларимизга етказиш, уларнинг мазмун-моҳиятини чуқур англатиш ҳар бир зиёлининг, олиму тадқиқотчининг бурчидир. Аҳмад Жасим Зубайдий билан бирга мазкур асарни араб дунёсида тақдим этилганига гувоҳ бўлган шахс сифатида таъкидлаш лозимки, асарни дунё тилларига таржима қилиб, тақдимотларининг ўтказилиши янги Ўзбекистонда олиб борилаётган маънавий-маърифий ва диний соҳадаги ислоҳотларнинг халқаро майдонларда тараннум этишига хизмат қилади” деб ёзади Шукрулло Умаров.

Ироқлик Аҳмад Жасим Зубайдий узоқ йиллар араб оммавий ахборот воситаларида журналист ва таҳлилчи сифатида ишлаган. Араб ва халқаро маданий масалалар, цивилизациялар мулоқоти ҳамда маънавият мавзуларида кўплаб мақола ҳамда китоблар муаллифи ҳисобланади. Унинг Ўзбекистон тарихи ва маданияти, бугунги ислоҳотлар жараёнини ўрганиш ва дунёга кенг тарғиб этишдаги хизматлари давлатимиз раҳбари томонидан эътироф этилиб, яқинда “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирланди.

Манба: ЎзА

Check Also

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказининг Facebook ва Instagramдаги саҳифалари расмий верификациядан ўтди

#Хушхабар Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказининг ижтимоий тармоқлардаги фаолияти янги босқичга кўтарилди. Марказнинг Facebook ва …