Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Дунё олимларининг диққат марказида – Мовароуннаҳрда асос солинган тариқатлар баёни

Дунё олимларининг диққат марказида – Мовароуннаҳрда асос солинган тариқатлар баёни

Аввал хабар қилинганидек, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Шовосил Зиёдов, илмий ходимлар Шукрулло Умаров ва Саъдуллохон Бобохўжаев Жазоир Халқ Демократик Республикасида илмий сафарда бўлиб турибди. Марказ олимлари Ағвот шаҳридаги Ислом илмлари ва цивилизациясини тадқиқ қилиш марказида XII Халқаро сўфийлик тароналари маданий фестивали доирасида ташкил этилган халқаро илмий симпозиумнинг расмий очилиш маросимида иштирок этди.

Қуръони карим тиловати ва Жазоир давлат мадҳияси билан бошланган тадбирда йигирмадан зиёд мамлакатдан келган таниқли исломшунос олимлар, тадқиқотчилар ва маданият арбоблари жам бўлди.

Анжуманни кириш сўзи билан очган Жазоир Ислом фанлари ва цивилизацияси тадқиқотлари маркази раҳбари доктор Аҳмад Сағир Маданият вазирлиги билан ҳамкорликда амалга оширилаётган ушбу лойиҳанинг аҳамиятига тўхталди. Сўфийлик пешволари, илму ирфон жонкуярлари ва ишқи илоҳий намояндалари бўлган Ибн Арабий, Жалолиддин Румий, Қушайрий асарлари чуқур тафаккур манбаи эканини таъкидлаб, тадбир маънавий тарбия, фалсафий мулоҳаза ва бадиий санъатни уйғунлаштирган ҳолда, турли маданият вакилларини Аллоҳ муҳаббати атрофида бирлаштиришга хизмат қилишини билдирди.

Халқаро анжуманнинг ялпи мажлисида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Шовосил Зиёдов “Ўзбекистон билан Жазоир ўртасидаги илмий ва амалий ҳамкорликнинг ривожи ва истиқболлари” мавзусида кенг қамровли маъруза қилиб, ислом цивилизацияси равнақига улкан ҳисса қўшган Имом Бухорий, Имом Термизий, Баҳоуддин Нақшбанд, Ҳаким Термизий каби мовароуннаҳрлик буюк уламоларнинг бой меросини ўрганишда Марказнинг ўрни ҳақида маълумот берди. Ағвотдаги Ислом илмлари ва цивилизацияси тадқиқот маркази билан имзоланган ҳамкорлик меморандумида кўзда тутилган тадбирлар изчил амалга оширилаётганини, жорий йилнинг апрель ойида доктор Аҳмад Сағир бошчилигидаги Жазоир делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи икки томон учун ҳам жуда манфаатли бўлганини қайд этди. Бугунги кунда Жазоирда тасаввуф таълимотидан халқни бирлаштирувчи ва юксак ахлоққа даъват этувчи кучли омил сифатида фойдаланилаётганини юқори баҳолаб, жазоирлик олимларни Бухоро, Самарқанд ва Тошкент каби тарихий шаҳарлар зиёратига таклиф этди.

Анжуманнинг илмий сессияларида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходимлари араб тилида маъруза қилди. Ш.Умаров Кубровия тариқатининг руҳий тарбия ва комил инсонни вояга етказишдаги тарихий ўрнини баён этган бўлса, С.Бобохўжаев туркий дунёда Яссавия тариқатининг ёйилиши ва унинг бугунги кундаги илмий-маърифий аҳамиятини ёритиб берди. Юқори илмий савияда ўтган очилиш маросими ва сессиялар савол-жавобларга бой бўлиб, ислом оламида сермазмун илмий мубоҳаса ва Қуръон руҳидаги маънавий мулоқотнинг ёрқин намунасига айланди.

Марказ вакилларининг илмий сафари давом этмоқда.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Имом Бухорий мероси – замонлар ва илмларни туташтирувчи робита

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида “Халқаро академик ҳадис тарихи анжуманлари” лойиҳаси доирасида “Имом Бухорийни қайта …