Сўнгги икки-уч йил ичида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бошчилигида, барча соҳалар қатори диний-маърифийсоҳада ҳам улкан ислоҳотлар амалга оширилди. Муқаддас ислом динини ўрганиш, аждодлар меросини қайта тиклаш ва уларни келажак авлодларга асл ҳолича етказиш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, буюк аждодларга муносиб ворисларни тайёрлаш мақсадида диний таълим тизимини такомиллаштириш, унинг узвийлиги ва узлуксизлигини таъминлаш йўлида қатор ижобий ишлар амалга оширилмоқда.
Маълумки, Мовароуннаҳр заминидан етишиб чиққан буюк муҳаддислар Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Доримий, Абдуллоҳ ибн Муборак, Ибн Ҳиббон, Ҳайсам ибн Кулайб Шоший, Абу Бакр Аҳмад ибн Муҳаммад Барокотий, Иброҳим ибн Маъқил Насафий ва Абд ибн Ҳумайд Кешийлар томонидан ҳадис мактабларига асос солинган бўлиб, ушбу илму маърифат ва зиё масканлари ҳадис илми ривожи ҳамда дунё илм-фан тараққиётида ўчмас из қолдирган.
Президентимизнинг 2018 йил 16 апрелдаги “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги
5416-сон Фармонига асосан,ислом дини ва ҳадис илми ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк аждодларимизнинг бой меросини чуқур ўрганиш, улар томонидан асос солинган ҳадис мактаблари фаолиятини қайта тиклаш ва ривожлантириш, улар қолдирган бой илмий меросни ўрганиш, тадқиқ қилиш орқали халқимиз ва кенг жамоатчиликка етказиш ва тарғиб қилиш мақсадида Ҳадис илми мактаби ташкил этилган эди.
Давлат раҳбарининг жорий йил 11 январь куни Самарқанд вилоятига қилган ташрифи чоғида Ҳадис илми мактаби фаолиятини ташкил этишга оид берган топшириқлар ижроси бўйича бир қанча вазифалар амалга оширилди. Жумладан, 2019 йил 23 мартда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг мажлис баёни ва Ҳадис илми мактаби фаолиятини ташкил қилиш бўйича Йўл харитаси тасдиқланди.
Мазкур Йўл харитасига мувофиқ,Ҳадис илми мактаби абитуриентларини янги ўқув йилига қадар пухта тайёрлаш, энг муносиб абитуриантларни талабаликка кабул қилиш мақсадида,2019 йил 17 июндан Тошкент ислом институтида тайёрлов курси ўз фаолиятини бошлади.
Ушбу тайёрловкурсида Республикамиздаги ўрта махсус таълим муассасаларини битирган 50нафар абитуриентлар иштирок этмоқда. Тайёрлов курси дарс машғулотларига Тошкент ислом институти ва Ўзбекистон Халқаро ислом академиясининг малакали профессор-ўқитувчилари жалб этилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан Ҳадис илми мактаби абитуриантларига ётоқхона, уч маҳал иссиқ овқат ва ўқув машғулотларига ўз вақтида келиб-кетишлари учун транспорт хизмати ташкил этилди.
Манба: religions.uz